Ўзбекистон | 22:18 / 16.08.2021
15680
2 дақиқада ўқилади

Ҳозир ички ишлар ходимларига қаршилик учун жазони кучайтиришнинг вақти эмас — депутат

Депутат Қодир Жўраев ҳокимият вакилига қаршилик қилганлик учун жазони кучайтириш ҳақидаги қонун лойиҳасига қарши чиқди. Унинг фикрича, бундай қонунни қабул қилишдан олдин ички ишлар тизимини ўз вазифасига нолойиқ ходимлардан тозалаш керак.

Фото: “Адолат” СДП

Ўзбекистонда ички ишлар органлари ходимлари, миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва бошқа ҳокимият вакилларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатганлик ёки тўсқинлик қилганлик учун жазо кескин кучайтирилиши мумкин.

Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисмига ўзгариш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси 10 август куни ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида кўриб чиқилганди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” партияси аъзоси Қодир Жўраев ушбу қонун лойиҳаси юзасидан хавотир билдирди.

“Тўғри, қонун лойиҳаси албатта керак. Чунки бошқа хорижий мамлакатлар тажрибасида ҳам ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик учун жавобгарлик анча юқори. Аммо, умуман олиб қараганда, республикамизда ички ишлар органи ходимлари хатти-ҳаракатидан келиб чиқсак, бу лойиҳани қабул қилиш бироз эрта деб ўйлайман.

Тўғри, ижобий ишлар ҳам олиб борилмоқда. Лекин, бугунги кунда ички ишлар тизимидаги ислоҳотлар ўз ниҳоясига етмаган. Барчангизга маълум, ижтимоий тармоқлар орқали ички ишлар ходимларининг хатти-ҳаракати билан боғлиқ салбий ҳолатларни кузатиб боряпмиз. Жумладан, алоқа воситалари орқали берилган буйруқ асосида қонун бузилишларини айтасизми, Навоий ва Тошкент вилоятидаги воқеаларни оласизми, “Спарк” машинасидан чиққан техника тузатиш эҳтиёт қисмини (отверка) совуқ қурол деб баҳоланиши бу тизимдаги муайян камчилик ва муаммолардан далолатдир.

Бундай ҳолатда мазкур қонунни қабул қилиш бу тескари натижаларни бериши мумкин. Аввало ички ишлар тизимига адашиб келиб қолган ва ўз вазифасига нолойиқ ходимлардан тозалагандан кейин қабул қилсак, мақсадга мувофиқ бўларди”, – деди Қодир Жўраев партия фракциясининг 10 августдаги йиғилишида.

Мавзуга оид