Жаҳон | 13:41 / 11.07.2020
18126
4 дақиқада ўқилади

ОАВ: Қирғизистонда коронавирусга қарши кураш воситалари бозор нархидан каррасига қимматга сотиб олинмоқда

Қирғизистоннинг «ПолитКлиника» нашри суриштирув ўтказиб, ҳукуматнинг тиббий ниқоблар ва шахсий ҳимоя воситаларини давлат тендери орқали бозор қийматидан бир неча баробар қиммат нархда сотиб олганини аниқлади.

Фото: april.kg

Kaktus.media нашри қирғиз тилида эълон қилинган мақолани рус тилида тақдим этди.

Ҳимоя костюмлари, ниқоблар, ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратлари пандемия даврида жуда керакли ва танқис товарга айланди. Бироқ Қирғизистон давлат идоралари уларни бозор қийматидан юқори нархларда сотиб олмоқда.

Ҳукумат маълумотларига кўра, Жаҳон банки Қирғизистонга 60,5 млн доллар миқдорида кредит ажртган, улардан 6 млн доллари коронавирус пандемияси билан боғлиқ тиббий воситалар ва ускунларни сотиб олиш учун сарфланган. Осиё тараққиёт банки эса мамлакатга 41 млн доллар миқдорида грант ва 94 млн доллар миқдорида кредит ажратган. Улардан 20 млн доллари коронавирус пандемияси билан курашга сарфланган.

Умумий ҳисобда халқаро молия ташкилотлари томонидан Қирғизистонга ажратилган грант миқдори 165,8 млн долларни, кредитлар эса 461,5 млн долларни ташкил қилади.

«ПолитКлиника» нашри 2020 йилнинг январь – май ойларида ўтказилган давлат харидларини таҳлил қилиб, коррупция эҳтимоли бўлган ҳолатларга эътибор қаратади.

Жумладан, давлат харидлари жараёнида 443та манфаатдор ташкилот иштирок этган. Тендерларда қатнашган компанияларнинг 34 фоизи соғлиқни сақлаш соҳасига алоқадор бўлмаган субъектлардир. Мисол учун, «Ахмад строй» қурилиш компанияси респиратор-ниқобларнинг лотини ютиб олган. «Горизонт Тур» туризм компанияси дезинфекция ва шахсий ҳимоя воситаларини сотиб олиш тендерида ғолиб бўлган. «Event M» кўнгилочар тадбирларни ўтказиш компанияси эса ниқоблар тендерида ютиб чиққан.

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ бўлган тендерларни 234та давлат идораси ўтказган бўлса, улардан энг кўпи Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Миллий госпиталь ҳисобига тўғри келмоқда – 21,3 млн сом (273 минг доллар).

Давлат харидлари департаменти сайтидаги маълумотлар таҳлил қилинганида, баъзи товарларнинг харид қиймати бозор нархларидан 10 баробар юқори экани аниқланган.

Мисол учун, шахсий ҳимоя воситаларинининг 500та комплекти 3 млн сомга сотиб олинган. Яъни ҳар бир комплект учун 6 минг сом сарфланган. Бошқа бир лотда эса худди шу воситалар 2,5 минг сомга сотиб олинган. Аммо Бишкек шаҳри бозорларидаги нархлар билан таққосланганда, шахсий ҳимоя воситалари комплектининг нархи 2 минг сом атрофида экани маълум бўлади.

FFP3 респиратор ниқобларининг ҳар бирига 300-400 сом атрофида маблағ сарфланган. Бозорда эса уларнинг қиймати 30-150 сом экани таъкидланмоқда. Бир марта ишлатиладиган уч қаватли оддий ниқобларнинг ҳар бири 25 сомга сотиб олинган. Бозорда эса уларни 10 сомга сотиб олиш мумкин.

Ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратларининг ҳар бирига 2,5 млн сом сарфланган. Қирғизистондаги интернет дўконларида эса бундай аппаратларни 1 млн сомга сотиб олиш мумкин.

«ПолитКлиника» нашри тендерларда ғолиб чиққан баъзи компаниялар таниқли сиёсатчилар ва давлат мулозимларига алоқадорлигини таъкидламоқда.

Жумладан, «Фаворит-Сервис» компанияси 28та тендердан 11тасида ғолиб чиққан. Унинг раҳбари «Биримдик» партияси таъсисчиларидан бири Индира Садикова ҳисобланади.

«Фарватер» компанияси раҳбари Жанторо Турдубаев эса «Тоготой» дўстлик ҳамжамияти таъсисчиларидан биридир. Таъсисчилар ичида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Жакипбек Байимбетов ҳам борлиги таъкидланмоқда.

Мавзуга оид