Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Гвардиолада тўпурар ҳимоячилар, «Барса» рақибларга даҳшат солмоқда. Кун ўйинлари
Якшанба куни Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Англия: марказий ўйинда кутилмаган қаҳрамон
«Ливерпул» — «Челси» 2:1
Голлар: Салоҳ (29, пеналти), Жонс (51) — Жексон (48).
«Ливерпул» – Келлеҳер, Робертсон, ван Дейк, Конате, Александер-Арнолд (Гомес, 81), Жонс (Мак Аллистер, 81), Гравенберҳ, Гакпо (Диас, 66), Собослаи, Салоҳ, Жота (Нунес, 30).
«Челси» – Санчес, Гюсто, Колуилл, Адарабиойо (Бадиашил, 53), Жеймс (Вейга, 53), Лавия (Фернандес, 53), Кайседо, Палмер, Санчо (Нету, 46), Мадуэке (Нкунку, 76), Жексон.
Огоҳлантиришлар: Адарабиойо (6), Слот (26), Жексон (28), Собослаи (45+8), Нунес (69), Вейга (78), Конате (80), Мак Аллистер (90+2).
«Ливерпул» ва «Челси» бу мавсумда кутилганидан юқорироқ даража намойиш этмоқда. Лондонликлар икки йиллик пасайишдан кейин яна Чемпионлар лигасига даъвогар, мерсисайдликларга Юрген Клопп кетиши таъсир кўрсатмаган. 8-турда бу жамоалардан камида биттаси очко йўқотиши муқаррар эди. Бу клуб эса дисквалификация туфайли Фофана ва Кукурелянинг хизматларидан фойдалана олмаган «Челси» бўлди.
Ўйин «Ливерпул» учун қулай тарзда бошланди. «Челси» ҳужумкор ўйинини намойиш этишга уринди ва майдоннинг ўз дарвозаси жойлашган томонида катта бўшлиқлар қолдирди. Натижада мезбонлар мунтазам равишда бир-икки пас билан майдон марказини кесиб ўта бошлади. «Ливерпул» футболчилари ҳар сафар янада тезроқ ҳаракатланишди. Ҳужумлардан бирида «Челси» дарвозабони жонига рикошет ора кирди.

Олтинчи дақиқада «Ливерпул» футболчилари ҳужумни тўхтатган Адарабиойони сўнгги умид фолини ишлатишда айблаб, унга қизил карточка кўрсатишни талаб қилишди. Ҳакам эса «Арсенал»нинг бир кун олдинги ўйинида Салиба билан бўлган вазиятдан фарқли ўлароқ, бу ерда бошқа ҳимоячилар яқинроқ бўлгани ва тўп олдинга эмас, қанот томон кетганини кўрсатиб, мезбонлар футболчиси яккама-якка вазиятга чиқиб кетиши эҳтимоли кам бўлган деб топди ва сариқ карточка кўрсатиш билан кифояланди.
Бундан ташқари, «Ливерпул» биринчи бўлимда тўрт марта пеналти талаб қилди. Биринчи ҳолатда бу чиндан ҳам фол бўлиб кўринмаганди, чунки тўп ҳимоячининг пастга туширилган қўлига келиб тегди. Иккинчи эпизодда Колвилл ва Салоҳ ўртасида кескинроқ яккакураш кечди. Агар бош ҳакам пеналти қўйганида, VAR аралашиши даргумон эди. Учинчи ҳолатда Колвиллнинг Жонсга ишлатган фолидан кейин арбитр 11 метрлик нуқтани кўрсатди ва Салоҳ зарбани ишончли ижро этди.
Бўлим охирида эса ҳакам «Ливерпул» фойдасига иккинчи бор пеналти белгилади. Аммо видеотакрор «Челси» дарвозабони Жонсга қўполлик қилмагани ва тўпга ўйнаганини кўрсатди. VAR бош ҳакамни мониторга чақирди ва у эпизодни қайта кўриб чиқиб, қарорини бекор қилди.

«Челси» ҳам биринчи бўлимда қатор ҳужумлар уюштирди, Палмер иккита имкониятни қўлдан чиқарди. «Ливерпул» 30-дақиқадаёқ Жота жароҳат олиб майдонни тарк этганига қарамай, устунлик қилишда давом этди.
Иккинчи бўлим «Челси»нинг Николас Жексон ижросидаги голи билан бошланди. Аввалига гол офсайд туфайли ҳисобга олинмаганди, аммо бу ерда ҳам меҳмонларга VAR ёрдамга келди. Видеотакрордан кейин форвард офсайдга яқин бўлган бўлса-да, Конатенинг оёғи ундан олдинроқда қолиб кетгани маълум бўлди.

«Ливерпул» эса уч дақиқа ўтиб ҳисобдаги устунликни ўзига қайтарди. «Челси» ҳимоячиларидан ҳеч бири Жонсни қўриқламади, у жарима майдони ичига ёриб кириб, тўпни қабул қилди ва уни дарвозабоннинг қўли остидан ўтказди.
«Челси» 53-дақиқага келиб барча алмаштиришларни амалга ошириб бўлди. Санчо, Адарабиойо, Жеймс ва Лавия ўрнига Нету, Бадяшил, Фернандес ва Вейга туширилди. Ўйин бироз тинчланди – икки дарвоза қаршисида ҳам хавфли вазиятлар камайди, майдон марказидаги яккакурашлар ортди.
«Челси»нинг ҳужумлари огоҳлантиришлар эвазига тўхтатилди. Конате ҳам, захирадан ўйинга қўшилган Мак Аллистер ҳам шундай қилишди. Икки жамоа футболчилари жами 7 та сариқ карточка олишди, 90 дақиқа давомида дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар сони ҳам шунча чиқди.
Ҳакам асосий вақтга етти дақиқа қўшиб берди, аммо «Ливерпул» ғалабали ҳисобни сақлаб қолди. Арне Слот шогирдлари турнир жадвалида биринчи ўринга қайтишди». «Челси» эса «Брайтон»ни олдинга ўтказиб юбориб, олтинчи ўринга тушди.
Мерсисайдликлар кейинги ўйинни «Арсенал»га қарши сафарда ўтказишади. Мареска шогирдларини эса қийин оралиқ кутмоқда — лондонликлар навбатма-навбат «Нюкасл», «МЮ» ва «Арсенал»га қарши ўйнайди.
«Вулверҳэмптон» — «Манчестер Сити» 1:2
Голлар: Ларсен (8) — Гвардиол (33), Стоунз (90+5).
«Вулверҳэмптон» – Са, Гомеш, Доусон, Буэно, Аит-Нури, Семеду, Лемина, Андре (Дойл, 46), Гомес (Беллгард, 90), Куня (Боржеш, 67), Ларсен (Гедеш, 80).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Гвардиол, Диаш, Стоунз, Люис, Ковачич (Нунеш, 86), Силва, Гундўған, Доку (Фоден, 66), Савио (Грилиш, 73), Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: Гомеш (14), Семеду (20), Савио (39), Гомес (63), Сарабия (90+8).
Бу мавсумда «Манчестер Сити» ҳимоячилари ўз вазифаларини намунадагидек бажара олишмаяпти, жамоа мавсум стартидаги 7 ўйиндан 6 тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлай олмаганди. Ўртамиёна даражадаги навбатдаги рақибдан ҳам тезкор гол ўтказиб юборилди. «Бўрилар» амалдаги чемпионлар прессингинидан ажойиб чиқиб кетди, Люис эса Странд-Ларсенни қўриқлай олмади, у Нелсон Семедунинг қанотдан узатмасини осонлик билан голга айлантирди. Кейинги қарши ҳужумда эса португалиялик футболчининг ўзи дарвозабон билан яккама-якка вазиятда пайдо бўлди, аммо Эдерсон бу дуэлда устун келди.
Гвардиол эса бор маҳоратини ишга солишига тўғри келди. Бунгача ўйин давомида бир неча бор жамоасини қутқарган Жозе Са хорватиялик ҳимоячининг узоқдан йўллаган кучли зарбасидан кейин тўпга бармоқлари учи билан тегишга улгурди, аммо тўп олис «тўққизлик»ка бориб тушишига тўсқинлик қила олмади, Гвардиол эса АПЛда 2024 йилнинг энг яхши тўпурар ҳимоячисига айланиб олди. Қўшимча дақиқаларда эса меҳмонларнинг бошқа бир ҳимоячиси Стоунс бурчакдан узатилган тўпга барчадан баланд сакраб, яна бир бор жамоасига ғалаба келтирувчи голни урди.

Испания: Симеоне ўғлидан мамнун
«Атлетико» — «Леганес» 3:1
Голлар: Сёрлот (69, 90+10), Гризманн (81) — Ноупа (34).
«Атлетико» – Облак, Галан, Лангле (Хименес, 64), Витцел, Молина (Лино, 46), Коке (Де Паул, 57), Гризманн, Рикелме (Симеоне, 57), Барриос, Сёрлот, Корреа (Алварес, 57).
«Леганес» – Дмитрович, Хави (Энрик Франкеса, 83), Настасич, Серхио Гонсалес, Розе, Раба (Лопес, 68), Сиссе (Диего Гарсия, 83), Тапия, Неу, Хуан Крус (Мунир, 68), де ла Фуэнте (Аллер, 77).
Огоҳлантиришлар: Лангле (30), Галан (73), Сиссе (80), Гризманн (89), Симеоне (90+2), Де Паул (90+8).
«Атлетико»га миллий жамоалар ўйинлари таъсир кўрсатмагани аниқ. Мадридликлар танаффус арафасида Чемпионлар лигасида «Бенфика»дан шармандали ҳисобда мағлуб бўлган (0:4) ва ички чемпионатда «Реал Сосиедад» билан ўйинда ғалабани қўлдан чиқарганди (1:1). «Леганес» билан ҳам барчаси силлиқ кечмади. Сегундадан чиқиб келган жамоа ўз тарихида илк бор «матрасчилар» майдонида гол урди ва ҳисобдаги устунликни анчагача ўзида ушлаб турди. Фақат қизил-оқлар билан ўйинда ҳисобни сақлаш учун ўйнаш ўзини оқламайди, чунки ла лиганинг бу мавсумида бошқа бирор жамоа охирги ўн беш дақиқаликда улардан кўра кўпроқ гол (7) ура олмаган.
«Атлетико» эса ўйиннинг ўзи учун омадли кечадиган охирги қисмини кутмасдан ҳисобни тенглаштирди. Серлот ниҳоят пойтахт жамоаси сафида илк уй голини урди, у Витселнинг пасидан кейин тўпни товони билан дарвоза тўрига киритиб юборди. Ва айнан у ўйинга қўшиб берилган дақиқалар якунида меҳмонларни узил-кесил таслим қилди. Норвегиялик ҳужумчи 2024 йил бошидан буён урган голлари сони бўйича ла лигада фақат Левандовскидан ортда (21 га қарши 19). Ўйиндаги ғалаба голи урилган комбинация эса Диего Симеонеда ўзгача ҳиссиётлар уйғотгани аниқ, бу ҳужум давомида бош мураббийнинг ўғли Жулиано ён чизиққа бораётган тўпга жон ҳолатда ташланиб етиб борди ва уни Гризманнга узатди.
«Барселона» — «Севиля» 5:1
Голлар: Левандовски (24 пеналти, 39), Педри (28), Торре (82, 88) — Идумбо (87).
«Барселона» – Пеня, Балде, Мартинес, Кубарси, Кунде, Педри (Гави, 83), Касадо, Фати (Мартин, 76), Рафиня (Лопес, 66), Ямал (Торре, 76), Левандовски (Виктор, 66).
«Севиля» – Нюланд, Педроса (Монтиэл, 81), Маркао Тейшейра, Баде, Кармона, Гудел, Агуме (Идумбо-Музамбо, 70), Эжуке (Локонга, 45+1), Пеке (Сусо, 46), Лукебакио, Ромеро.
Огоҳлантиришлар: Педроса (45+4), Фати (74), Соу (85).
«Севиля» «Барселона» ҳужумларини катта қийинчиликсиз қайтариб турганди, аммо Пеке Рафиняга ишлатган аҳмоқона фол барчасини ўзгартириб юборди. Левандовски пеналтини ўз одатига кўра ижро этди, яна тўрт дақиқа ўтиб майдон марказида тўп олиб қўйилгач, бошланган тезкор қарши ҳужумда Педри жарима майдони ташқарисида тўпга биринчи тегинишида тўсин остига қайтариб бўлмас зарба йўллади.
Танаффус арафасида эса Левандовски яна бир голи билан интригага буткул барҳам берди. Поляк ҳужумчиси икки зарбаси билан «кучли бешлик»даги тўпурарлар пойгасида олдинга чиқиб кетди. У аввалига Герд Мюллер билан тенглашди. Кейин — Жимми Гривз билан. Энди у 366 та аниқ зарбаси билан учинчи ўринда жойлашган. Ундан олдинда фақат Месси (496) ва Криштиану Роналду (495) бор.
Учта гол фарқидан кейин олдинда ЕЧЛ доирасида «Бавария»га қарши ва ички чемпионатда «Реал» билан класико ўйини борлигини назарда тутган ҳолда бош мураббий етакчиларга дам беришга қарор қилди. Лекин захирадан тушган Пабло Торре ҳам дубл қайд этди. Унинг аниқ зарбаларидан кейин жамоанинг мавсум бошидаги 9 турда урган голлари сони 31 тага етди, бу «Барса»да 2012 йилдан буён энг сермаҳсул старт. Йирик ғалабадан кейин «Реал» билан орадаги уч очколик фарқ сақлаб қолинди.

Ўйиндаги муҳим воқеа эса – Гави оғир жароҳатдан 349 кун ўтиб яна майдонга қайтиши бўлди. 83-дақиқада уни мухлислар ҳам, футболчилар ҳам олқишлар билан қарши олишди. Гави сардорлик боғичини қабул қилиб олди ва одатини канда қилмасдан биринчи ҳаракатидаёқ фол ишлатди.
Ҳанси Фликда таркиб бўйича имкониятлар кенгаймоқда, бундан аввалроқ август ойидан буён жароҳатини даволаган Фермин Лопес сафга қайтганди, шунингдек, Дани Олмо ҳам жароҳатидан кейин илк бор ўйин қайдномасига киритилди.

Италия: Лаутаро тарихга кирмоқда
«Эмполи» — «Наполи» 0:1
Гол: Кварацхелия (63, пеналти).
«Эмполи» – Васкес, Вити, Исмайли, Гогличидзе (Ҳендерсон, 79), Грасси (Солбаккен, 72), Анжорин (Хаас, 78), Фаццини (Эконг, 78), Пеццелла, Гяси, Эспозито, Коломбо (Конате, 86).
«Наполи» – Каприле, Спинаццола (Оливера, 59), Буонжорно, Рраҳмани, Ди Лоренцо, Мактоминей, Гилмур, Замбо-Ангисса, Кварацхелия (Нерес, 76), Лукаку (Симеоне, 59), Политано (Маццокки, 87).
Огоҳлантиришлар: Грасси (33), Замбо-Ангисса (37), Ди Лоренцо (76).
«Эмполи» билан осон кечмаган учрашувдаги ғалаба Антонио Конте жамоасига яккапешқадамликни сақлаб қолишга имкон берди, ўйиндаги ҳал қилувчи палла эса Политано рақиб жарима майдони ичида йиқилиши бўлди. Арбитр «нуқта»ни кўрсатди ва Кварацхелия пеналтини аниқ ижро этди. Ўтган мавсумда Хвичада бу борада хатоликлар кузатилганди, бу сафар эса у ўз вақтида пауза қилиб, дарвозабонни алдади ва совуққонлик билан майдон марказига кучли зарба йўллади. Қайд этиш керакки, йил бошидан буён А серияда фақат икки футболчи камида 10 гол урган ва шу билан бирга камида бешта голга узатма берган. Якшанба куни гуржистонлик вингер шу иккинчи футболчига айланди, фақат миланлик Пулишичнинг статистикаси уникидан яхшироқ (11+7).
«Рома» — «Интер» 0:1
Гол: Мартинес (60).
«Рома» – Свилар, Анхелино (Эрмосо, 79), Ндика, Манчини, Пеллегрини, Дибала (Суле, 79), Челик, Залевски (Балданзи, 72), Кристанте (Ле Фе, 79), Коне (Пизилли, 53), Довбик.
«Интер» – Зоммер, Бастони (Биссек, 71), Ачерби (де Врей, 27), Павар, Димарко, Дармиан (Думфрис, 71), Мхитарян, Чалхонўғли (Фраттези, 12), Барелла, Мартинес (Корреа, 72), Тюрам.
Огоҳлантиришлар: Барелла (48), Кристанте (49), Пизилли (62), Дармиан (68), Корреа (78).
Бу турда Италиянинг етакчи клублари мухлисларини сермаҳсуллик билан хурсанд қила олишмади. «Милан», «Ювентус» ва «Наполи» биттадан гол уришди, туринликлар голи рақиб футболчиси автоголи сифатида ёзилган. «Рома» билан ўйинда «Интер» ҳам бу анъанани давом эттирди. «Нерадзуррилар»да таркиб бўйича жиддий муаммолар юзага келди, биринчи бўлим ўрталарида Симоне Индзаги жароҳат туфайли икки муҳим футболчиси — Ҳоқон Чалхонўғли ва Ачербини алмаштиришга мажбур бўлди.
Аммо амалдаги чемпионлар қийин вазиятдан чиқиб кетишди ва рақибни хато қилишга мажбурлаб, бундан фойдаланишди. Кутилганидан барвақт майдонга чиққан Фраттези тўпни Залевскидан олиб кетди, «бўрилар» ҳимоячилари тўпни жарима майдонидан узоқлаштира олишмади ва Лаутаро Мартинес кучли зарба билан тўпни тўсин остидан киритди. Бу аргентиналик ҳужумчи учун қора-кўк либосдаги 133-гол бўлди ва у энди Иштван Нерш билан биргаликда «Интер» тарихидаги энг яхши хорижлик тўпурар бўлиб турибди.

Франция: Де Дзерби — Биелса каби
«Монпеле» — «Марсел» 0:5
Голлар: Ваи (1), Ҳарит (36), Ҳёйберг (40), Гринвуд (58), Луис Энрике (73).
«Монпеле» – Лекомт, Силла (Минкарелли, 56), Омерагич (Жодич, 55), Сако (Тшато, 86), Туре, Нжингула, Шотар (Ферри, 39), Кулибали (Ҳазри, 85), Савание, Норден, Адамс.
«Марсел» – Рулли, Гарсия (Ронже, 79), Корнелиус, Балерди, Лирола (Мурилло, 60), Рабио, Ҳёйберг, Ҳарит (Стернал, 79), Роу (Луис Энрике, 60), Гринвуд, Ваи (Коне, 70).
Огоҳлантиришлар: Корнелиус (19), Нжингула (27), Роу (51), Стернал (90).
Четлатиш: Жодич (64).
Икки ҳафталик танаффусдан олдин «Марсел» темпни пасайтириб, «Страсбур»га ютқазган (0:1) ва бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилганига қарамай, ўз уйида «Анже» билан дуранг ўйнаганди (1:1). Аммо якшанба куни Роберто Де Дзерби жамоаси яна юқори формага қайтди ва «Монпеле» раҳбарлигида 200-ўйинини ўтказган Мишел Дер Закаряннинг юбилейини расво қилди. 38-сониядаёқ Ваи собиқ жамоадошларини ранжитди.
Провансалликлар учинчи ўринда ва пешқадамлар «ПСЖ» ва «Монако»дан фақат уч очкога ортда бормоқда, энди барча Марсело Биелсанинг «Велодром»даги фаолияти билан параллеллар ўтказмоқда. Ўн йил муқаддам ҳам «Марсел» 8 тур якунларига кўра шундай самарадорлик (21 гол) кўрсатганди. Аргентиналик мутахассис бошқаруви давридан буён жамоа сафар ўйинларида бундай йирик ҳисобда ғалаба қозонмаганди.

Кун статистикаси
0:4 — «Гавр»нинг лига 1 ўйинларида 1988 йилдан буён энг йирик мағлубияти. Бу жамоани тор-мор келтирган «Лион» икки мавсумдан буён илк бор турнир жадвалида урилган ва ўтказилган голлар нисбати бўйича ижобий фарққа эришди.
«Фиорентина» 1966 йил октябридан буён илк бор А серияда сафар ўйинларида 6 гол урди.
Италиялик ҳужумчи Ретеги «Аталанта» сафидаги тўққиз ўйинда 8 гол урди. Бергамоликлар клуби тарихида фақат 1949 йилда Карл-Аге Ҳансен бундан яхшироқ дебют қилган (9 гол).
«Фиорентина» яримҳимоячиси Каталди А сериядаги ўн голидан 8 тасини жарима майдони ташқарисидан урган. Opta компанияси бундай маълумотларни ҳисоблашни бошлаганидан буён (2004/05 йиллар мавсуми) узоқдан йўлланган зарбалар улуши фақат Гекхан Инлерда юқорироқ бўлган (93 фоиз).
«Ливерпул» мавсум стартидаги ўн бир ўйиндан 10 тасида ғалаба қозонди. Қизиллар бошқарувида Арне Слотгача фақат Кенни Далглиш бундай натижа билан мақтана оларди (1990/91 йиллар мавсуми). Бутун АПЛ бўйича эса фақат Хосеп Гвардиола икки рақамда ифодаланадиган ғалабага ундан тез эришган (10 ўйинда 10 ғалаба).
«Ливерпул» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ АПЛнинг 34 ўйинида ҳам гол, ҳам голли узатма муаллифи бўлган. Бу кўрсаткич бўйича мисрлик футболчи фақат Рунидан ортда (36).
«Аталанта» яримҳимоячиси Пашалич А серияда 50-голини уриб, Перишичдан ўзиб кетди ва турнир тарихидаги энг самарали хорватияликка айланди.
Александр Ляказетт «Лион» сардори сифатида 65 гол уриб, бу борада бразилиялик Сонни Андерсон аср бошида қайд этган кўрсаткични янгилади.
«Вилярреал» яримҳимоячиси Дани Парехо ла лигадаги 500-ўйинини ўтказди.
Мавзуга оид
12:00 / 08.01.2026
«Сити»да ғалабасиз серия, «Барса» жавобсиз 5 та гол урди. Кун ўйинлари
13:35 / 05.01.2026
«Сити» ва «Ливерпул» яна очко йўқотди, «Реал»да янги юлдуз порлади
11:38 / 31.12.2025
«Арсенал» таъқибчисига 4 та гол урди, «МЮ» аутсайдерни енголмади
11:59 / 28.12.2025