«Арсенал» – «Астон Вилла» 4:1
Голлар: Габриэл 48, Субименди 52, Троссар 69, Жезус 78 – Уоткинс 90+4
«Арсенал»: Райя, Тимбер (Уайт, 83), Салиба, Инкапие, Габриэл Магаляйнс (Люис-Скелли, 77), Субименди, Мерино (Норгар, 73), Эдегор, Сака (Мадуэке, 83), Троссар, Гокереш (Жезус, 77)
«Астон Вилла»: Мартинес, Богар, Конса, Линделёф, Дин, Онана (Макгинн, 46), Тилеманс (Ҳеммингс, 82), Санчо (Мален, 61), Рожерс, Буэндия (Гарсия, 61), Уоткинс
Огоҳлантиришлар: Мерино 45+1, Жезус 80 – Рожерс 45+2

«Астон Вилла» барча турнирлар доирасида 11 ғалабага эришган ва рекорд арафасида турганди. Клубнинг 151 йиллик тарихида 12 ғалабадан иборат серия ҳеч қачон бўлмаганди. Лекин Унаи шогирдлари бу натижага эриша олмади.

Ўйин старти «Арсенал» учун у қадар яхши бошланмади. Ўйиндан олдин меҳмонлар Кэш ва Камара дисквалификацияга учрагани туфайли қийналиши тахмин қилинганди. Аммо ўйиндан олдин мезбонлар сафида ҳам Райс жароҳат туфайли сафдан чиққани маълум бўлди. Ўтган турда ҳам лондонликлар марказдаги асосий футболчисисиз ҳаракат қилишганди (ўшанда «Брайтон»га қарши ўйинда у ўнг қанот ҳимоячиси позициясига ўтказилганди), аммо «Вилла» билан ўйинда унинг марказдаги ўрни яққол билинди.

Тўпни дарвозадан ерлатиб марказ орқали ўйнаш Йокереш осонлик билан тўп йўқотиши ва рақибнинг хавфли қарши ҳужумига олиб келди. Кўп ўтмай Уоткинс навбатдаги қарши ҳужумда жуда яхши позицияда туриб яқин бурчакни аниқ нишонга ололмади. Бу биринчи бўлимдаги асосий ҳайлайт бўлиб қолди.

Ўйиндаги энг муҳим воқеалар эса иккинчи бўлимда рўй берди. «Арсенал» футболчилари танаффусдан бошқача кайфиятда қайтишди ва ўз сўзларини айтишди. Барчаси яна бурчак зарбасидан бошланди. Бу аллақачон анъанага айланиб қолди, жароҳатдан кейин илк бор стартда тушган Габриэл бурчак зарбасидан кейин тўп учун курашда Эмилиано Мартинесдан устун келиб, ҳисобни очди.

Шундан кейин «Арсенал» ўзини жуда эркин ҳис қила бошлади. Бир неча дақиқа ўтиб Эдегор Субимендини яккама-якка вазиятга чиқарди ва ҳисобдаги фарқ иккитага ошди. Кейин эса Троссар учинчи голни уриб, ўйин масаласини амалда ҳал қилди. Белгиялик футболчи сўнгги вақтларда ажойиб спорт формасини намойиш этмоқда ва Йокереш билан биргаликда жамоасининг энг яхши тўпурари (5 тадан) бўлиб турибди.

Ўйин тақдири ҳал бўлганидан кейин майдонга тушган Жезус эса амалда тўпга илк тегинишидаёқ дарвозани ишғол этди – қарийб бир йил сафда бўлмаган футболчи учун бу муҳим гол бўлди.