Жаҳон | 16:44 / 18.08.2025
12121
3 дақиқада ўқилади

Россия дронлари яна Озарбойжоннинг Одессадаги нефт базасига ҳужум қилди

Ўн кун аввал ҳам у ерга дронлар ҳужуми қайд этилган, бунга жавобан Илҳом Алиев Украинага ёрдам ажратганди.

Фото: Telegram / @V_Zelenskiy_official

18 августга ўтар кечаси Россия дронлари Одесса областига ҳужум уюштирди, натижада ёқилғи-энергетика инфратузилмаси объектида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати хабар берди.

Тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. ФВВ хабарида айнан қайси объектга зарба берилганига аниқлик киритилмаган.

Кўп ўтмай, Minval нашри Россия дронлари Озарбойжоннинг Одесса областидаги SOCAR нефт базасига ҳужум қилгани ҳақида хабар берди.

«Бу тўғридан тўғри зарбалар серияси бўлиб, оқибатда ёнғин юз берди. Барча резервуарлар, насос станцияси биноси, оператор ва тарози хоналари, техник хоналарга шикаст етган, панжара вайрон бўлган», – дейилади Озарбойжон нашри хабарида.

Россия дронлари Озарбойжоннинг Одесса областидаги нефт базасига ҳужум қилгани ҳақида 18 август куни эрталаб «Два майора» Z-канали ҳам ёзди.

Украина президенти Володимир Зеленский эса Россия қўшини Озарбайжон компаниясига тегишли энергетика объектига «онгли равишда зарба» берганини таъкидлади. «Бу муносабатларимизга ва энергетика мустақиллигига зарбадир», – деди у.

Украина июл ойи охирида Озарбойжон газини Европага сотиб олиш бўйича биринчи шартнома имзолангани ҳақида хабар берган. Шартнома SOCAR компанияси билан тузилган.

Бу Россиянинг Озарбойжон компаниясининг Украинадаги нефт базасига биринчи бор зарба бериши эмас. Россия дронлари 8 августга ўтар кечаси Одесса областидаги SOCAR нефт базасига ҳужум қилган, зарба натижасида тўрт нафар ходим жароҳат олганди. Дизел ёқилғиси қувури шикастлангани хабар қилинган. Орадан икки кун ўтиб, Зеленский Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди. Улар Россиянинг нефт базасига «мақсадли авиазарбалари»ни қоралади.

Бундан ташқари, 6 август куни Украина энергетика вазирлиги Россия қуролли кучлари Одессадаги Озарбойжон газини Украина ва Европага ҳайдаш йўналиши ўтадиган компрессор станциясига зарба бергани ҳақида хабар берганди.

Бу воқеалардан кейин Илҳом Алиев Украинага гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 2 млн доллар ажратди. Бу маблағ Озарбойжонда ишлаб чиқарилган электр ускуналарини сотиб олиш ва Украинага жўнатишга сарфланади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид