Ўзбекистон | 19:29 / 11.10.2019
19703
3 дақиқада ўқилади

Комил Алламжонов: «25 йиллик цензурадан қутулган ўзбек матбуоти ҳаммани эсанкиратиб қўйди»

Сўнгги 2-3 йилда танқидга ўрганмаган айрим амалдорлар томонидан ОАВга тазйиқлар бўлгани тан олинди.

«Ўзбекистонда қарийб 25 йил давомида амалда ёпиқ ва кучли цензурадан озодликка чиққан матбуот барчани эсанкиратиб қўйди. Аввалига журналистлар тажрибасизликдан қийналган бўлса, давлат ва ҳокимият органлари улар томонидан кўрсатилган аччиқ ҳақиқатни ҳазм қила олмади».

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов жума куни Самарқандда бўлиб ўтган матбуот эркинлиги мавзусидаги халқаро давра суҳбатида шундай фикр билдирди.

Алламжонов ЕХҲТнинг ўндан ортиқ делегатлари иштирок этган конференцияни очиб бериш учун сўзга чиқиб, ўзбек матбуотидаги сўнгги 2-3 йилда рўй берган ўзгаришларга диққат қаратди.

«Танқидга ўрганмаган айрим амалдорлар томонидан оммавий ахборот воситаларига турли тазйиқлар бўлганини ҳам инкор эта олмаймиз ва бунга табиий ҳол деб қаралди. Ким ҳам матбуот назоратга солишини ва унда кўтарилган муаммолар бўйича жавобгар бўлишни хоҳлайди? Ахир юқорида айтиб ўтганимдек, ўтган даврдаги кучли цензура давлат идоралари раҳбарлари фаолиятини танқид қилишни ман қилган ва уларнинг хатоларини яширишга хизмат қилган.

Тан олиб айтиш керакки, йиллар давомида барча соҳаларда тўпланган муаммолари бор халққа эркин ва очиқ гапириш имконини бергани Шавкат Мирзиёевнинг қанчалик сабр-бардошли, юксак ирода соҳиби эканидан далолат беради. Чунки тасаввур қилиб кўринг, муаммолари қалашиб кетган одамлар дардига малҳам бўлиш ва унинг барини ҳал этиш қанчалик мумкин ва мураккаб?

Шундай бўлишига қарамай, президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли бугун матбуот ривожланиб бормоқда. Блогерлик фаолияти оммалашмоқда. Агентлигимиз эса уларни ўз ҳимоясига олган. Улар билан юз бераётган адолатсизликларга қарши курашяпти.

Шу билан бирга, журналистлар ва блогерларнинг малакасини ошириш, уларни қонун билан қўллаб-қувватлаш учун барча чоралар кўриляпти. Албатта, ички цензура ва қўрқув кўпчиликни ҳали бутунлай тарк этмади. Ўйлайманки, бу вақт ўтиши билан ўз ўрнига тушади», – деган Алламжоновнинг сўзларини келтирди Kun.uz мухбири.

Бундан олдин Самарқандда халқаро делегатлар иштирокида ОАВ эркинлигига бағишлаб конференция ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга доир:

«Ўзбек матбуоти мақтов ва тарғибот машинасига айлантирилганди» – Самарқандда ОАВ эркинлиги мавзусида халқаро конференция

«Гарри Поттернинг сеҳрли таёқчаси фақат эртакларда бўлади» – АОКА директори ОАВ эркинлигини таъминлаш ҳақида

Мавзуга оид