Жаҳон | 15:59 / 06.01.2026
4963
9 дақиқада ўқилади

Судда кўрсатма берган Мадуро, Зеленский атрофидаги истеъфолар ва Эрон етакчисининг захира режаси – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Мадуро айбловларни тан олмади

Венесуэла президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес 5 январ куни Ню Йоркда дастлабки суд мажлисида иштирок этди.

Мадуро суд залига оёқлари занжирланган ҳолда ва маҳбус кийимида олиб келинди. У халқаро наркокартеллар билан ҳамкорликда кокаин савдоси тармоғини бошқарганликда айбланмоқда. Мадурога қарши тўртта жиноий айблов қўйилган: наркотерроризм, кокаинни импорт қилиш бўйича фитна, автомат қуроллар ҳамда вайронкор қурилмаларни сақлаш.

Судда Мадуро ўзининг «ўғирлаб кетилганини» ва ҳануз Венесуэла президенти эканини эълон қилди.

«Мен айбсизман. Мен айбдор эмасман. Мен муносиб одамман. Мен ҳануз мамлакатим президентиман», — деди 63 ёшли Мадуро таржимон орқали Манҳеттендаги федерал судда.

Мадуронинг рафиқаси Силия Флорес ҳам ўзини айбсиз деб эълон қилди. Навбатдаги суд мажлиси 17 март кунига белгиланди. Мадуронинг ҳимоячиси Берри Поллак унинг «ҳарбий йўл билан ўғирлаб кетилиши» бўйича катта ва мураккаб суд жараёнларини кутаётганини айтди.

Суддан бир неча соат ўтгач Каракасда Мадуронинг вице-президенти Делси Родригес Венесуэланинг вақтинчалик президенти сифатида қасамёд қилди. У Мадурони қўллаб-қувватлашини билдирди, бироқ АҚШ ҳаракатига қарши чиқишини кўрсатмади.

Разведка баҳосига кўра, АҚШга мафкуравий жиҳатдан қарши бўлса-да, Венесуэла ҳукумати ичида тартибни сақлай оладиган кам сонли етакчилардан бири айнан Родригес, шунингдек, ички ишлар ва мудофаа вазирлари ҳисобланади. Шу сабабли АҚШ ҳукуматга мухолифларни олиб келмади, балки ўзи билан ҳамкорлик қиладиган кучли шахсларни қолдирди.

Трамп ҳам АҚШ Венесуэла билан эмас, балки «наркотик сотувчилар билан урушаётганини» айтди. У Венесуэла муаммолари ҳал қилинмасдан туриб сайлов ўтказиб бўлмаслигини билдирди.

Шунингдек, Трамп Венесуэла нефт бойликларидан фойдаланиш ниятини яширмаяпти. У америкалик компаниялар Каракасга қайтиб, 18 ойдан камроқ муддатда нефт инфратузилмасини тиклашини айтди.

Исроил яна сулҳни бузди

5 январ куни Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳрига берган ҳаво зарбаси оқибатида камида икки фаластинлик, жумладан, бир қиз ҳалок бўлди. Яна тўрт киши, жумладан, болалар ҳам яраланди. Исроил ҳарбийлари зарба Ҳамас назоратидаги ҳудудга берилганини, унда гуруҳ жангчиси нишонга олинганини айтди.

Ғазодаги марказий Насир шифохонаси масъулларига кўра, ўша куннинг ўзида, бундан аввалроқ берилган Исроил зарбаси оқибатида шикастланган уй ҳам қулаб тушган. Натижада ота ва ўғил ҳалок бўлганди.

Октябр ойида АҚШ воситачилигида эришилган келишув кучга кириб, жангларнинг асосий қисми тўхтатилганидан бери Исроил Ғазода такрорий ҳаво ҳужумлари ўтказиб келмоқда. Ғазо соғлиқни сақлаш идораларига кўра, сулҳ кучга кирганидан бери Исроил 422 нафар фаластинликни ўлдирган. Шу давр ичида Ғазода уч нафар исроиллик аскар ўлдирилган.

АҚШ президенти Доналд Трамп воситачилигида тузилган келишувнинг биринчи босқичига кўра, Исроил Ғазонинг 53 фоиз ҳудуди устидан назоратни сақлаб қолмоқда. Ҳамас гаровга олинган сўнгги жасадни топширганидан кейин сулҳнинг иккинчи босқичи бошланиши кутилмоқда.

Ғазодаги вазият бўйича душанба куни Доналд Трамп ва Ражаб Тоййиб Эрдўған телефон орқали суҳбатлашган. Бир ҳафта олдин Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам АҚШга бориб, Трамп билан бу масалада гаплашиб келганди.

Зеленский УХХ раҳбарини ишдан олди

5 январ куни президент Володимир Зеленский Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюкни ишдан олди. Президент Володимир Зеленский билан учрашувдан кейин Малюк ўз лавозимини тарк этаётгани, аммо «УХХ тизимида қолиши, келгусида душманга максимал зарар етказадиган операцияларни амалга оширишда давом этиши»ни айтди. У айнан қандай лавозимни эгаллаши ҳозирча маълум эмас.

Василий Малюк раҳбарлиги даврида Украина хавфсизлик хизмати кўплаб шов-шувли амалиётларни ўтказган: Қрим кўпригидаги портлашлар ва «Паутина» операцияси шулар жумласидан.

Reutersʼга аноним тарзда гапирган юқори мартабали украин расмийсига кўра, Малюкка ташқи разведка хизматини бошқариш таклиф қилинган, бироқ у рад этган.

Дам олиш кунлари Малюкнинг кетиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганидан сўнг айрим қўмондонлар уни ҳимоя қилиб, лавозимида қолиши кераклигини айтиб чиқишган эди. Лекин ундай бўлмади.

Генерал майор Евгений Хмара Украина Хавфсизлик хизматининг вақтинчалик раҳбари этиб тайинланди. Хизмат Хмарани элита «Алфа» бўлинмасида хизмат қилган ва уни бошқарган тажрибали қўмондон сифатида таърифлаган.

Россиянинг Украинага қарши уруши тўрт йиллик чегарага яқинлашар экан, Киевда юқори лавозимли амалдорларни қайта жойлаштириш давом этмоқда.

Ўтган ҳафта Зеленский ҳарбий разведка раҳбари Кирилл Будановни – коррупция можароси фонида лавозимидан олинган Андрей Ермак ўрнига президент аппарати раҳбари этиб тайинлаганди. Шунингдек, мудофаа ва энергетика вазирлари ҳам янгиланади.

Эрондаги намойишлар

Эрон ҳукумати намойишлар мамлакат бўйлаб кенгаяётган бир пайтда иқтисодий босимни юмшатиш учун фуқароларга ҳар ой тахминан 7 АҚШ долларига тенг тўлов берилишини эълон қилди.

New York Times'нинг ёзишича, бу хабар душанба куни ҳукумат матбуот котиби Фотима Моҳажерани томонидан Эрон давлат телевидениесида қилинган. Унинг айтишича, бу чора «уй хўжаликларининг» харид қобилиятини сақлаб қолиш, инфляцияни назорат қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Бу режа узоқ йиллардан бери амал қилиб келган импорт субсидияларидан воз кечиб, аҳолига бевосита ёрдам кўрсатиш сиёсатига ўтишни англатади. Режага кўра, ҳар йили импортларни субсидиялашга сарфланган қарийб 10 миллиард доллар энди тўғридан тўғри аҳолига берилади. Меҳнат вазирининг айтишича, бу тўловлар тахминан 80 миллион кишига берилади.

Ушбу тўловлар — Эронда савдогарлар, бозор эгалари ва университет талабалари иштирок этган кенг кўламли норозиликлар фонида эълон қилинди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Эрондаги намойишлар камида 78 шаҳар ва 222 ҳудудни қамраб олган. Намойишчилар 86 ёшли олий раҳбар Али Хоминаий бошчилигидаги тузумнинг тугатилишини талаб қилмоқда. Тўқнашувларда камида 20 киши ҳалок бўлган, мингга яқин намойишчилар ҳибсга олинган.

The Times газетаси ўз ихтиёрига келиб тушган разведка ҳисоботига таяниб ёзишича, ҳукумат Эрондаги намойишларни бостира олмаса, мамлакат олий раҳбари Али Хоминаий учун захира режаси бор.

Ҳужжатга кўра, агар армия ва хавфсизлик кучлари намойишчилар томонга ўтса ёки буйруқларни бажармай қўйса, 86 ёшли Хоминаий энг яқин ёрдамчилари ва оила аъзоларидан иборат 20 киши билан Москвага қочишни режалаштирган бўлиши мумкин.

Жанубий Корея президенти Хитойда

Жанубий Корея президенти Ли Же Мён Пекинда Си Жинпинг билан учрашиб, Хитой билан муносабатларда «янги босқич»ни бошлашга чақирди. Бу 2019 йилдан бери Жанубий Корея етакчисининг Хитойга илк ташрифидир.

Лининг Хитойдаги тўрт кунлик ташрифида — минтақавий хавфсизлик ва корейс поп-маданиятига қўйилган Пекиннинг норасмий тақиқини бекор қилиш асосий устувор йўналишлардан бўлиб турибди.

Жанубий Корея ҳам японлар каби АҚШнинг хавфсизлик бўйича иттифоқчиси, бироқ савдо жиҳатидан Хитойга ҳам таянади. Мутахассисларнинг айтишича, Ли Пекин ва Токио ўртасидаги дипломатик «нозик арқон» устида юришда давом этиши кутилмоқда.

Учрашувда икки мамлакат ҳукуматлари, компаниялари технология, савдо ва атроф-муҳит бўйича бир қатор ҳамкорлик битимларини имзолади. Ли, шунингдек, ўтган йили Си совға қилган Xiaomi телефони орқали селфи олиб, уни мақтаб қўйди.

Си эса Корея етакчисини «тарихнинг тўғри томонида қатъий туришга ва тўғри стратегик танловлар қилишга» чақирди.

Учрашувда Корея яриморолидаги тинчлик масалалари ҳам муҳокама қилинган. Лекин Пекин КХДРга қанчалик босим қилади, буниси номаълум. Чунки Хитойнинг ўзи ҳам Жанубий Кореянинг АҚШ билан янги ҳарбий режаларидан норози.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид