Ўзбекистон | 22:04 / 28.06.2023
13624
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги Talgo электропоездлари яна тўрттага кўпаяди

Янги поездлар «Бухоро-Урганч-Хива» темирйўл йўналишида фойдаланишга қўйилади.

Фото: Kun.uz

Испаниядан Ўзбекистонга 4 та Talgo-250 тезюрар электропоездлари келтирилади. Dunyo ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистоннинг Испаниядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жаҳонгир Ғаниев Patentes Talgo компанияси президенти Карлос Паласи Ориол билан учрашувда Ўзбекистон томонида Talgo-250 поездлари харид қилишни ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилган.

“Карлос Паласи Ориол Дания ва Германиядан 64 та поезд учун йирик буюртма келиб тушгани, айни пайтда компания заводлари ушбу поездларни тайёрлаш учун тиғиз график асосида ишлаётганига қарамай Patentes Talgo Ўзбекистон томони режалаштирган муддатларда 4 та электропоездни тайёрлаш ва етказиб беришни таъминлашга тайёр эканини билдирган”, дейилади агентлик хабарида.

Янги поездлар Испания ҳукумати ҳузуридаги корхоналарни интернационализация қилиш жамғармаси (FIEM)нинг узоқ муддатли имтиёзли кредитлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон элчихонаси кўмагида «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ делегациясининг Испания Саноат, савдо ва туризм вазирлигида ўтган йилнинг июлида ташкил этилган учрашувда ҳам ушбу масала муҳокама қилинган, сотиб олиниши режалаштирилган янги поездлар «Бухоро-Урганч-Хива» йўналишида фойдаланиши очиқланганди.

Шу кунгача «Ўзбекистон темирйўллари» томонидан Talgo-250 русумидаги 6 та тезюрар электропоезд харид қилинган. Охирги партия 2021 йилда олиб келинган.

Аввалроқ Ўзбекистон 34 та замонавий электропоезд сотиб олиш бўйича халқаро тендер эълон қилганди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида ўтказилган йиғилишда Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Янгийўл ва Оҳангарон шаҳарларига замонавий электропоезд қатновини йўлга қўйиш режалаштирилаётганини айтганди.

Мавзуга оид