Жамият | 19:53 / 27.07.2023
32876
12 дақиқада ўқилади

XX асрда ўзбек фотографияси – советларнинг пропаганда қуроли. Ҳарвард тадқиқотчиси билан суҳбат

Александра Деннет – Ҳарвард университети докторанти. У 1890-1940 йилларда Марказий Осиёда фотография қандай вужудга келгани ҳақида илмий иш қиляпти. Қисқа вақт ичида ўзбек тилини ҳам ўрганган Александра Kun.uz билан суҳбатда мустамлака даврида ўзбеклар ҳаёти фотосуратларда қандай кўрсатилгани, фотографлар нега кўпроқ аёлларни суратга олишга урғу бергани ҳақидаги қизиқарли топилмалари тўғрисида сўзлаб берди.

– Илмий ишингиз учун нега айнан Ўзбекистонни танладингиз?

– Жуда яхши савол. Менимча, Ўзбекистон қизиқ тарихга эга ва фотография ўтмишнинг турли сиёсий ва маданий лаҳзаларини акс эттириш орқали жуда муҳим рол ўйнайди. Бундан ташқари, фотография Ўзбекистон ҳақидаги ғояларнинг шаклланиши ва уларни турли жойларга етказишда ҳам муҳим саналади. Шу сабабли айрим фотография турлари қандай сақланиб қолгани ва бундай суратлар ҳамон олинишда давом этаётгани, шу билан бирга бу соҳада турли силжишлар рўй бергани, Марказий Осиё ва Ўзбекистондаги ўзгаришлар фотосуратлар орқали қандай тасвирлангани менда қизиқиш уйғотди. Бу йўналиш жозибадор кўринди.

Александра Деннет

– Илмий ишингиз ва ўзбек тилини қандай ўрганганингиз ҳақида гапириб бера оласизми?

– Албатта. Мен Ҳарвард университетида санъат тарихи йўналиши бўйича PhD даражасига номзод талабаман. Санъат тарихини ўрганяпман, бунда фотосуратлар, уларнинг аҳамияти ва фотографияни эстетик соҳа сифатида ўрганишга эътибор қаратаман. Ҳозир PhD диссертациямни ёзяпман. Ўқишимнинг 4-йили давом этяпти, 1-курсда курс иши тайёрлаганман, дарс берганман, ҳозир диссертациям бўйича тадқиқот ўтказиш учун Тошкентда бўлиб турибман.

3 ой давомида интенсив тадқиқот ўтказдим ва кузда, академик йилимнинг асосий қисмида илмий ишимни давом эттириш учун яна Тошкентга келмоқчиман. Чунки иложи борича кўпроқ фотографларнинг ишларини ўрганишим, тарихий ҳужжатларни ўқишим, фотолар қандай йиғилгани ва ишлатилганини тадқиқ қилишим керак.

Ўзбек тилини ўтган йилдан бошлаб ўрганяпман. Аввалига онлайн дарсларга қатнашдим, ҳозир Тошкентда ҳафтасига 2 марта ўзбек тили дарсларига қатнайман.

– Александра, 19-аср охири – 20-аср бошларидаги фотографларнинг фаолиятини ўзимиз учун тасаввур қилиб кўрайлик. Сиз ўрганган даврда исталган одам камера сотиб олиб, расмга тушира олганми?

– Бу ҳақиқатан жуда яхши савол. Хорижлик сайёҳлар кўпинча камералари билан келган ва расмга олган. Сиз декорация учун танлаган фотолар муаллифи Пол Надарни мисол сифатида кўрсата оламан. Хўш, уларнинг камералари қандай бўлган? Бу савол жуда қизиқ. 20-асрнинг бошларида совет иттифоқида камералар ишлаб чиқарила бошланган. Ўтган асрнинг 20-30-йилларида камераларни сотиб олиш мумкин бўлди, бунга чекловлар бор ёки йўқлиги сиёсий шароитларга боғлиқ эди. Ҳам мустамлака, ҳам совет даврида тақиқлар бўлган, ҳукумат қайси мавзуларга “тегиш” мумкин эмаслиги ҳақида қарор қабул қилган. Кўпинча бу қурилиш лойиҳалари ёки ҳукумат сир деб ҳисоблаган стратегик нарсалар бўлиши мумкин эди.

Ҳозир давлат архивида шундай тарихий ҳужжатлардан фойдаланиш учун рухсатномалар олиш кераклиги менга жуда қизиқ туюлди. Яқинда Тошкентда бир такси ҳайдовчиси билан гаплашиб қолдим. У эски ГУМ, Тошкент савдо марказидан эски камералар сотиб олганини айтди. У ерда ҳозир сотувда бўлмаган ва топиш қийин бўлган нарсалар сотиларкан. Турли даврларга тааллуқли камералар ҳам сотувда бор экан, аммо нархлари ҳақиқатан жуда қиммат.

Агар саволга қайтадиган бўлсак, биринчи совет-ўзбек фотографи Худойберган Девонов немис меннонитларидан фотографияни ўрганган. Кейинчалик Санкт-Петербургда ўзининг камерасини сотиб олган. Аммо у қадай қилиб камера сотиб олган, кимларда камера бўлган, уларни қандай ишлатишган – булар жуда узоқ гапириш мумкин бўлган масалалардир.

– Илмий ишингизда фотосуратлардан совет модели пропагандаси ўлароқ фойдаланилганига урғу бергансиз. Буни мисоллар билан тушунтириб бера оласизми?

– Ҳа, албатта. Мен охирги империал ва қисман дастлабки совет даврини ўрганганман. Совет даври ва пропаганда нуқтайи назаридан “Ўзбекистон ССРнинг 10 йиллиги” номли китоб устида ишлаяпман. Бу китоб миллий-ҳудудий чегаралар белгиланганидан кейинги 10 йил давомидаги суратларни ўзида жамлайди. 10 йил ичида Ўзбекистон қандай ўзгарганини бир китобда жамлашга ҳаракат қилинган. Унда тарғиботнинг жуда яхши намуналари бор. Лойиҳада нафақат фотографлар, балки ҳам ўзбекистонлик, ҳам москвалик фото-муҳаррирлар ва ўзига хос сиёсий актёрлар иштирок этади.

Қандай фотолар олинишини ким ҳал қилади, улар қандай кўрсатилиши ва қандай мавзулар тасвирланиши керак деган пропаганда саволларига келсак, мен кўпинча “нотўғри тақдим қилинган” деган атамани ишлатишни маъқул кўраман. Чунки менимча, пропаганда идеаллаштирилган, сохталаштирилган ёки ўзгартирилган тасвирларни кўрсатишга ҳаракат қилади.

Аммо бу ҳам бизга маълум тарихий давр ҳақида кўп нарсаларни айта олади. Қизиқ томони шундаки, советлар мамлакат ўзгараётганини кўрсатадиган фотоларни нашр қилишган ва тарқатишган. Бироқ фақатгина эътибордан четда қолган мавзулар эмас, балки қандай жиҳатлар ёки фотосуратлар танлаганини ҳам тушунишга ҳаракат қилиш керак. Бундай расмларни “Правда Востока” ёки бошқа газеталарда учратиш мумкин эди, кейинчалик айрим фотолар чиқариб ташланган. Қандай расмларга рухсат беришган ёки танлаб олишгани жуда мураккаб савол.

– Улар фотолар орқали пропагандани қандай олиб боришган, газета ва китоблар орқалими?

– Ҳа, газета, журнал ва китоблар орқали. Яна бир қизиқ шакли – деворий газеталар бўлган. Улар жамоат жойларида деворларга илинган. Баъзан клубларда, баъзан завод ва фабрикалар ёки одамлар йиғиладиган бошқа жойларда уларни учратиш мумкин эди. Уларда шиорлар, фаолларнинг изоҳлари билан бирга, фотосуратлар ҳам акс этган. Бу шакл мени жуда қизиқтиради, чунки уларда профессионал фотографлардан кўра ҳаваскор фотографларнинг ишлари жой олиб, шунчаки кундалик ҳаётни ҳужжатлаштирган. Аммо уларда Ленин ёки Сталиннинг фотосуратлари ёки бошқа стандарт тарғибот туридаги тасвирлар ҳам бўлган.

– Мен бир илмий ишда фотосуратлар орқали мустамкамчилик модели яхши томондан кўрсатишга ҳаракат қилингани ҳақида ўқигандим

– Фотосуратлар оҳанги ютуқларга қаратилган. Мустамлака қилинганидан кейин мамлакатда рўй берган ўзгаришлар – муваффақиятли қурилиш, қишлоқ хўжалиги, аёллар таълимидаги ютуқлар ва озодликни кўрсатишга уринишган. Фотолар танқидий объективликни кўрсатмаган. Лекин менимча, баъзида биз фотосуратлар оҳангини, яъни у орқали муаллиф нима демоқчилигини қабул қилишимиз шарт эмас. Замонавий томошабин сифатида ўтмиш қанчалик мураккаб бўлганини яхшироқ тушунган ҳолда, биз улар нимани кўрсатмоқчи бўлгани ва аслида ҳақиқат қандайлигини ўрганишимиз муҳим. Ҳужжатлаштирилган ва ҳужжатлаштирилмаган ҳақиқат – агар бу мантиқий бўлса, ўрганилиши керак.

– Яна шундай фикрлар борки, фотолар орқали совет мустамлакасидан аввал халқ камбағал бўлгани, мустамлака уларнинг ҳаётини яхшилаганини тарғиб қилишган

– Албатта. Салбий қарашларни умуман кўрсатмасликка ҳаракат қилишган. Нима негатив бўлиши мустамлака даврининг бош критерияси бўлгани рус империясининг танқид қилинишига сабаб бўлган. Советлар позитив ўзгаришларга урғу берган. Шу сабабли революциядан кейинги ўзгаришлар, “эски” ва “янги” йўлни солиштириш жуда урф бўлган.

– Бу ҳали ҳам долзарб.

– Ҳа, бундай солиштирувларни журнал, газета ва китобларда кўришингиз мумкин. Мен юқорида назарда тутган Ўзбекистон ССРнинг 10 йиллиги китобида ҳам бунга гувоҳ бўлишингиз мумкин.

– Сиз илмий ишингизда совет даври фотографиясида аёлларнинг ролига урғу беришингизни айтгандингиз. Шу ҳақда ҳам гапириб берсангиз.

– Баъзан пропаганда одамни чарчатиб юборади. Лекин уни ўрганишга муносиб деб ҳисоблашимнинг сабабларидан бири – пропагандавий фотосуратларда сиёсий мақсадларни кўзлаган ҳолда кучли аёллар тасвирига катта аҳамият берилган. Бу эса мавзуни янада қизиқарли қилади.

Юқорида айтганимдек, суратларда кўпроқ мустамлакачиликнинг ютуқларини кўрсатишган, лекин кўпинча Ўзбекистоннинг модернизациялашувига мисол ўлароқ аёллар кўрсатилган. Аёлларнинг сиёсатга, аёллар таълимига жалб этилганини кўрсатадиган кўплаб фотосуратларни топишингиз мумкин. Улар жуда таъсирли, бир-бирига уйғун фотосуратлардир.

Аёллар бир-бири билан мулоқот қилаётгани тасвирланган композицияларда жамоавий ўрганиш руҳи ва авлодлар ўртасидаги муносабатлар тасвирланган.

Айниқса, ўтган асрнинг 20-, 30-, 40-йилларидаги аёллар суратлари жамланмаси кўп. Улар ҳақиқатан ҳам ўзбек аёлларидан ижобий ўзгаришлар намунаси сифатида фойдаланишган. Шунинг учун ҳам бу ҳолат Макс Пенсоннинг асарларида, шунингдек, фотокитобларда, журналлар, газеталар ва бошқа фотосуратчиларнинг ишида жуда кенг тарқалган. Ўтган асрнинг 30-йилларида Ўзбекистонга келган саёҳатчилар, чет эллик саёҳатчилар ишида ҳам аёллар тасвирини кўриш мумкин. Бу мавзу улар учун жуда қизиқарли ва ҳайратланарли бўлган ва улар газеталардаги шундай расмларни ҳам йиғишган. Илмий ишимни ўзбек аёлларининг фотосуратларини ўрганишдан бошлаганман, чунки бу фотолар сайёҳларни қизиқтирган асосий элементлардан бири бўлган.

Таълим кампанияси советлар ҳукуматининг дастлабки даврида устувор бўлган. Менимча, бу сиёсий мақсаднинг бир қисми бўлган, масалан, саводхонлик, ҳар бир киши ўқишни ўрганиши мумкинлигига илк совет даврида кўпроқ эътибор қаратилган. Буни суратлар орқали ҳужжатлаштириш таълим сиёсатининг бир қисми бўлган, чунки агар сиз бирор жараённи сиёсатда кўрмасангиз, бу воқеа содир бўлмаяпти деб ўйлайсиз. Менимча, фотография сиёсатни тарғиб қилиш ва буни нафақат тарихий воқеа сифатида ҳужжатлаштириш, балки ҳаммани яхши ўзгаришлар содир бўлаётганига ишонтиришда жуда муҳим рол ўйнаган. Шунинг учун воқеалар тинимсиз суратга олиниб, уларни газеталарда кўрсатиш керак эди.

Ўйлайманки, фотографиянинг роли совет иттифоқининг илк даврида жуда муҳим восита бўлиб, ўзгарувчан жамиятнинг қиёфасини барчага кенг миқёсда кўрсатиш, ёйиш учун сиёсий восита деб кўрилган.

– Александра, сиз фотография орқали нотўғри қарашлар шакллантирилганига ҳам урғу бергансиз. Бу ғояни кенгроқ тушунтириб берсангиз.

– Биз фотосуратларга ишонамиз, ишонишни хоҳлаймиз, чунки у ҳужжатли ва техник репродукция натижасидир, бу фотографиянинг асосий жиҳати. Биз фотосуратларга ишонганимиз билан унинг ёлғон ёки уйдирма бўлиши мумкинлигини ҳам яхши биламиз. Сиз юқорида этник гуруҳлар фотосуратларини мисол келтирдингиз. Этник гуруҳларнинг 19-асрга оид фотосуратларига ҳақида гапирадиган бўлсак, 19-асрда этнографик суратга олиш амалиёти жуда кенг тарқалган. Биласизми, бу – этник гуруҳлар ўртасидаги фарқларни ҳужжатлаштиришнинг фожиали шакли эди. Аммо баъзида бу фарқлар мураккаброқ бўлиб, баъзида одамларнинг ўзига хослиги ҳақиқатан ҳам тўғри кўрсатилмаган. Манипуляция қилинганини кўрсатувчи бир қанча тарихий мисоллар бор.

Сизга гўёки ҳаммаси яхши бўлгандек кўриниши мумкин, лекин ҳақиқатан воқеалар у қадар ижобий бўлмаганини биламиз. Ўйлайманки, сиз фотосуратда кўрган нарса билан ҳақиқат ўртасидаги фарқни билмаслигингиз, кўраётган нарсангиз ростми ёки йўқ билмаслигингиз мумкин, аммо фотосурат ҳақиқатан нима демоқчилигини тушунишга ҳаракат қилиш жуда муҳим. Буни тарихий фонда таҳлил қилинг, бу ҳақиқатан ҳам ёлғон ҳикоями ёки бу яхшиланган жамият ҳақидаги утопик тасаввурми, бу тасаввурни шакллантиришда кимлар иштирок этган – англашга уриниш керак.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Оператор ва монтажчи – Шоҳрузбек Абдурайимов

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид