Ўзбекистон | 11:01 / 02.06.2022
1579
1 дақиқада ўқилади

Навоийда аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизмати кўрсатишда энг кўп қонун бузаётган идоралар очиқланди

2022 йилнинг январ-май ойларида Навоий вилоятида аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизмати кўрсатишда “Ўзтрансгаз” АЖ 3 103 та қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйиб, мазкур рўйхатда “етакчи” бўлган. Бу ҳақда Kun.uz’га Навоий вилояти адлия бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, кўрилаётган чораларга қарамай ваколатли идоралар томонидан мазкур йўналишда қонунбузилиш ҳолатлари содир этилмоқда. Хусусан, ўтган 5 ойда “Ўзсувтаъминот” АЖ тизимидаги корхоналар 2 194 та мурожаатда қоидабузарлик содир этган. Солиқ органлари 634 та, давлат кадастр идораси 287 та, қурилиш ва архитектура 84 та, тижорат банклари 71 ҳолатда мурожаатларга муддатида жавоб қайтармаган ёки асоссиз рад жавобини берган.

Ваколатли идоралар эътиборсизлиги боис аҳолига давлат хизмати кўрсатишда жами 6 913 та мурожаатда фуқаролар ҳуқуқи бузилган. Ушбу ҳолатлар юзасидан ташкилотларга 35 та тақдимнома киритилиб, 9 ҳолатда жавобгар шахслар маъмурий жаримага тортилган. 

Олдинроқ Навоийда 2021 йилда ҳокимликлар давлат хизматлари кўрсатилишида 135 та қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид