Ўзбекистон | 18:02 / 10.05.2022
10208
5 дақиқада ўқилади

Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамага чиқарилди

Унга кўра, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни декларация қилиш ва олдиндан хабар бериш тартиби белгиланмоқда, бунга амал қилмаганлар эса жаримага тортилади.

Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди. Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси муҳокамаси 25 майга қадар давом этади.

Қонун лойиҳаси 5 та боб (умумий қоидалар, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш, манфаатлар тўқнашувини маълум қилиш ва аниқлашга доир чора-тадбирлар, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича чоралар кўриш ва текшириш ҳамда якунловчи қоидалар) ва 31 та моддадан иборат.

Қонун лойиҳасида қуйидаги асосий тушунчалар ажратиб кўрсатилган:

алоқадор шахслар — давлат ташкилоти ходимлари ва/ёки уларнинг яқин қариндошлари устав фондидаги/устав капиталидаги улушларига ёки акцияларига (оммавий муомалада бўлган 10 фоизгача акциялари бундан мустасно) эгалик қиладиган ёки бошқарув органи ва кузатув кенгашининг аъзоси бўлган юридик шахслар;

давлат ташкилоти — давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат муассасалари, давлат унитар корхоналари, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик жамиятлари ва устав фондида/устав капиталида ушбу жамиятларнинг улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар;

манфаатлар тўқнашуви — давлат ташкилоти ходимининг, унинг яқин қариндошларининг ва унга алоқадор шахсларнинг шахсий манфаатлари билан фуқароларнинг, ташкилотнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келган ва келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёхуд юзага келиши мумкин бўлган (тахмин қилинаётган манфаатлар тўқнашуви) вазият;

шахсий манфаат — давлат ташкилоти ходими томонидан ўз мансаб/хизмат вазифаларини бажаришда ўзи, яқин қариндошлари, алоқадор шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлиши;

яқин қариндошлар — қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари.

Қонун лойиҳасининг 19-моддасида манфаатлар тўқнашуви қандай аниқланишига ойдинлик киритилган. Унга кўра, манфаатлар тўқнашуви қуйидаги манбалардан олинган маълумотлар орқали аниқланади:

  • тақдим этилган декларациялар;
  • давлат харидларини ўтказишда қабул қилинган таклифлар, танлаш ва тендер комиссиялари йиғилиши баённомалари, тузилган шартномалар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ташкилоти ходимининг фаолиятидаги мавжуд ёки тахмин қилинаётган манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги мурожаати ёки хабари;
  • аффилланганлик тўғрисидаги маълумотлар базаси;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш модули;
  • Фуқаролик ҳолати далолатномалари реестри;
  • Ўзбекистон Республикаси Ягона миллий меҳнат тизими;
  • Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси;
  • Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича тақдим этилган тақдимнома.

Манбалардан маълумотларни олиш сўров юбориш йўли билан амалга оширилади.

Оммавий ахборот воситалари, шу жумладан интернетда жойлаштирилган, давлат ташкилоти ходимининг тахмин қилинаётган ёки мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари улар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва ўрганиш орқали аниқланади.

«Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган. Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимчага мувофиқ, давлат ташкилотлари ходимларининг ҳар бир ҳолатда манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаганлиги БҲМнинг 3 баравардан 5 бараваригача (такроран бўлса — БҲМнинг 5 баравардан 10 бараваригача) жарима қўллаш, модомики мансабдор шахслар ушбу вазиятларни тартибга солмас экан, улар БҲМнинг 5 баравардан 10 бараваригача (такроран бўлса — БҲМнинг 10 баравардан 15 бараваригача) жаримага тортиш таклиф этилмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси муҳокамаси ҳам 25 майгача давом этади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 6 июлда Ўзбекистон Республикаси президентининг «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда 2021 йил 7 июлда «Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланган эди.

Мазкур қонун лойиҳаси президентнинг юқорида зикр этилган фармонида белгиланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021–2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури доирасида ишлаб чиқилган.

Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов давлат харидларидаги манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича белгиланган чоралар ижроси ҳақидаги саволга жавоб бера туриб, бундай ҳолатларни автоматик аниқлайдиган тизим устида ишлар ҳали давом этаётганини таъкидлаган эди.

Мавзуга оид