Ўзбекистон | 14:49 / 13.09.2024
13130
2 дақиқада ўқилади

Lacetti'даги ёнғин сабаб UzAuto Motors ва унинг дилерига иш қўзғатилди

Рақобат қўмитаси UzAuto Motors компанияси ва PSM-Avtosavdo дилерлик марказига нисбатан истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши аломатлари билан иш қўзғатди. Қўмитага ҳали олинганига 5 ой бўлмаган Lacetti автомобили носозлиги сабаб ёниб кетгани ҳақида шикоят тушган. Ваколатли орган ишлаб чиқарувчига 37 та Lacetti'ни чақиртириб олишни буюрди.

Фото: Kun.uz

Қорақалпоғистонлик фуқаро А.Д. 2023 йилда “UzAuto Мotors” АЖ томонидан ишлаб чиқарилган “Lacetti L-Stayle MT” русумли автомобил олинганига 5 ой ҳам бўлмасдан носозлиги туфайли ёниб кетгани, лекин ишлаб чиқарувчи томонидан ҳолат ўз вақтида бартараф этилмаётгани юзасидан Рақобат қўмитасига мурожаат қилган.

Қўмитанинг маълум қилишича, мурожаат қўмита томонидан кўриб чиқилганда ҳолат ўз тасдиғини топган. Аниқланишича, айнан шу маркали (моделли, артикули) автомобилда ёнғин чиқиши ҳолати Навоий вилоятида ҳам кузатилган.

Натижада қўмитанинг махсус комиссияси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 14- ва 20-моддалари талаблари бузилиши аломатлари бўйича “UzAuto Мotors” АЖ ва “PSM-Avtosavdo” МЧЖларга (ишлаб чиқарувчи ва унинг дилери) нисбатан иш қўзғатган.

“Қўмита томонидан ушбу ҳолат (автомобилда ёнғин чиқиши) инсон ҳаёти ва унинг соғлиғига жиддий зиён етказиши мумкинлиги ҳолатларини инобатга олган ҳолда, юқорида қайд этилган автомобил билан бир вақтда ишлаб чиқарилган 37 та айнан шу маркали (моделли, артикули) автомобилларни 10 кунлик муддатда чақиртириб олиниб, техник кўрикдан ўтказиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди”, – дейилади расмий хабарда.

Қайд этилишича, мурожаат қилган фуқарога айни шундай маркали бошқа янги автомобил берилган. Шунингдек, истеъмолчи талаб қўйган вақтдан бошлаб ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун автомобил баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлаши тўғрисида қарор қабул қилинган.

Бу қарордан норози томон қўмитанинг апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Мавзуга оид