Жаҳон | 21:10 / 31.07.2025
11027
6 дақиқада ўқилади

Россия ҳарбийлари Часив Яр эгалланганини эълон қилди, Украина томони буни рад этмоқда

Россия мудофаа вазирлиги пайшанба куни Донбасс марказидаги Часив Яр шаҳри эгаллангани ҳақида эълон қилди – ушбу шаҳар учун жанглар 2024 йил апрелидан буён давом этмоқда.

Фото: Getty Images

«„Жанубий“ қўшинлар гуруҳининг Краматорск-Дружковск йўналишидаги ҳужум ҳаракатлари натижасида Часив Яр шаҳри озод қилинди», – дейилади Россия мудофаа вазирлиги баёнотида.

Шу куни Россия Z-каналларида рус аскарлари шаҳарнинг турли қисмларида – завод ҳудудида, Левановский, Шевченко ва Южний микрорайонларида байроқлар ўрнатаётгани акс этган видеоёзувлар пайдо бўлди.

Украина томони эса Россия ҳарбийларининг Часив Ярни эгаллаб олгани ҳақидаги даъволари ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтмоқда.

«Часив Ярдаги вазият сўнгги ойлардагидан ўзгаргани йўқ», – деди «РБК-Украина» нашрига «Хортица» қўшинлари гуруҳи расмийси Виктор Трегубов.

Украинанинг DeepState OSINT-лойиҳаси маълумотларига кўра, Россия қўшинлари шаҳарнинг шарқ ва шимолдан катта қисмини эгаллашга муваффақ бўлган, аммо ғарбий ва жануби-ғарбий чеккалар Украина қуролли кучлари назорати остида қолмоқда.

Америка Урушни ўрганиш институти (ISW) бир кун олдин Часив Ярнинг ўзида, шунингдек унинг шимоли, шимоли-шарқи ва жанубида давом этаётган жанглар ҳақида хабар берганди. «30 июл куни Россия қўшинлари Часив Яр йўналишида ҳужум ҳаракатларини давом эттирди, бироқ тасдиқланган прогрессга эриша олмади», – деб ёзган ISW.

Украина ҳарбийлари Часив Яр учун жанглар давом этаётганини таъкидламоқда.

Бахмут учун жанглар бошланган 2022 йилдан бери Часив Яр Украина қуролли кучларининг асосий логистика пункти бўлиб, кучли зарбаларга учраган.

Часив Ярнинг ўзида жанговар ҳаракатлар 2024 йил апрел ойида бошланган. Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский ўшанда Россия ҳарбий раҳбарияти Часив Ярни 2024 йил 9 майгача эгаллаш вазифасини қўйганини айтганди.

Аммо шаҳарни олиш операцияси бир йилдан кўпроқ вақтга чўзилди. Кўча жанглари ва тинимсиз ўққа тутишлар натижасида шаҳар деярли бутунлай вайрон бўлган.

Часив Яр ўрнида ҳозирда фақат вайроналар қолган

Кенг кўламли урушдан олдинги Часив Яр

BBC мухбири Иля Барабанов:

Урушга қадар Часив Ярда 15 минг атрофида одам яшаган. 2014-15 йилларда, Украина шарқидаги можаро энди бошланган маҳалда, маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан «Часик» деб аталган шаҳар воқеалар марказидан анча четда эди. Ҳатто ҳеч ким россияпараст маъмуриятни ўрнатишга шошилмаган, чунки бу аҳоли пункти жойлашуви бўйича аҳамиятга эга эмасди.

2015 йил қишида Россия армияси Дебалцевога ҳужум бошлаганида, Украина томонида ишлаган журналистлар ҳозирда вайрон бўлган Бахмутда жойлашган бўлиб, у ердан ягона «ҳаёт йўли» орқали қамалдаги шаҳарга у босиб олингунга қадар қатнашган.

Ўшанда Бахмутга қуйидагича келиб олишарди. Илгари 2012 йилги футбол бўйича Европа чемпионати учун йўлга қўйилган ва Донецкка қатнаган «Интерсити» поездларининг эндиги якуний бекати Константиновкада бўлган (бу шаҳар ҳозирда Россия армиясининг кейинги ҳужумлари нишонларидан бири бўлиб турибди). Константиновкадан эса Часив Яр яқинидан ўтиб, ўша вақтларда ўзининг илгариги номи билан Артёмовск деб аталган Бахмутга таксида боришарди.

Россия оммавий ахборот воситалари илгари Донецк областидаги энг кўздан пана шаҳар бўлган Часив Ярни энди амалда «Донбасс калити» деб атамоқда – энди бу шаҳар рус қўшинлари томонидан Авдийивка, Бахмут ёки Курахово билан кузатилганидек, кимсасиз ғиштлар уюмига айлантирилган.

Часив Яр, 2024 йил

«Кредитга» олишдими?

Агар Россия қўшинлари Часив Ярни тўлиқ эгаллаб олгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланса, Россиянинг бу участкадаги кейинги мақсади катта эҳтимол билан Украина Қуролли кучларининг муҳим таянч пункти ҳисобланган Константиновка бўлади, Краматорск ва Словянск трассаси шу шаҳардан ўтади.

Россия мудофаа вазирлигига яқин ҳисобланган Rybar телеграм-канали муаллифи Часив Яр яқинидаги позицияларни сақлаб турган Украина қуролли кучлари қарши ҳужумга ўтишга ҳаракат қилишини истисно қилмаяпти – «позицияларни тиклаш учун бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда чекка ҳудудларда байроқлар ўрнатиш учун».

«Константиновкага шарқдан ҳужумни давом эттиришга келсак, бундан олдин кенг истеҳкомлар тизими билан ўралган яна бир қанча майда аҳоли пунктларини ишғол қилиш керак. Дружковка ҳақида эса ортиқча оптимистик гап-сўзлар тарқалди – бу йил бу ҳақда гапиришнинг умуман ҳожати йўқ», – деб ҳисоблайди канал муаллифи.

Шунингдек, у Часив Яр учун жанглар 16 ойдан кўпроқ давом этгани, Константиновка эса майдони бўйича уч баравар катта эканини эслатиб ўтган.

«Айтганча, Константиновкани ўраб олиш эндигина шаклланмоқда. Часив Яр ҳудудидаги муваффақиятлар сақлаб қолиниб, ривожлантирилса ҳамда Новоторецкое-Полтавка-Яблоновка маррасида шимолга силжишни давом этилса, душманнинг аҳволи анча ёмонлашади. Аммо енгил сайр бўлмаслиги аниқ», – дейди россиялик ҳарбий блогер.

Украиналик ҳарбий эксперт Олександр Коваленко Россия қўшинлари «аслида шаҳарнинг энг қийин қисмини, аниқроғи, икки йиллик фаол жанговар ҳаракатлар давомида ундан қолган қисмини эгаллагани»ни инкор этмайди. Бироқ, у Россия мудофаа вазирлигининг Часив Яр эгалангани ҳақидаги баёнотини «кредитга» қилинган деб атамоқда.

«Очиғини айтганда, Часив Ярдаги вазият ҳақиқатан ҳам жуда оғир бўлса-да, шаҳарнинг босқинчилар томонидан босиб олингани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга умуман тўғри келмайди.

Биз сиз билан бундай амалиётни бир неча бор кўрганмиз, бу эса яқин келажакда шаҳарда штурмлар сони кўпайишини англатади, ахир кредит тўлаш керак бўлади», – деб ёзади Коваленко.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид