Жаҳон | 14:14 / 07.01.2026
2838
3 дақиқада ўқилади

Декларация лойиҳаси: АҚШ Украина хавфсизлигини кафолатлайди

AFP ёзишича, Париждаги дастлабки келишувга кўра, АҚШ Европа давлатлари иштирокида оташкесимга риоя этилишини мониторинг қилишга бошчилик қилмоқчи, шунингдек “ҳужум бўлган тақдирда” Украинада Европа мамлакатлари раҳбарлигидаги кўп миллатли кучлар тузилишини қўллаб-қувватлаш нияти бор.

Фото: Yoan Valat/AP

Украинада тинчлик келишуви тузилган тақдирда, дастлабки келишувга кўра, АҚШ Европа давлатлари иштирокида оташкесим шартларига риоя этилишини назорат қилишга бошчилик қилиш ниятида. Бундан ташқари, АҚШ “ҳужум бўлган тақдирда” Украинада Европа давлатлари раҳбарлигида режалаштирилаётган кўп миллатли кучларни тузишни қўллаб-қувватлаш мажбуриятини олган. Бу ҳақда сешанба, 6 январ куни Парижда “кўнгиллилар коалицияси” учрашуви якуний баёноти лойиҳасида айтилган, ҳужжат нусхаси AFP агентлиги ихтиёрида экани билдирилади.

Ҳужжатга кўра, Вашингтон Европа давлатлари раҳбарлигидаги кўп миллатли қуролли кучларга разведка ва логистика соҳаларида ҳам ёрдам беришни режалаштирмоқда. Лойиҳада “ҳавода, денгизда ва қуруқликда хавфсизлик чораларини тайёрлаш, шунингдек Украина қуролли кучларини тиклаш” бўйича ҳарбий режалар мавжуд экани айтилган. AFP таъкидлашича, ушбу ҳужжат давлат раҳбарлари учрашувида маъқулланиши керак эди. Лойиҳага кўра, кўп миллатли қўшинлар “кўнгиллилар коалицияси”га аъзо давлатлар ҳарбий хизматчиларидан ташкил топади.

“Биз келгусида Россия томонидан қуролли ҳужум содир бўлган тақдирда Украинага кўмаклашиш ҳамда тинчлик ва хавфсизликни тиклаш бўйича ёндашувимизни белгилайдиган мажбурий мажбуриятларни якунийлаштиришга келишиб олдик”, — дейилади декларация лойиҳасида.

Баёнот лойиҳасига кўра, коалиция вакиллари “АҚШнинг Украина хавфсизлигини таъминлашда коалицияни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги”ни олқишлаган. Ўз навбатда, улар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш режими амал қила бошлаши билан кучга кирадиган “сиёсий ва юридик жиҳатдан мажбурий кафолатлар”ни ўз зиммасига олишга тайёр. Бундан ташқари, Париждаги мавжуд штаб негизида Европа коалицияси давлатлари, АҚШ ва Украина ўртасида мувофиқлаштирувчи марказ ташкил этилиши режалаштирилган.

6 январ куни куннинг иккинчи ярмида Париждаги президент саройида “кўнгиллилар коалицияси”га кирувчи 20 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирокида учрашув бўлиб ўтган: мақсад — Украина учун хавфсизлик кафолатларининг янада аниқ режаларини тақдим этиш. Иштирокчилар орасида ГФР канцлери Фридрих Мерц, Украина президенти Володимир Зеленский, президент Доналд Трампнинг маслаҳатчиси ва махсус вакили Стивен Уиткофф, шунингдек Трампнинг куёви Жаред Кушнер ҳам бор. Зеленский аллақачон Парижда Франция президенти Эммануэл Макрон билан яккама-якка учрашган.

AFP маълумотларига кўра, “кўнгиллилар коалицияси” раҳбарлари ва АҚШ вакиллари учрашувидаги асосий мавзу — Россия ва Украина қўшинлари ўртасидаги 1400 километрлик тўқнашув чизиғи бўйлаб оташкесим режимига риоя этилишини назорат қилиш масаласи бўлади. Бунинг учун сунъий йўлдошлар ва дронлардан фойдаланиш таклиф этилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид