Ўзбекистон | 13:08 / 23.02.2019
38109
2 дақиқада ўқилади

ОТМ кириш имтиҳонларига ҳужжат топшириш кимлар учун бепул бўлади? 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳужжат лойиҳасида абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг бир баробарига тенг миқдорида йиғим ундирилиши билдирилганди. 

Давлат тест маркази раҳбари Мажид Каримовнинг маълум қилишича, жорий йилда мактаб, лицей ва коллежларни тамомловчи ёшлар учун тест синовлари мутлақо бепул, ҳеч қандай тўловларсиз ўтказилиши тартиби сақланиб қолмоқда. 

«Тест синовларида иштирок этиш учун йиғим олдинги ўқув йилларида таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан ундирилиши назарда тутилган», – дейди у. 

Каримовнинг таъкидлашича, ҳар бир абитуриент, танлаган ОТМнинг жойлашган ҳудудидан қатъи назар, ўз ҳудудидаги Давлат хизматлари маркази орқали ҳужжат топширади. Бу хизмат учун 10-20 минг сўм атрофида тўлов бўлиши мумкин. Олий таълим муассасасига кириш давлат имтиҳонлари учун ҳужжатларни электрон юклаш имконияти ҳозирча йўқ.

«Электрон ҳужжат топшириш имконини берадиган Universities.uz ҳали ишга тушмаган ва бу платформа таклиф сифатида кўриб чиқилмоқда», – деб қўшимча қилади ДТМ раҳбари. 

ДТМ директор ўринбосари Қаҳрамон Ҳақбердиев берган маълумотга кўра, давлат  хизматлари марказлари ҳужжатлар қабулининг ишончлилиги, муҳофазаланганлигини кафолатлайди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

 

Мавзуга оид