Олий тоифали ўқитувчи ва шифокорларнинг маошини 5 йил ичида минг долларга етказиш чоралари кўрилади — Шавкат Мирзиёев
“Муаллимларга минг доллар маош бериб, шифокорларга бермасак, адолатсизлик бўлади”, – деди иккинчи ваколат муддатига киришган президент.
Сенат биносида сайланган президент Шавкат Мирзиёевнинг инаугурация маросими бўлиб ўтмоқда. Kun.uz мухбири хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев тадбир давомида нутқ сўзламоқда.
“Юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун бизга замонавий илм ва яна бир бор илм, тарбия ва яна бир бор тарбия керак. Бугунги ва эртанги кунимизни, ёшларимиз тақдирини ҳал қиладиган юксак малакали муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчилар, ҳақиқий зиёлилар керак.
Очиқ айтиш лозим, биз бу заҳматкаш, фидойи инсонлар олдида ҳали қарздормиз. Шу боисдан ҳам, қанчалик қийин бўлмасин, ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. 2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш чоралари кўрилади.
Бу борада, аввало, боғча тизимини мактаб таълими билан уйғунлаштириш орқали, болаларимизни мактабга тайёрлаш сифатини янада яхшилаймиз. Мамлакатимизнинг ҳамма ҳудудларида ўнлаб янги-янги мактабгача таълим муассасалари барпо этилади. Барча боғчалар ҳар йили 2 миллион нусхадаги замонавий ўқув адабиётлари билан таъминлаб борилади. Боғча ходимларининг профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб бориш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда тизимдаги 160 минг нафардан зиёд педагог кадрларнинг малакаси оширилади.
Тараққиёт стратегиямизда халқимиз саломатлигини таъминлаш бундан буён ҳам бош вазифа бўлиб қолади. Ушбу соҳага йўналтириладиган маблағларни 2 баробар ошириш, жумладан, келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш мўлжалланмоқда. Муаллимларга минг доллар маош бериб, шифокорларга бермасак адолатсизлик бўлади.
Асосий мақсад – тиббиёт соҳасини чинакамига халқ дардига дармон бўладиган, юқори самара билан ишлайдиган тизимга айлантиришдан иборат. Тиббиётнинг бирламчи бўғини орқали тиббий профилактикага, оилавий шифокорлар ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Жумладан, аҳоли орасида энг кўп тарқалган ва эрта ўлимнинг асосий сабаби бўлган касалликларни барвақт аниқлаш, мақсадли скрининг тадбирларини амалга ошириш, профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш чоралари кўрилади. Бунда, ахборот технологияларини жорий этиш ҳисобидан коррупция ҳолатларининг олдини олиш, энг муҳими, аҳолини рози қилиш асосий вазифамиз бўлади.
Вилоят, туман ва шаҳарларда ихтисослашган тиббий хизматлар кўлами кенгайтирилади. Давлат тиббий суғурта тизими ишга туширилиб, маблағ аниқ беморга боғланган ҳолда ажратилади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
20:18 / 06.11.2024
Трамп инаугурацияси санаси белгиланди
00:24 / 02.10.2024
Клаудия Шейнбаум Мексика президенти лавозимига киришди
07:56 / 31.07.2024
Эронда янги президентнинг инаугурация маросими бўлиб ўтди
07:42 / 07.05.2024