Жамият | 22:09 / 02.10.2019
141732
5 дақиқада ўқилади

Нодира Қодирова иши бўйича депутатнинг ўзи қандай кўрсатма бергани маълум – ОАВ

Туркияда ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясининг парламентдаги депутати, истеъфодаги генерал Ширин Унал 9 кун олдин рўй берган воқеа юзасидан ҳамон сукут сақламоқда. 23 сентябрь оқшомида унинг Анқарадаги уйида ўзбекистонлик Нодира Қодирова ўз жонига қасд қилганди.

OdaTV прокуратурадаги манбаларга таяниб хабар беришича, Унал ўша куннинг ўзидаёқ ҳуқуқ органларига воқеа юзасидан тушунтириш берган. Аммо у оддий полиция офицерига эмас, бош прокурор ўринбосарига кўрсатма беришни хоҳлаган ва бош прокурор ўринбосари ўша оқшом генералнинг уйига келган.

Ширин Унал ўз кўрсатмасида, жумладан, шундай дегани айтилмоқда:

«Қизимдек бўлиб қолган Нодира Қодированинг хатти-ҳаракатлари охирги 2-3 ойда ўзгариб қолганди. У бир йиғлаб, бир куладиган бўлиб қолгач, уни шифокорга олиб боришган ва руҳий муолажа бошлашган эди».

Лекин, таъкидлаш жоиз, марҳумнинг акаси Муҳаммад Али синглисида психологик даволанишга эҳтиёж бўлмагани, у университетга кириш учун тайёргарлик кўраётган бўлганини айтганди.

Нашрга кўра, Унал воқеалар ривожини қуйидагича ҳикоя қилиб берган:

Ётоқхонасидаги шкафда тўппонча йўқолиб қолганини пайқагач, бу ҳақда қизидан сўраган. Қизи тўппончани кўрмаганини айтгач, депутат қизи билан бирга Нодиранинг хонасига чиқиб, ундан ҳам сўраган. Бу саволни эшитган Қодированинг ҳаракатларида безовталаниш сезилган, у ўз хонасидаги шкаф тортмаларини очиб: «Қаранг, йўқ-ку. Сизнинг нарсангиз билан менинг нима ишим бор», деган.

Шундан сўнг депутат: «Қара, акангга телефон қиламан. Унга жавоб берасан», деган ва телефонини олиш учун пастки қаватга тушган. Шу пайтда Нодира Уналнинг қизини хонадан итариб чиқариб, эшикни ичкаридан қулфлаб олган. Қизнинг «буёққа келинг, дада, тезроқ» деганини эшитган депутат зинадан чиқишда ўқ овозини эшитган.

Сўнг улар эшикни бузишга уринганлар. Оча олмагач, полиция чақиришган. Тез орада етиб келган полициячилар эшикни синдириб очишган. Бу вақтда Нодира ҳали ҳаёт бўлган, уни дарҳол касалхонага олиб чиқиб кетишган.

Манба хабарига кўра, полиция Қодированинг хонасидаги барча ашёларни, жумладан унинг кундаликларини ҳам олиб кетган. Маълум бўлишича, генералнинг уйида учта қурол бўлган, баъзи чалкашликларга айни шу омил сабаб бўлаётган бўлиши мумкин. Уйдаги барча шахсларнинг бармоқ излари олинган.

Барча, шу жумладан Ширин Уналнинг тўшакда ётган хотини ҳам кўрсатма берган. Фақат, бу уйда хизматчилик қилиб келган бошқа бир ўзбекистонлик ишчи турк тилини билмаслиги боис ўша вақтнинг ўзида таржимон топишнинг имкони бўлмагани ва ундан икки кун ўтгач кўрсатма олингани айтиляпти.

Прокуратурадаги манба, шунингдек, суд-тиббий экспертизаси хулосаси атайлаб тез олингани ҳақидаги гумонларни инкор этиб, барча жараёнлар белгиланган тартибда амалга оширилганини маълум қилган.

Ширин Унал эса, хабар қилинишича, Қодированинг акаси айтаётган иддаолардан ҳайрон. Депутат марҳумнинг Лайло Ниёзова исмли дугонаси борлигини умуман билмаслигини ҳам қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, Лайло Ниёзова дугонаси билан телефонда гаплашганида у хўжайинининг тўппончасини топиб олгани, битта ўқни пойабзалига яшириб қўйгани ҳақида гапириб берганини айтган эди. Шунингдек, Ниёзовага кўра, Нодира 17 сентябрда Лайлонинг олдига келмоқчи бўлган, аммо Уналнинг қизи бунга рухсат бермаган.

Мавзуга оид:

Ўзбекистонлик қиз Туркия парламенти депутатининг уйида ўзини отиб қўйди. Марҳумнинг акаси полиция хулосасидан шубҳада

Нодира Қодирова иши. Яқинлари марҳумнинг зўрланганини тахмин қилаётган бир пайтда прокурор уни фоҳишаликда гумон қиляпти

Нодира Қодирова иши. Туркия парламентининг мухолиф депутати Адлия вазиридан 6та саволга жавоб талаб қилди

ТИВ: Нодира Қодированинг ўлими билан боғлиқ вазият назорат остида

Ҳуқуқшунос: «Улар Нодира Қодировани фоҳишаликда айблаш орқали ўзларини оқлаб олишмоқчи»

Мавзуга оид