Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ахлоққа зид ва ноқонуний. Россия, Шимолий Корея ва Хитой Хоминаийнинг ўлдирилишини қоралади
Россия, Шимолий Корея ва Хитой АҚШ ва Исроилнинг Эрон олий раҳнамоси Али Хоминаийнинг ўлимига сабаб бўлган зарбасини қоралади. Эроннинг антиамерика коалицияси, қурол ва санкциялар остидаги нефт савдоси бўйича ҳамкорлари бир-бирига ўхшаш баёнотлар беришди.
Фото: Reuters
Россия раҳбари Владимир Путин Хоминаийнинг «барча инсоний ахлоқ меъёрлари ва халқаро ҳуқуқнинг бузилиши оқибатида» вафот этиши муносабати билан таъзия билдирди, деб хабар қилди Кремл.
Россия Украинага қарши урушда Эрон қуроллари, биринчи навбатда, дронларидан фойдаланади. Бир йил аввал Путин Теҳронни «стратегик ҳамкор» деб эълон қилганди, аммо 2025 йил июнида Исроил Эронга ҳужум қилганидан сўнг Россия Каспий томондан жанубдаги қўшнисига ҳеч қандай ҳарбий ёрдам бермади. Ўшанда Путин эронликлар ёрдам сўрамаганини айтган, Кремл эса тажовузни қоралаш билан чекланганди.
Россияни Украина билан урушда Эрон билан бирга Ғарб билан алоқалар узилганидан сўнг Россияга технологиялар етказиб берувчи ва хомашёсининг асосий харидорига айланган Хитой ҳамда ўқ-дори ва аскарлар жўнатаётган Шимолий Корея қўллаб-қувватламоқда. Хитой шунингдек, Эроннинг ядровий дастури ва Ливан, Ироқ, Ямандаги жангариларни қўллаб-қувватлашидан норози Ғарбнинг санкциялари остига тушган Эрон нефтининг асосий харидори ҳамдир.
«Эрон олий раҳнамосига ҳужум қилиниши ва ўлдирилиши Эрон суверенитети ва хавфсизлигининг қўпол тарзда бузилиши ҳисобланади. Бу БМТ низомининг мақсад ва тамойиллари ҳамда халқаро муносабатларнинг асосий нормаларини поймол қилади», — деб баёнот берди Хитой ТИВ.
«Хитой бунга қатъиян қарши чиқади ва қоралайди. Биз ҳарбий амалиётни дарҳол тўхтатиш, кескин вазиятнинг янада авж олишига йўл қўймаслик ҳамда биргаликда Яқин Шарқ ва бутун дунёда тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлашга чақирамиз».
Шимолий Корея — Эроннинг яна бир иттифоқчиси. Охирги ўн йилликлар давомида ҳар икки мамлакат АҚШнинг асосий душманлари ҳисобланади — Вашингтон жаҳон “ёвузлик ўқи” улар орқали ўтади деб ҳисоблайди. Оятуллоҳ Хоминаий охирги бор хорижга расмий ташрифини узоқ 1989 йилда Ким Ир Сен билан учрашиш учун айнан Шимолий Кореяга уюштирганди. Ўшандан буён у Эронда яширин ҳаёт кечириб келаётганди.
Шимолий Корея ТИВ америкаликларни «гангстерлар», уларнинг Исроил билан биргаликдаги Эронга қарши урушини эса «ўз худбин ва гегемонистик ниятларига эришиш учун ҳарбий кучни беҳаёларча ва бандитларча суиистеъмол қилиш» деб атади.