Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Бадавлат аёл” лойиҳаси – бойлик томон йўлми ёки иллюзия бизнеси?
Рақобат қўмитаси огоҳлантиради: ҳар хил курслар сотиш билан шуғулланувчи платформалар устидан 1200 га яқин шикоятлар тушган. Мижозлар сифатсиз хизмат, кўрсатилмаган хизмат учун тўлов ва пулларни қайтармаслик ҳолатларидан арз қилмоқда. Аёлларни бой қилишни ваъда берган “Бадавлат аёл” лойиҳаси ҳам шулар жумласидан.
Ўтган йили интернетда “Бадавлат аёл” номи билан янги онлайн-лойиҳа пайдо бўлди. У ўзини “аёлларни молиявий эркинликка олиб чиқувчи замонавий мактаб” сифатида тақдим этди. Рекламада таниқли актриса иштирок этди ва у лойиҳани “бахт ва бойлик сири” деб таърифлади.
Таъкидланишича, “Бадавлат аёл” лойиҳаси энг зўр экспертлар иштирокида молиявий саводхонлик, шахсий ўсиш ва онлайн бизнесни ўргатади. Бундай реклама ортидан минглаб аёллар – уйда бола боқиб ўтирганлар, кичик бизнес бошлашни орзу қилганлар, қарз ёки маиший босим остида бўлганлар – курсга рўйхатдан ўтди. Бироқ қисқа вақт ичида бу иллюзия синди. Бу ҳақда Kun.uz суриштирув эълон қилганди.
Вақтинча ўз фаолиятини тўхтатган лойиҳа шу йилнинг августида яна ўша таниқли актриса Райҳон Уласенова иштирокида ўз рекламаларини бошлади. Бизга эса мурожаатлар келишда давом этмоқда.
Курс учун Uzum Nasiya орқали қарз олиб пул тўлаган мурожаатчилар дарслар сифатсиз ташкил қилинганини айтмоқда. Уларнинг шикоятига кўра, ҳеч қандай дастурсиз, ваъда қилинган мутахассисларсиз онлайн суҳбат бўлган холос.
“Мен бу лойиҳадан мотивация эмас, стресс олдим. Турмуш ўртоғим вафот этган, ўзим ёлғиз боқувчиман. Ҳозир фаррошликдан оладиган маошимдан Uzum Nasiya'га тўлаяпман. Ҳеч ким жавоб бермайди, чатлар ёпилган, пулим ҳам қайтарилмади”, – дейди лойиҳа иштирокчиларидан бири.
Яна бир иштирокчи лойиҳа унинг ҳаётини ўзгартиришидан умид қилганини айтди.
“Тижорат ёки бошқа йўналишларда йўл топишингиз учун қулай имконият деб реклама қилинган эди. Ҳеч қанақа имконият кўрмадим. Шунчаки, Telegram орқали дарс бўлди. Райҳон Уласенова ҳар жумада бизга суҳбат ваъда қилганди, лекин бўлмади. Яхши нарса кўрмадик, шунчаки интернет орқали дарс, буни ўзимиз интернет орқали ўргансак ҳам бўларди. Қўшилишда осон қўшилдик, лекин чиқиб кетишга имконият бермади.
Менга ёқмаганини, чиқариб юборишларини айтиб, 4-5 одамга мурожаат қилдим. Ҳатто Райҳон Уласенованинг ўзигаям ёздим, жавоб бўлмади. Дарсда бор-йўғи битта психолог суҳбат қилди, уям кейин ўзининг курсини таклиф қилиб, тўлов қилишга ундади”, – дейди у.
Дарҳақиқат, лойиҳанинг ижтимоий саҳифасидаги изоҳларда бунинг исботини кўрасиз. Шикоятлар учун қолдирилган рақам эса деярли жавоб бермайди. Буни у ерда ишлаган икки нафар оператор қиз ҳам тасдиқлайди. Уларнинг Kun.uz'га айтишича, лойиҳанинг асосий эътибори фақат сотувга қаратилган, аниқ режа ёки масъул шахс бўлмаган. Шунингдек, “Бадавлат аёл” лойиҳаси бир қанча оилаларнинг ажрашиб кетишларига сабаб бўлгани айтилди.
Биз ҳолат юзасидан уни фаол реклама қилган актриса Райҳон Уласенова билан боғланишга уриндик. Унинг турмуш ўртоғи Ёдгор Уласенов барча саволларимизга ўзи жавоб беришини айтди. Ундан лойиҳа контенти ва натижалари билан қанчалик шахсан танишгани, шикоятлар кўпайганига қарамасдан нега рекламани тўхтатмагани, инфлюенсер сифатида рекламада қанчалик масъулият ҳис қилишини сўрадик. У актриса иштирок этган реклама уларнинг розилигисиз оммага тақдим этилганини айтди.
“Прокуратурага чақирилганимиздан кейин, улар билан ишлашдан умуман воз кечдик. Прокуратурага чақирилганимиз учун эмас, у ерга фақат [турмуш ўртоғим] иккаламиз борганимиз учун. Ваҳоланки, уларни ҳам чақиришган эди. Улар билан ишлашни тўхтатдик, чунки лафзлари йўқ”, – деди Ёдгор Уласенов.
Аммо лойиҳанинг айни пайтдаги менежери Жамолиддин Оллоқулов бу иддаоларни рад этди.
“[Райҳон Уласенова] шартнома асосида, маълум гонорар эвазига амбассадор қилиб ёлланган. Лекин сиз айтаётган маълумот нотўғри. Маълум бир жойларга чақиришяпти. Норози мижозлар бор. Имкон қадар ёпиб келиняпти. Энг охирги ёпганимиз – узоғи икки кун олдин бўлди”, – деди Оллоқулов.
Шу ўринда ким рост, ким ёлғон гапирганини исботлаш шарт эмас. Чунки бугун “Бадавлат аёл”га ўхшаган лойиҳалар жуда кўп ва кўпинча улар шубҳали бизнес модел эканига гувоҳ бўляпмиз.
Бундай лойиҳаларнинг оммалашиши – жамиятдаги бир қанча муаммоларнинг кўзгуси. Аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимининг яхши ишламаслиги, ишсизлик ва иқтисодий босим сабабли улар орзуларини “онлайн имкониятлар” орқали излай бошлашади. “Бадавлат аёл” воқеаси — бу фақат бир лойиҳа эмас, балки аёллар ишончининг қандай осон суиистеъмол қилинаётганини кўрсатувчи ҳолат. Бу молиявий саводхонликни ривожлантиришга бўлган эҳтиёж қанчалик юқори эканини ҳам кўрсатади.
Бугун, 17 декабр куни Рақобат қўмитаси бу каби платформаларда хизмат сифати қониқарсизлиги, кўрсатилмаган хизматлар учун тўлов ундириб, шартнома ва пулни қайтариш шартлари бўйича етарли маълумот бермаслик ҳолатлари кўпайганидан огоҳлантирди. Шундай хизматлар бўйича қўмитага 2024-2025 йилда 1200 га яқин мурожаатлар тушган. Рўйхатда энг кўп шикоятлар тушаётганлар орасида “Бадавлат аёл” лойиҳаси ҳам қайд этилган.
Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Мавзуга оид
17:25 / 10.11.2025
Суперлига ўйинини тўрт нафар аёл ҳакам бошқаради
13:22 / 16.10.2025
Ишга олиш учун аёлга жинсий алоқа таклиф қилган мактаб директори ишдан олинди
11:09 / 09.10.2025
Навоийда эр ажрашаётган хотинини алиментдан воз кечмагани учун машинада уриб кетди
11:51 / 11.09.2025