Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ёнғин пайти ошхонада одам кўп эди” – Гулистондаги портлаш жойидан репортаж
Гулистон деҳқон бозоридаги овқатланиш шохобчасида портлаш бўлиб, йирик ёнғин юзага келди. Одамлар жароҳатланган, қурбонлар ҳам бор. “Портлади, ер ларзага келди. Тепадан қора тутун чиқишни бошлади”, дейди Kun.uz билан суҳбатда бўлган бозор ишчиларидан бири. Ҳодиса сабаб салкам 30 киши турли даражадаги куйиш билан шифохонага етказилган. Уларнинг 3 нафари вафот этган.
2 декабрь куни Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида жойлашган деҳқон бозоридаги овқатланиш шохобчасида газ баллони портлаши ортидан йирик ёнғин юзага келди. Тармоқларда ҳодиса ва ундан кейинги ҳолат акс этган видеолар тарқалди. Одамлар куйиб, жароҳатланган, ҳатто вафот этганлар борлиги айтилди. Kun.uz вазиятни ўрганиш учун Гулистонда бўлиб, репортаж тайёрлади.
“Uz Bek Family” корхонасига қарашли бу шохобча маҳаллий аҳоли орасида “Бек” чойхонаси номи билан танилган бўлиб, у деҳқон бозорининг ичкарироқ қисмида жойлашган. Чойхона тўлиқ ёниб кетган, жойда ойна синиқлари, эриб кетган кондиционерни, бино ичида эса куйганидан қорайиб кетган идиш-товоқ, қозонлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини кўриш мумкин.




Таҳририят мухбири билан суҳбатда бўлган бозор ишчиларининг айтишича, портлаш бўлган кунда қаттиқ гумбурлаш юзага келган, ер бир силкинган. Одамлар зилзила бўляпти деб ўйлаган. Кейин ёнғин ва қий-чув бошланган. Айрим одамларнинг уст-боши тўлиқ куйиб, яланғоч бўлиб қолгани, бошқалар турли мато ва кийимлар билан уларни ўраб, ёнғиндан узоқроққа олиб кетишга ёрдам қилгани айтилди.
Бозорнинг айнан шохобча жойлашган растасидаги йўл ёпилган, унинг атрофидаги бошқа сотувчиларга жавоб берилган. Вақтинча ишламай туриши маълум қилинган. Ҳозирда ҳудудда ҳуқуқ-тартибот ходимлари бўлиб туришибди.
Таъкидланишича, бахтсиз ҳодиса ортидан чуқур жароҳатланганлар ва ҳатто вафот этганлар ҳам бор. Kun.uz воқеа тафсилотларини ўрганиш учун 2 нафар қурбоннинг жанозасида ҳам бўлди. Улардан бири 32 ёшли ошпаз аёл ва 38 ёшли “табакачи” эркак бўлган. Ҳар икки ходимнинг оиласи ва фарзандлари бор.

Таҳририят мухбирлари шундан кейин Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё вилояти филиалида бўлиб, беморларнинг ҳолати билан қизиқди. “Бек” чойхонасида официант бўлиб ишловчи йигитга кўра, портлаш вақтида ошхонада жуда кўп одам бўлган. Овқат пиширадиган жойдан олов чиқиб, кўпчиликни босим билан жойидан итариб юборган.
Жароҳатланган айрим беморлар интервю давомида компенсация масаласини кўтаришди. Улар буни ким, қандай тартибда қоплаб бериши борасида саволларини йўллашди.


Катталар жарроҳлик жонлантириш бўлими анестезиолог-реаниматологи Акбар Михлиевнинг маълум қилишича, портлаш сабаб 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш ва тан жароҳатлари билан шифохонага келтирилган.
Шундан 10 нафари реанимация бўлимига ётқизилган, 4 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани боис амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган. Қолганлар бошқа бўлимларда даволанмоқда. 2 нафар бемор ҳомиладорлиги сабаб даволанишни давом эттириш учун перинатал марказга юборилган. Ўта оғир қабул қилинган беморлардан 3 нафари вафот этган.
Қайд этилишича, реанимациядаги касалларнинг асосий қисмида 100 фоиз куйиш кузатилган. Бошқа бўлимдагиларда эса 20-30-40 фоиз даражадаги куйишлар мавжуд. Ёрдам учун Тошкентдан тор доира мутахассислари ҳам жалб қилинган.
Сирдарё вилояти ИИБ ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми (Одам ўлиши ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларининг бузилиши) билан жиноий иш қўзғатилиб, 1 киши процессуал тартибда қамоққа олинганини хабар қилган.
Юқоридаги линк орқали репортаж ва ундаги интервюлар билан батафсил танишишингиз мумкин.
Мавзуга оид
15:30 / 06.12.2025
Когонда цехда чақнаш рўй берди, 4 киши ҳалок бўлди
13:23 / 06.12.2025
Пойтахт бозорларида ёнғин ва газ хавфсизлиги юзасидан кучайтирилган текширувлар ўтказилди
09:50 / 05.12.2025
Гулистондаги портлашдан сўнг 3 киши қамоққа олинди
18:29 / 04.12.2025