Ўзбекистон | 12:06 / 21.07.2023
16991
5 дақиқада ўқилади

Йўлсиз йўловчилар — тротуарни ҳам эгаллаётган қурувчилар қачон стандартларга амал қилади?

Шаҳарларимиз кўчалари бўйлаб пиёдалар йўлагида ҳаракатланаркансиз, кутилмаганда пешонангиз йўлтўсар деворларга бориб урилади. Тротуарлар унга алоқаси бўлмаган ёндош ҳудуддаги қурилиш компаниялари томонидан ҳеч қандай изоҳсиз, узр-маъзурсиз, бехижолат эгаллаб олинади. Ҳокимиятга арз қилсангизгина йўлни очиб беришлари мумкин. Махсус белгиланган стандартлар эса фақат қоғозда. Kun.uz шундай ўзбошимчалик ҳолатларини ўрганиб, суриштирув ўтказди.

Қуршаб олинган тротуарлар сабаб пиёдалар ўз йўллари қолиб, иложсизликдан йўлнинг автомобиллар билан тўла қатнов қисмига чиқиб юришга мажбур бўлмоқда.

Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор кўчасидаги қуршаб олинган тротуар
Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Содиқ Азимов кўчасидаги қурилиш сабаб чангга ботган аҳоли пункти

Улар орасида кексалар, ёш болали оналар ҳам бор. Бу йўлларда имконияти чекланган ва ногиронлар қандай ҳаракатланишини эса ўзингиз тасаввур қилаверинг. Шу ўринда мана шундай ўзбошимча қурилиш компаниялари раҳбарларига бир савол: Сиз ўз яқинларингизни тротуарлари эгалланган шундай ҳудудларда жонларини хатарга қўйиб ҳаракатланишларига рози бўлармидингиз?

Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор кўчасининг автомобил қатнов қисмида ҳаракатланаётган пиёдалар
Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор кўчасининг автомобил қатнов қисмида ҳаракатланаётган пиёдалар

Давом этамиз. Чилонзор туманининг биргина Чилонзор кўчаси. 1 км ҳам чиқмайдиган оралиқда 10га яқин қурилишлар сабаб пиёдалар ўз йўлакларидан маҳрум қилинган, ҳатто кўчада йўлнинг икки тарафидаги тротуарлар ҳам бирваракайига тўсиб олинган ҳолат ҳам бор эди.

 Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор кўчасидаги бекатда автобус кутаётган йўловчилар
 Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор кўчасининг икки тарафида ҳам пиёдалар учун йўл йўқ эди

Изоҳ сўраб Чилонзор тумани ҳокимлигига мурожаат қилганимизда, ҳокимлик мутасаддилари 2-3 кун ичида йўлнинг йўловчилар учун ажратилган қисми очиб берилишини маълум қилди ва ваъдага вафо қилиниб, айни пайтда тротуарлар қурилиш қуршовидан чиқарилмоқда. Бўлар экан-ку?

Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор кўчасидаги тротуарларнинг бўшатилиши
Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор кўчасидаги тротуарларнинг бўшатилиши

Аммо бу ўзбошимчаликлар фақат Чилонзорда ва фақат шу кўчада бўлсагина қанийди? Мамлакатнинг исталган ҳудудида бундай ҳолатга дуч келишингиз мумкин.

Биз пойтахтнинг Шота Руставели ва Қушбеги кўчалари кесишмасида жойлашган ва тротуарни беркитиб олган яна бир қурилиш компанияси масъуллари билан гаплашдик, бу ноқулайликлар сабаб пиёдалар ҳаётига қанчалик хавф туғилаётганини ўзларига ҳам тушунтириб, шундай лавҳаларни кўрсатдик. Агар ҳамшаҳарларга ҳозирдан шунчалик бефарқ муносабат бўладиган бўлса, бу компанияга ҳам ишонч сўниб, имижга таъсир қилиши мумкинлигини ҳам эслатдик.

Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Қушбеги кўчасида ҳаракатланаётган пиёдалар
Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Қушбеги кўчасида ҳаракатланаётган пиёдалар

Қурилиш масъулининг айтишича, улар кадастр ҳужжатларида чизиб берилган қизил чизиқлар бўйлаб ҳудудни ўрашган. Шунингдек, ҳатто компания томонидан Яккасарой туман ҳокимлигига қурилиш атрофини ободонлаштириш ва тротуар ташкил қилишга кўмаклашиш бўйича уч марта ташаббус билан ҳам чиқилганини, лекин ҳокимликдан бу борада ёрдам бўлмаганини келтириб ўтишди. Кузатувимиз асосида айтишимиз мумкинки, бу сансалорлик оқибатида мана йилларки, шу бино атрофида юрган одамлар тротуарларсиз қийналиб келишмоқда.

 Навоий вилояти, Навоий шаҳрида тротуар устига қуриб юборилган бино

Республика бўйлаб вазият шунчалик жиддий тус олганки, юқоридаги расмда ҳатто қурувчилар тротуарларга ҳам кўндаланг пойдевор ташлаб, бинони ҳам кўтариб бўлишган. Қани энди бу вазиятда қурилишни четга кўчириб, пиёдалар йўлагини очиб бера оладиган бир азамат топилса. Мана сизларга инсонларга, қонунларга, меъёрларга муносабат. Бу бино кўтарилгунча бу мавзу умуман кўтарилмаган. Натижада эса йўл йўқ!

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги масъулларига кўра, қурилиш объекти тротуарлардан махсус ҳимоя тўсиқлари билан ажратилган ва пиёдалар йўлаги устида ҳимоя ёпмаси билан таъминланган бўлиши керак. Қизиқ-а, норма бўйича тротуарлар махсус ҳимояланган бўлиши керак, лекин аксарият қурилишлар бунга амал қилмай, ҳатто одамларнинг йўлига ҳам “эга” чиқишяпти. Меъёрлар эса фақат қоғозларда қолиб кетаётгандек…

Биз бугун бир нечта мисоллар орқали қурувчилар фаолиятига ойна тутдик. Бунга ким масъул бўлса, вазият ҳақида огоҳ қилдик. Зора қолганлар ҳам сергак тортишса. Чунки ўрганишларимиз давом этади ва биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Сардорбек Усмоний

Мавзуга оид