«Бир давлатда икки президент»: Венесуэлада нималар бўлмоқда?
Венесуэлада оммавий митинглар бўлиб ўтмоқда, мамлакатда ҳокимият ўзгариши мумкин.
Венесуэланинг амалдаги президенти Николас Мадуро ҳокимиятни 2013 йилда партия бўйича ўтмишдоши Уго Чавеснинг ўлимидан кейин қўлга олганди. Унинг бошқаруви даврида мамлакатда энг кам иш ҳақи миқдори 10 долларга тушди, мамлакат аҳолисининг 3 миллион нафардан ортиғи хорижга иш излаб кетишга мажбур бўлди, қолганлар очликда яшашга маҳкум бўлди. 2019 йил январидаги сайловда Мадуро яна ғалаба қозонди, аммо Венесуэла мухолифати ва Ғарб давлатлари президентлик сайлови натижаларини тан олишдан бош тортди.
21 январь куни Венесуэла Мудофаа вазирлиги пойтахт Каракасда давлат тўнтаришига уриниш рўй бергани ҳақида маълум қилди. Бунинг ортидан шаҳарда мамлакат президенти Николас Мадуро сиёсатига қарши кўп минг кишилик намойишлар бошланди ва тез орада бутун мамлакатда намойишларнинг улкан тўлқини ҳосил бўлди. 23 январь куни АҚШ вице-президенти Майк Пенс Қўшма штатлар Мадуро режимини ноқонуний деб билиши, Венесуэладаги намойишларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Бундан руҳланган Венесуэла мухолифати етакчиси, Миллий ассамблеяси (парламенти) раҳбари, 35 ёшли сиёсатчи Хуан Гуайдо Каракасда ўтаётган митинг вақтида ўзини муваққат президент деб эълон қилди.
У мамлакатда ўтиш ҳукумати шакллантиришга ва ҳаққоний сайловлар ўтказилишига, мамлакатдаги гиперинфляцияга барҳам берилишига (Венесуэлада йиллик инфляция 2 млн фоизга етган) ваъда берди.
АҚШ президенти Дональд Трамп дарҳол уни янги президент сифатида тан олди. Трампнинг Мадурони ноқонуний президент деб атаб, парламентни — Венесуэлада халқ томонидан қонуний сайланган ягона қонуний ҳокимият бўғин сифатида эътироф этди.
Ҳафта бошидан буён давом этаётган намойишлар вақтида полиция билан тўқнашувлар туфайли ўнлаб кишилар ҳалок бўлди ва юздан ортиқ киши қўлга олинди. Бу 2017 йилги намойишлардан кейинги энг йирик норозилик акциялари бўлмоқда. Икки йил муқаддам иқтисодий инқироз келтириб чиқарган очликдан кейин бўлиб ўтган тартибсизликлар вақтида 120 нафардан ортиқ намойишчи ўлдирилганди.
Мадуро янги намойишларда АҚШни айблади ва расмий Вашингтон билан дипломатик муносабатлар узилишини эълон қилиб, америкалик дипломатлар Венесуэлани тарк этиши учун 72 соат вақт берилишини маълум қилди.
У митинг уюштирганларни ноқонуний давлат тўнтариши ижрочилари деб атаб, мамлакат ҳарбийларидан садоқат талаб қилди.
Ким ким томонда?
Айни вақтда жаҳон мамлакатлари Венесуэла масаласида иккига бўлинган: Венесуэладаги социалистик режимни қўллаб-қувватловчилар ва янги президентни тан олганлар.
Кўчаларга чиққан юз минглаб венесуэлаликлар ва АҚШдан ташқари, Шимолий ва Жанубий Америка мамлакатларини бирлаштирувчи Америка давлатлари ташкилоти (АДТ), Европа Иттифоқи, Еврокенгаш, Канада, Бразилия, Колумбия, Эквадор, Перу, Парагвай, Чили, Аргентина, Коста-Рика, Гватемала, Ҳондурас, Грузия, Франция ва Буюк Британия ҳукуматлари ҳам Гуайдони Венесуэла давлат раҳбари сифатида тан олди.
Ўз навбатида, Россия, Хитой, Куба, Эрон, Боливия, Уругвай, Мексика, Сальвадор, Никарагуа, Сурия ва Туркия каби давлатлар Мадуро тарафида. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Мадурога қўнғироқ қилди ва уни «укаси» деб атади.
«Биродарим Мадуро, ҳаммаси жойида бўлади! Биз сиз билан биргамиз», - деган Эрдўған.
Россия президенти Владимир Путин ҳозирча Венесуэладаги воқеалар бўйича муносабат билдирмади. Аммо Россиянинг бир қатор расмий шахслари Мадуро ҳукуматини қўллаб-қувватлашларини билдириб ўтишди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШни Венесуэла ишига ҳарбий томондан аралашмаслик ҳақида огоҳлантирди.
«Россия АҚШни Венесуэланинг ишларига ҳарбий аралашувдан огоҳлантиради, бу ҳалокатли ҳолатга олиб келиши мумкин», деди Россия ТИВ раҳбари ўринбосари В. Рябков.
Россиянинг Венесуэладаги манфаатлари
Россия кейинги бир неча йил давомида Венесуэлани инқироз вақтида қўллаб келмоқда. Томонларнинг ҳамкорлик алоқалари бироз аввалроққа бориб тақалади - томонлар аввалдан нефть ва ҳарбий соҳаларда ҳамкорлик қилиб келишган.
Россия учун Венесуэла географик жойлашуви жиҳатидан - АҚШ яқинида жойлашгани туфайли муҳим шерикка айланди. 2018 йилнинг декабрида Венесуэлада қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказилган.
Reuters маълумотига кўра, 2006 йилда Россия ҳукумати ҳамда «Роснефть» Каракасга камида 17 миллиард доллар миқдорида кредит берганди. 2018 йил декабрида Мадуро Москвага келганида Россия Венесуэланинг нефть соҳасига 6 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритганини маълум қилганди. Ўша ойда Каракасга ҳарбий ҳамкорлик доирасида иккита Ту-160 стратегик бомбардимончи самолёти учганди. Бунгача бу самолётлар 2008 ва 2013 йилда ҳам Венесуэлага борган. 2008 йилда эса атом ракеталари билан жиҳозланган «Петр Великий» крейсери Венесуэлада бўлган.
2001 йили имзоланган келишувга кўра, авваллари Ғарб мамлакатларидан қурол олган Венесуэла энди Россия қурол-яроғларини харид қила бошлайди.
2010 йилда Венесуэлада Калашников автоматлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Москва бу ерда автоматларга ўқ ишлаб чиқарадиган завод ҳам қурган.
The Bell маълумотига кўра, Владимир Путиннинг 19 йиллик бошқаруви даврида Венесуэланинг собиқ президенти Уго Чавес ва Николас Мадуро Москвага энг кўп марта келган хорижий давлат раҳбарларидир (МДҲ мамлакатлари бундан мустасно). Путин эса Венесуэлага фақат бир марта, 2010 йилда бош вазир сифатида борган.
2008 йилда Россия-Грузия урушидан кейин Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олган ягона катта давлат Венесуэла бўлганди.
Россиялик амалдорлардан бири The Bell мухбири билан суҳбатда Мадуро президентликдан кетадиган бўлса ҳам «кредитлар учун мажбурият ҳеч қаерга кетмаслиги» ҳақида гапирган. Унингча, Россия қарзларни Венесуэланинг янги ҳукуматидан талаб қилади. Аммо бошқа манбалар бунга скептик ёндашишмоқда. Россия берилган пулларини қайтариб олиши амримаҳол.
«Мадуро декабрь ойида Путин билан учрашуви якунларига кўра келишган беш миллиард долларни ҳали олмаган. Лекин аввалги пуллар «ҳамишаликка» берилган. Агар Мадуро жойида қолмаса, бу пулларнинг қайтиши даргумон», деган манба.
Айни вақтда Мадуро хавфсизлик кучлари, армия, судлар, хазина ва давлат нефть компанияларини назоратида тутиб турибди.
Бу эса Гуайдонинг баёноти ва ҳокимият учун даъвоси ҳозирча фақат рамзий эканини англатади. Мухолифатчининг ҳаракатлари Мадурога босим уюштириш ва уни ўз хоҳиши билан истеъфога кетишга мажбурлашга қаратилган. Лекин ҳарбийлар Мадуро томонда экан, у ҳокимиятни топширмайди. Айни вақтда Гуайдо ҳарбий зобитларни ўзига оғдиришга уринмоқда, у дезертирлик қилган ҳарбийларга амнистия қўллашга ваъда бермоқда.
Мадуро эса муаммоларни ташқи кучлар аралашувисиз ҳал қилишга чақирди, унинг ҳам минглаб тарафдорлари кўчаларга чиқиб, митинг уюштирмоқда.
Венесуэла Мудофаа вазири Владимир Падрино Лопес мамлакат армияси Мадуро тарафида қолишини билдирди ва рўй берган воқеаларни давлат тўнтаришига уриниш деб эълон қилди.
Мавзуга оид
08:02 / 20.11.2024
АҚШ Гонсалесни Венесуэланинг сайланган президенти сифатида тан олди
20:37 / 24.10.2024
Сахаров мукофоти Венесуэла демократик ҳаракати етакчиларига берилди
21:35 / 15.10.2024
Мадуро Илон Маскни Венесуэлада давлат тўнтаришига уринишда айблади
19:56 / 13.10.2024