Жаҳон | 16:40 / 09.10.2025
4169
5 дақиқада ўқилади

Адабиёт бўйича Нобел мукофоти венгриялик ёзувчига берилди

Венгриялик ёзувчи Ласло Краснахоркаи адабиёт бўйича 2025 йилги Нобел мукофоти лауреати бўлди. Мукофот унинг «қиёмат даҳшати шароитида санъатнинг кучини яна бир бор тасдиқлаган ишончли ижоди учун» берилди, дейилади Нобел қўмитаси пресс-релизида.

Фото: Leo Neumayr / AFP / Scanpix / LETA

Ласло Краснахоркаи – Кафка ва Томас Бернҳардга бориб тақаладиган Марказий Европа анъаналарига мансуб буюк эпик ёзувчи ҳамда абсурдлик ва гротескли ҳаддан ошиш билан тавсифланади. Аммо унинг бошқа истеъдодлари ҳам бор: у Шарққа ҳам мурожаат қилади, кўпроқ мулоҳазали, нозик оҳангга эга, дея таъкидлайди Нобел қўмитаси.

Ласло Краснахоркаи 1954 йилда Венгрия жануби-шарқида, Руминия билан чегара яқинида жойлашган Дюла шаҳарчасида дунёга келган. Краснахоркаининг 1985 йилда чоп этилган ва Венгрия адабиётида шов-шув кўтарган ҳамда муаллифнинг ижодий парвозига сабаб бўлган «Шайтон танго»си номли биринчи романида ҳам шундай чекка ҳудуд ҳаёти тасвирланганди. Роман асосида режиссёр Белой Тарр етти соатлик филм ишлаган, у билан Краснахоркаи анчадан буён ижодий соҳада ҳамкорлик қилиб келади.

2015 йилда Краснохаркаи олтинчи халқаро Букер мукофоти билан тақдирланади. Ўшанда ҳакамлар унинг асарларидаги ғайриоддий интенсивлик ҳамда тил диапазонини эътироф этишган.

Ласло Краснахоркаининг бошқа китоблари қаторида «Қаршилик меланхолияси» (1989), «Уруш ва уруш» (1999) ҳамда «Си-ван-му орамизда» (2008) кабиларни келтириш мумкин.

Краснахоркаининг карерасига саёҳатлар ҳам, тил ҳам таъсир кўрсатган. У биринчи марта 1987 йилда коммунистик Венгрияни тарк этиб, стипендия асосида бир йил Ғарбий Берлинда яшайди, кейинчалик Шарқий Осиёда, айниқса Мўғулистон ва Хитойда «Ургининг маҳбуси» ва «Осмон остидаги вайронагарчилик ва қайғу» каби асарлари учун илҳом олди.

«Уруш ва уруш» китоби устида ишлаётганда у Европа бўйлаб кўп саёҳат қилган, шунингдек, бирмунча вақт Аллен Гинзбергнинг Ню Йоркдаги квартирасида яшаган, кейинчалик у афсонавий битник шоирнинг қўллаб-қувватлови романни якунлашда муҳим аҳамиятга эга бўлганини айтганди.

Бунгача 6 октябр куни физиология ва тиббиёт, 7 октябр куни физика, 8 октябр куни кимё бўйича мукофотлар эгалари эълон қилинганди. 

10 октябр куни тинчлик бўйича мукофот лауреати эълон қилинади, иқтисодий фанлар бўйича мукофот эгалари 13 октябр куни маълум бўлади. Лауреатларни тақдирлаш маросими 10 декабр куни Стокҳолмда бўлиб ўтади.

Адабиёт бўйича мукофот тарихи

Физика, кимё ва тиббиёт билан озми-кўпми тушунарли бўлса-да, адабиёт барибир фан эмас ва уни объектив мезонларнинг қатъий доирасига сиғдириш қийин.

Швеция академияси ўз танловида нафақат Нобел жамғармаси низомининг умумий қоидалари (мукофотга тақдим этилган асар бутун инсониятга максимал фойда келтириши керак), балки Нобелнинг адабий асар бу фойдани «идеалистик йўналишда» тақдим этиши кераклиги ҳақидаги алоҳида фикри билан ҳам боғлиқ.

Иккала мезон ҳам анча ноаниқ, айниқса иккинчиси кўплаб мунозараларга сабаб бўлади. Нобел идеализм деганда айнан нимани назарда тутган? Нобел васиятномаси Швеция академияси томонидан қандай талқин қилинганини кузатиш жуда қийин, чунки жамғарма низомига кўра, барча ҳужжатлар ва ёзишмалар 50 йил давомида сир сақланиши керак.

Васиятноманинг замонавий талқини, барибир, Нобел идеализм деганда адабиётдаги идеалистик йўналишни эмас, балки уни ажойиб қиладиган асарнинг мукаммал ижроси, тили ва услубини назарда тутган деган нуқтайи назарга амал қилади.

1901 йилдан бери адабиёт бўйича Нобел мукофоти 117 марта берилган, 121 киши унга сазовор бўлган. Тўрт марта бир вақтнинг ўзида бир неча лауреатга топширилган. Совриндорлардан 18 нафари аёллар.

Адабиёт бўйича Нобел мукофотининг энг ёш лауреати Редярд Киплинг бўлиб, у 1907 йилда 41 ёшида мукофотга сазовор бўлган. Энг кекса ёшлиси – Дорис Лессинг, 2007 йилда лауреат бўлганида 87 ёшда эди.

Етти марта мукофот ҳеч кимга топширилмаган: 1914, 1918, 1935, 1940, 1941, 1942 ва 1943 йилларда.

Икки киши мукофотдан бош тортган: Борис Пастернак 1958 йилда мукофотни дастлаб қабул қилади, аммо кейинчалик Совет Иттифоқи ҳукуматининг босими остида ундан воз кечади; 1964 йилда эса Жан-Пол Сартр мукофотдан бош тортган, чунки у барча расмий мукофотлардан доимий равишда воз кечганди.

Ўтган йиллардаги лауреатлар

2024: Хан Ган (Жанубий Корея)

2023: Юн Фоссе (Норвегия)

2022: Анни Эрно (Франция)

2021: Абдулраззоқ Гурна (Танзания)

2020: Луиза Глюк (АҚШ)

2019: Петер Ҳандке (Австрия)

2018: Олга Токарчук (Полша)

2017: Кадзуо Исигуро (Буюк Британия)

2016: Боб Дилан (АҚШ)

2015: Светлана Алексиевич (Беларус)

2014: Патрик Модиано (Франция)

2013: Элис Манро (Канада)

2012: Мо Ян (Хитой)

2011: Томас Транстремер (Швеция)

2010: Марио Варгас Лоса (Перу)

2009: Герта Мюллер (Германия)

2008: Жан-Мари Ле Клезио (Франция)

2007: Дорис Лессинг (Буюк Британия)

2006: Орхан Памуқ (Туркия)

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид