Ўзбекистон | 16:02 / 04.04.2026
3902
4 дақиқада ўқилади

 “Ташаббус яхши, лекин лойиҳа мукаммал эмас” – артистларни солиққа тортиш нега танқидларга учраяпти?

Kun.uz хонандаларни солиққа тортиш муҳокамаларига минбар ҳозирлади. Шу мавзудаги биринчи суҳбатда қатнашган Солиқ қўмитаси вакилига кўра, таклиф этилаётган тартиб қабул қилиниши ва ишлаб кетишида жамоатчилик қўллови ва назорати катта аҳамиятга эга. Ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов лойиҳани чала ва такомиллаштиришга муҳтож дея баҳолади.

Сўнгги кунларда санъаткорларни солиққа тортиш бўйича муҳокамага қўйилган қарор лойиҳаси юзасидан турли фикрлар янграмоқда. Кўплаб фаоллар хонандалар ҳам ҳамма қатори солиқ тўлаши кераклигини ёқласа, қатор санъат вакиллари бу адолатдан эмаслигига шама қилди.

Kun.uz бу мавзуда суҳбатлашиш учун лойиҳа ташаббускори Адлия вазирлиги ва бошқа идоралар ҳамда санъат аҳли вакилларини студияга таклиф этди. Дастлабки суҳбат – Солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Музаффар Назаров ва жамоатчилик фаоли Абдураҳмон Ташанов иштирокида ўтди.

Ташановнинг фикрича, ташаббус тўғри, бироқ лойиҳа ҳали чала ва хом: уни тўлдириш, интеллектуал мулк вакиллари учун умумий дастурга айлантириш керак, дейди у. Токи “санъаткорларни солиққа тортиш уларнинг кўпайган пулларини сезиб қолиш ортидан бўлмаслиги лозим”.

Мен даромад қилаётган ҳаммани солиққа тортиш тарафдориман, бироқ бугун қўшиқчиларни, эртага циркчиларни, кейин шоирларни алоҳида ҳужжат билан солиққа тортмаймиз-ку, ахир буларнинг ҳаммасига битта қилиб интеллектуал мулк вакиллари учун лойиҳа ишлаш керак эди. Давлат кимнинг пули кўпайса, солиққа тортиш илинжида бўлмаслиги керак”, – дейди жамоатчилик фаоли.

Музаффар Назаровга кўра, бу ҳали лойиҳа ва у жамоатчилик муҳокамаси вақтида кўтарилган масалаларни инобатга олиб, қайта ишланади. Қўмита бу борада ўз таклифларини лойиҳа муаллифи бўлмиш Адлия вазирлигига тақдим этган.

Белгиланаётган янги тизим – 2026 йил 1 сентябридан эътиборан ижрочилар ҳар бир тўй ва тадбир учун алоҳида солиқ тўлашини назарда тутади.

Агар маъқулланса, улар Soliq.uz иловаси орқали буюртмачи билан тузган шартнома шартларини киритишади. Шунда уларнинг рейтинги ва тадбир жойига қараб, қатъий белгиланган солиқ миқдори чиқади. 2029 йилдан эътиборан эса, санъаткорлар билан ҳамма келишувлар ва пул олди-бердиси нақдсиз шаклга ўтади, даромад солиғи эса қатъий белгилаган миқдорда эмас, бошқа касб эгалари каби 12 фоизни ташкил этиши белгиланмоқда”, дейди Назаров.

Қайси ижрочи 1-рейтинг, қайси ижрочи эса 3-рейтингда эканини Маданият вазирлиги ва лицензиялаш билан шуғулланувчи “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси белгилайди.

Солиқ қўмитаси янги тартиб қабул қилинган тақдирда жамоатчилик назоратидан умидвор. Лойиҳада янги тартибга риоя қилмаган ижрочиларни БҲМнинг камида 20 баробари (ҳозирда 8 млн 240 минг сўм) миқдорида жаримага тортиш, ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларга жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида мукофот тўлаш кўзда тутилган.

Суҳбатда, асосан, қарор билан нима ўзгариши мумкинлиги муҳокамадан ўтказилди. Бунга санъаткорлар ва жамият реакцияси эса навбатдаги суҳбатда асосий ўринда бўлади.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид