1 сентябрдан бошлаб санъаткорлар ҳар битта тўй учун 103 минг сўмдан 1 млн 236 минг сўмгача (ижрочининг рейтинги ва тўй бўлаётган манзилга боғлиқ) солиқ тўлай бошлаши мумкин. Бу ҳақдаги қарор лойиҳаси эълон қилиниши билан, тармоқлар “бечора” ва “қарзга ботган” санъаткорларнинг оҳ-у нолаларига тўлиб кетди.

Ўзбекистонда ўқитувчидан тортиб таксичиларгача ҳамма касб-ҳунар эгалари олаётган даромадидан келиб чиқиб солиқ тўлайди. Эндиликда солиқ тўлаш мажбурияти санъаткорларга ҳам татбиқ этилиши мумкин. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳасида 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб, санъаткорлар ҳар бир тўй ёки бошқа тадбирга борганда буни “Soliq” иловасига киритиши назарда тутилган. Даромад солиғи шу асосда “Бир хизмат – бир тўлов” тамойилига ўтади.

Лойиҳага кўра, солиқ миқдори санъаткор рейтинги ва тадбир жойига қараб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,25 баробаридан 3 баробаригача бўлади. Бу янгилик ортидан тармоқлар “бечора” ва “қарзга ботган” санъаткорларнинг оҳ-у нолаларига тўлиб кетди.

Актёр, хонанда ва телебошловчи Самандар Ҳамроқулов аксарият ижодкорларнинг ягона даромад манбайи тўйлар эканига урғу бериб, ҳатто 3-5 йиллаб қарзини узолмай, фойдага чиқолмай юрган ҳамкасблари борлигини айтди. У санъаткорларга енгиллик берилса, яхши ижод маҳсулотлари кўпайишини ҳам қўшимча қилди.

Биз санъаткорлар солиқ тўлашдан қочмаймиз. Лекин санъаткорларнинг топиш манбаси фақат тўй. Улар харажат қилиб қўшиқ ва клип тайёрлайди. Халқда тўй бўлсагина бу харажатлар қопланади ёки қопланмайди. Икки-уч йилдан бери, беш йиллаб қарз тўлаётган санъаткорлар бор, ҳеч фойдага чиқолмайди бечоралар. Шунинг учун солиқларни белгилашда барча жиҳатларни ҳисобга олган маъқул, деб ўйлайман. Солиқдан қочадиган жойимиз йўқ. Мана шу солиқдан кексалар пенсия олади, армиянинг озиқ-овқат, кийим-кечак таъминоти амалга оширилади. Лекин бунақа солиқни қўяётганда, ҳар томонлама ҳисобга олиш керак. Бечора санъаткорларнинг ҳайдаб юрган ялтироқ машиналари кредитга олинган, жуда қарзлари кўп.

Менинг шахсий фикрим: санъаткорларга озгина енгиллик берилса, яхши ижод маҳсуллари бўларди. Санъат – идеология учун энг кучли қурол. Санъаткорлар қўшиғи, ўйнаётган роли ва кинолари билан инсонларни тарбия қилади. Агар уларнинг фикр-у хаёли фақат тирикчилик билан банд бўлиб қолса, ижод бўлмайди. Аниқ ижод қилолмайди бунақа пайтда. Шунинг учун ҳар томонлама ўйланглар”,