Иқтисодиёт | 09:52 / 10.09.2025
10788
4 дақиқада ўқилади

Постсовет минтақаси: Охирги 30 йилда жон бошига даромадлар қандай ўзгарди?

Бу йил Қозоғистон аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича Россияни ортда қолдирди. СССР парчаланганидан кейин унинг собиқ аъзолари орасида энг яхши иқтисодий кўрсаткичларни Озарбойжон қайд этган.

2025 йилга келиб қўшни Қозоғистон аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича Россияни ортда қолдирди. Халқаро валюта жамғармасининг охирги маълумотларига кўра, Қозоғистонда бу кўрсаткич 14 770 долларни ташкил этган бўлса, Россияда 14 260 доллар бўлиб турибди.

Қозоғистон (қизил ранг) ва Россияда (яшил ранг) аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш динамикаси. Манба: Халқаро валюта жамғармаси

Болтиқбўйи мамлакатлари постсовет ҳудудида жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича етакчи бўлиб қоляпти. Эстонияда бу кўрсаткич 32 760 долларга, Литвада 30 840 долларга, Латвияда 24 370 долларга етган.

Эстония (яшил), Литва (сиёҳранг) ва Латвияда (қизил) аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотининг ўсиш динамикаси. Манба: ХВЖ

Сўнгги 34 йил давомида собиқ совет иттифоқи мамлакатлари ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) умумий ҳажми 4 баробардан зиёдга ўсди. Хусусан, 1990 йилда СССР иқтисодиёти ҳажми БМТ томонидан ўша пайтдаги нархларда 791 млрд долларга баҳоланган. 2025 йилда эса собиқ иттифоқнинг 15 та республикасининг ялпи ички маҳсулоти умумий ҳажми 3,25 трлн долларни ташкил этяпти.

Совет иттифоқи парчаланишидан олдин унинг иқтисодиёти номинал жиҳатдан дунёдаги учинчи йирик иқтисодиёт ҳисобланганига қарамай, аксарият тарихчилар ва иқтисодчилар 1960−1980 йилларда ўсиш суръати мунтазам равишда пасайиб борганини таъкидлашади. Мустақилликдан кейинги даврда суверен давлатларнинг ривожланиши сезиларли даражада тезлашди.

Давлатлар кесимидаги ўсиш

Агар 1995 йилдан 2025 йилгача бўлган 30 йилликни таҳлил қиладиган бўлсак, жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича энг катта ўсиш Жанубий Кавказ мамлакатлари – Озарбойжон (24 баробар), Грузия (23 баробар) ва Арманистонда (22 баробар) кузатилган. Шунингдек, Молдова ҳам 17 баробарлик яхшиланишга эришган.

Инфографика: Нурасйл Абдразакули

Евроиттифоққа қўшилган Болтиқбўйи мамлакатларида ҳам кескин кўтарилиш кузатилган: Литвада – 16,5 баробар, Эстонияда – 12 баробар Латвияда – 11,6 баробар.

Жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми Тожикистонда – 14,2 баробар, Қозоғистонда 14 баробар, Украина ва Қирғизистонда 8,3 баробар, Беларусда 7,6 баробарга кўпайган.

1995 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда ўсиш бўйича энг паст кўрсаткич Туркманистон (5,8 баробар), Ўзбекистон (6,2 баробар) ва Россияда (6,3 баробар) қайд этилган.

Аҳоли сонининг ўзгариши

Маълум бир даврда жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотнинг ўзгариши таҳлил қилинганда, аҳоли сонининг ошиши ёки камайиши ҳам муҳим фактор ҳисобланади. Постсовет мамлакатлари кесимида оладиган бўлсак, Озарбойжонда жуда ижобий тенденция кузатилган. Охирги 30 йилда мамлакат аҳолиси қарийб 34 фоизга ошган. Кавказнинг бошқа мамлакатлари: Грузия (-23 фоиз) ва Арманистонда (-6,7 фоиз) эса аҳоли сонининг сезиларли даражада камайиши юз берган. Болтиқбўйи мамлакатлари – Латвия, (-25,9 фоиз) Литва (-20 фоиз) ва Эстонияда (-5,4 фоиз) ҳам шу ҳолат кузатилган.

Шунингдек, 1995-2025 йиллар оралиғида Молдова (-31,2 фоиз), Украина (-19,7 фоиз), Беларус (-10,8 фоиз) ва Россияда (-1,6 фоиз) ҳам аҳоли сонининг камайиши қайд этилган бўлса, Марказий Осиё мамлакатларининг барчасида: Тожикистон (+81,5 фоиз), Ўзбекистон (+79,5 фоиз), Қирғизистон (+60,6 фоиз), Туркманистонда (+40,6 фоиз) ва Қозоғистонда (+22,2 фоиз) катта ўсиш бўлган.

Умумий картинага қарайдиган бўлса, охирги 30 йилликда Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 10,4 баробарга ошган. Бу Россия, Туркманистон, Украина, Беларус, Латвияга нисбатан яхшироқ кўрсаткич. Собиқ совет иттифоқи мамлакатлари орасида энг яхши натижани Озарбойжон қайд этган – 32,6 баробарлик ўсиш.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид