Ўзбекистон | 09:38 / 14.12.2019
4414
5 дақиқада ўқилади

Хусусий нотариусларнинг жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинади

Фото: 123RF

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидалари тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳасига кўра, Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан нотариал ҳаракатлар натижасида зарар кўрган учинчи шахсларнинг мулкий манфаатларини суғурта тўловлари орқали ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ўз касбий мажбуриятларини бузиши оқибатида етказиладиган зарардан жисмоний ва юридик шахсларни ҳимоя қилиш мақсадида ўзининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилдириши шарт.

Қуйидагилар оқибатида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фуқаролик жавобгарлигининг юзага келиши суғурта ҳодисаси ҳисобланмайди:

нотариусга мурожаат қилган шахс томонидан нотариал ҳаракат амалга ошириш билан боғлиқ ёлғон маълумотлар, ҳақиқий бўлмаган ёки сохта ҳужжатлар тақдим этилиши;

агар нотариусга мурожаат қилган шахс у амалга ошириш ҳақида мурожаат қилган нотариал ҳаракат ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа шахсларнинг йўқлиги ёки мавжудлигини билдирмаган бўлса.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш натижасида учинчи шахсларга етказилган зарарни ўрнини қоплаш бўйича фуқаролик жавобгарлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ юзага келиши билан боғлиқ бўлган мулкий манфаатлари мажбурий суғурта объекти ҳисобланади.

Мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта пули қуйидаги миқдордан кам бўлиши мумкин эмас:

Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолиятини ташкил этиш учун унинг фуқаролик жавобгарлиги базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир минг баравари миқдорида;

бошқа аҳоли пунктларида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолиятини ташкил этиш учун унинг фуқаролик жавобгарлиги базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш юз баравари миқдорида.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус нотариал фаолиятни амалга оширишда мажбурий суғурта шартномасини тузиши шарт.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус мажбурий суғурта шартномасини тузмасдан ўзининг мажбуриятларини ва нотариал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.

Мажбурий суғурта шартномасида суғурта қилдирувчи нотариал ҳаракатларни амалга оширганда учинчи шахсларга етказилган зарар туфайли келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича суғурта тўловларини амалга ошириш назарда тутилади, маънавий зарар, бой берилган фойда ва жарима тўловлари бундан мустасно.

Мажбурий суғурта шартномаси суғурталовчи томонидан суғурта қилдирувчига суғурта полисини бериш орқали ёзма шаклда тузилади.

Мажбурий суғурта шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

Мажбурий суғурта шартномаси суғурта қилдирувчининг ёзма аризаси асосида тузилади.

Мажбурий суғурта шартномасида кўрсатилган шартларнинг тўлиқ бўлмаслиги учун суғурталовчи жавобгар бўлади. Мажбурий суғурта шартномаси шартлари тўлиқ бўлмагани билан боғлиқ низо суғурта қилдирувчининг фойдасига ҳал қилинади.

Агар мажбурий суғурта шартномаси суғурта қилдирувчининг ёки учинчи шахсларнинг аҳволини қонунда кўзда тутилган ҳолатларга нисбатан ёмонлаштирадиган шартлар асосида тузилган бўлса, суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда суғурталовчи қонунда белгиланган тартибда суғурта қилдирувчи ва учинчи шахслар олдида жавобгар бўлади.

Агар мажбурий суғурта шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, у суғурта қилдирувчи томонидан суғурта мукофоти тўланган вақтдан, бўлиб-бўлиб тўлашда эса биринчи суғурта мукофоти тўланган вақтдан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий ҳисобланади.

Мажбурий суғурта шартномаси у кучга кирган кундан бошлаб бир йил муддатга тузилади.

Суғурта ҳимоясининг амал қилиш муддати суғурта шартномасининг амал қилиш муддатига тўғри келади.

Мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиши, агар мажбурий суғурта шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди билан чекланади.

Мажбурий суғурта шартномасига ўзгартиришлар томонларнинг келишувига биноан улардан бирининг ёзма аризаси асосида киритилади. Шартномага киритилган барча ўзгартириш ва қўшимчалар улар ёзма равишда ёзилган ва ҳар икки томоннинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланган тақдирда қонуний кучга эга.

Мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

шартноманинг амал қилиш муддати тугаганда;

шартнома муддатидан олдин тўхтатилганда;

суғурталовчи томонидан мажбурий суғурта шартномасида белгиланган суғурта суммаси миқдорида суғурта тўловини амалга оширилганда.

Мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиши қуйидаги ҳолларда муддатидан олдин тўхтатилади:

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус тугатилганда;

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус вафот этганда;

мажбурий суғурта шартномаси суд қарорига кўра ҳақиқий эмас деб эътироф этилганда.

Мажбурий суғурта қилиш шартномасининг амал қилиши қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда ҳам муддатидан олдин тўхтатилиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид