Навоийда тадбирга кетаётган боғча мудиралари ЙТҲга учради. Бир киши ҳалок бўлди
Машинада бўлган яна 3 боғча мудираси турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Улар Навоий вилояти МТТБ топшириғи асосида Зарафшон шаҳридан Навоий шаҳрига йил якунига бағишланган байрам тадбирига кетаётган бўлган.
Зарафшон шаҳридан Навоий шаҳрига кетаётган боғча мудиралари ЙТҲга учради. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат кеча, 28 декабр куни содир бўлган. Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси топшириғи билан олис ҳудудлар – Учқудуқ ва Томди туманлари ҳамда Зарафшон шаҳридан ҳам таълим тизими ходимлари Навоий шаҳрига тадбирга чақирилган.
Ушбу тадбирга Зарафшон шаҳридан келаётган 4 нафар боғча мудираси йўлда ЙТҲга учраган. Улардан бири машина бошқарувида бўлган.
ЙТҲ оқибатида Зарафшон шаҳридаги 3-сонли МТТ мудираси Галина Губина воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, машинада бўлган қолган 3 киши турли тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Ҳолат юзасидан Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди. Унда келтирилишича, 28 декабр куни соат 10:30 да вилоят “Маънавият ва маърифат” марказида Навоий вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг 2024 йил якунларига бағишланган тадбири ўтказилиши режалаштирилган бўлган.
“Сарҳисоб тадбирида узоқ йиллар таълим соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшган, 2024 йилда ютуқларга эришган раҳбар кадрларни, тизимда юқори натижаларга эришган педагог ходимларни қўллаб-қувватлаш мақсадида рағбатлантириш ҳам назарда тутилган эди. Рағбатлантирилувчи раҳбар кадрлар орасида Зарафшон шаҳридаги 3-сон давлат мактабгача таълим муассасаси директори Губина Галина Федоровна ҳам бор бўлган. Йўлда автоҳалокат туфайли Галина Федоровнанинг вафоти муносабати билан тадбир қолдирилганини маълум қиламиз”, дейилади бошқарма муносабатида.
Ҳозирда шифохонага ётқизилган боғча мудираларининг ҳолати яхши экани айтилмоқда.