Жаҳон | 09:30 / 19.01.2026
2969
2 дақиқада ўқилади

Испанияда икки поезд тўқнашуви оқибатида 21 киши ҳалок бўлди

Испанияда икки тезюрар поезд релсдан чиқиб кетиши оқибатида 21 киши ҳалок бўлди. Яна тахминан 100 киши жароҳат олган, шундан 30 нафари — оғир аҳволда. Бу ҳақда душанба, 19 январга ўтар кечаси Испания Ички ишлар вазирлиги хабар берди. Фожиа 18 январ кечқурун Испаниянинг Кордова вилоятида содир бўлган.

Фото: REUTERS

Iryo компаниясига тегишли, Малагадан Мадридга кетаётган поезд релсдан чиқиб, қўшни йўлга чиқиб кетган ва у ерда қарши томондан келаётган, Уэлвага йўналган поезд таркиби билан тўқнашган. Ҳодиса сабаби ҳозирча номаълум. Испания ОАВ маълумотига кўра, икки поездда жами 400 киши бўлган.

Испания бош вазири Педро Санчес вазиятни диққат билан кузатаётганини билдирди. Испания қироллик оиласи ҳам таъзия билдирди.

Reuters агентлиги ёзишича, фожиа жойида қутқарувчилар ишлашда давом этмоқда — улар поездлардаги йўловчилар орасидан тирик қолганларни топишга ҳаракат қилмоқда. Маҳаллий телевидениега берган изоҳларида қутқарувчилар ҳозирча тўқнашувда асосий зарба тушган вагонлардан қанча одам омон қолганини баҳолай олмаслигини айтган.

Поездлар релсдан чиққан ҳудуд жойлашган Адамус муниципалитети раҳбарининг сўзларига кўра, у ҳодиса жойига биринчи бўлиб етиб келганлардан бири бўлган. “Мен таниб бўлмайдиган даражада майиб бўлган йўловчини кўрдим”, — деб айтган амалдор El Pais газетасига берган изоҳида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид