Ўзбекистон | 15:43 / 07.06.2020
22902
2 дақиқада ўқилади

Водий вилоятларини боғловчи ҳалқа темир йўл қурилади

Вагонлар кондиционерлар ва USB-кабеллар билан жиҳозланиши, йўлкира нархи 5 минг сўмдан 45 минг сўмгача бўлиши маълум қилинди.

Фарғона водийси бўйлаб узунлиги 331 км бўлган ҳалқа темир йўл қурилиб, электропоездлар ҳаракати қўйилади. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубнинг 7 июнь куни Фарғонада бўлиб ўтган сессиясида маълум қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Қўқон – Марғилон – Андижон – Наманган – Қўқон» йўналишида ҳаракатланиш экспресс электропоездида, «Қўқон – Наманган – Андижон – Қўқон» йўналишида эса оддий электропоездда йўлга қўйилади.

Экспресс электропоезд 5та бекатда, оддий электропоезд 35та бекатда тўхтайди.

Экспресс бир доира йўлга 5 ярим соат сарфласа, оддий электропоезд 7 ярим соат сарфлайди.

Йиллик потенциал йўловчи оқими экспресс электропоездда 214 мингдан 429 минг кишигача, оддий электропоездда 429 мингдан 858 минг кишигача бўлиши кутилмоқда.

Йўлкира нархи 5 минг сўмдан 45 минг сўмгача бўлади.

Поездлар кондиционерлар, USB-кабеллар, Wi-Fi, буфет, мото-велосипедлар учун махсус жойлар, биоҳожатхона кабилар билан таъминланади.

Дастлабки қиймати 45 млн доллар бўлган лойиҳа ДХШ асосида амалга оширилади. Лойиҳа бир йилдан камроқ вақт ичида - 2021 йил биринчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.

Қўқонда логистика маркази қурилади

Қўқон эркин иқтисодий зонаси қошида, 23 гектар майдонда янги мультимодал логистика маркази ташкил этилади.

Логистика марказида 10 минг кв.м ёпиқ омбор, 3 минг кв.м. совутгичли омбор, ўзгармас юклар учун 30 минг кв.м майдонда очиқ омбор, 27 минг кв.м контейнерлар учун очиқ майдон барпо этилади.

Логистика маркази 12,2 миллион доллар эвазига бунёд этилади.

Мажмуа 200дан ортиқ янги иш ўринлари яратиши билан бирга, йилига 200 мингта контейнер ва 10 миллион тонна юк билан ишлаш қувватига эга бўлади.

Мавзуга оид