Ўзбекистон | 21:36 / 23.03.2021
70692
2 дақиқада ўқилади

1 апрелдан тўйлар ва бошқа оммавий тадбирларга айрим чекловлар ўрнатилади

Республика махсус комиссияси сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида коронавирус билан касалланиш ҳолатлари ортгани муносабати билан мамлакатда кескин эпидемиологик ҳолат юзага келишининг олдини олиш мақсадида қатор таклифларни маъқуллади.

Унга кўра, 1 апрелдан бошлаб тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишда касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида санитария-эпидемиологик назоратни кучайтириш ва ташриф буюрувчилар сонини 100 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказиш талаб этилади.

ССВ матбуот хизмати хабар беришича, 1 апрелдан бошлаб, театр, кино (кинотеатр) ва концерт-томоша дастурларини ташкил этишда:

  • томоша дастурлари ўтказиладиган саройларга ташриф буюрувчи томошабинлар ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг қатъий ниқобда бўлишларини таъминлаш;
  • томоша дастурлари ўтказиладиган саройларнинг томошабин сиғимини инобатга олган ҳолда томошабинлар сонини 50 фоиздан оширмаслик;
  • томоша дастурлари ўтказиладиган саройларнинг томошабин ўриндиқларидан оралиқ масофани сақлаган ҳолда фойдаланилишини таъминлаш;
  • томоша дастурларига ташриф буюрувчиларнинг тана ҳарорати назоратини ўрнатиш ҳамда тана ҳарорати кўтарилган шахсларни дастурга қўймаслик;
  • томоша дастурлари ўтказиладиган саройларда савдо шохобчалари фаолиятини тўхтатиш (ниқоб ва антисептик воситалар савдоси бундан мустасно);
  • томоша дастурлари бўйича тарқатилаётган (сотилаётган) чипталарга «Факат соғлом бўлсангизгина ташриф буюринг» ёзувини ёзиш орқали аҳолини огоҳликка чақириш ва бошқа томошабинларга касаллик юқиб колишининг олдини олиш чораларини кўриш;
  • томоша дастурлари ўтказиладиган саройларнинг кириш қисмида томошабинларнинг бинога тартибли киришларини таъминлаш мақсадида махсус ленталар ёрдамида бир қаторли кириш ва чиқиш йўлакларини ўрнатиш тартиби белгиланди.

Томоша дастурлари ўтказиладиган саройларда карантин қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш бўйича масъулият ташкилотчилар зиммасига юклатилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолидан айрим хорижий мамлакатларда кузатилаётган коронавирус билан боғлиқ кескин эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда, бундай ҳолатлар Ўзбекистонда ҳам қайтарилмаслиги ҳамда ижтимоий ва иқтисодий соҳаларнинг фаолиятини тизимли ташкил этиш учун шахсий масъулиятни оширишни сўради.

Мавзуга оид