Суд Рашид Қодировга ҳукм эълон қилди
Бугун, 2019 йил 26 июнь куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди, Юнусобод туман суди биносида, Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.
Суд ҳукми билан, 2000-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори лавозимида фаолият кўрсатиб келган Рашид Қодиров (Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг «а» банди), пора беришга далолат қилиш (ЖК 28,211-моддаси 3-қисмининг «а» банди), фирибгарлик (ЖК 168-моддаси 3-қисмининг «а» банди), солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (ЖК 184-моддасининг 3-қисми), тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш (ЖК 236-моддасининг 2-қисми), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (ЖКнинг 243-моддаси) каби, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.
Қарийб олти ой давом этган, Ўзбекистон Республикаси ЖПК (жиноят-процессуал кодекс) нинг 19-моддаси, шунингдек «Давлат сирлари тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ, ёпиқ тарзда ўтказилган суд тергови жараёнида барча судланувчиларнинг кўрсатувлари бирма-бир атрофлича текширилди, 200га яқин гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланиб, иш бўйича ўтказилган экспертиза ва хизмат текширувлари хулосалари, шунингдек жиноят ишида тўпланган далиллар, уларнинг қонунийлиги ва асослилиги нуқтаи назаридан тафтиш қилинди.
Суднинг ҳукми билан айбли деб топилган жиноятлари учун Рашид Қодировга, ЖК 50-моддасининг 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Қолган судланувчиларга ҳам қилган қилмишларига яраша қонун доирасида жазолар тайинланиб, уларнинг барчаси қўшимча жазо тариқасида муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ бўлган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Бундан ташқари, суд оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланган Рашид Қодировни (ЖКнинг 52-моддаси) махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритишга қарор қилди.
Судланувчилар айбли деб топилган жиноятлари оқибатида етказилган моддий зарарлар, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида топширилган пул ва хатланган мол-мулклар ҳисобидан қопланиши белгиланди.
Шунингдек, суд томонидан, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 298-моддасига асосан, жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш масаласида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига хусусий ажрим чиқарилди.
Суд ҳукми эълон қилингач раислик этувчи суд процесси иштирокчиларига ҳукмнинг мазмун-моҳиятини батафсил изоҳлаб бериб, шикоят қилиш муддатлари ва тартибини тушунтирди.
Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашид Қодиров 2018 йил февралида қўлга олинган эди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 165 (товламачилик), 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210 (пора олиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилганди.
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024