Ўзбекистон | 14:11 / 03.08.2018
22965
3 дақиқада ўқилади

Ўрта таълим муассасалари педагог ходимларининг иш юкламалари қандай ҳисоблаб чиқарилади?

Фото: marifat.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Халқ таълими вазирлигининг “Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага кўра, иш режа умумий ўрта таълим муассасаси педагог ходимининг йиллик иш юкламасидан (тарификация бўйича ажратилган дарс соатларидан) иборат.

Педагог ходимлар учун дарс соатларининг тарификацияси умумий йиллик иш юкламасида белгиланган 1548 соат (йиллик 43 ҳафта, ҳафталик 36 соат, кунлик 6 соат) ҳисобидан амалга оширилади.

Умумий ўрта таълим муассасасининг педагог ходимлари учун бир ставка миқдоридаги иш юкламаси қуйидагича белгиланади:

1-4-синфларда ҳафтасига 18 соат;
5-11-синфларида ҳафтасига 20 соат.

Иш режани шакллантириш учун умумий ўрта таълим муассасаси педагог ходимининг йиллик иш юкламаси ҳисоблаб чиқарилади.

Умумий ўрта таълим муассасаси педагог ходимининг йиллик иш юкламаси қуйидагича ҳисоблаб чиқилади:

1-4-синфлар учун белгиланган бир ставка миқдоридаги иш юкламаси ҳафталик ҳажмини 1 коэффициентга кўпайтириш орқали, яъни:

18*1=18+18=36*4,3(ҳафта)=154,8*43 (ҳафта)=1548 соат;

5-11-синфлар учун белгиланган бир ставка миқдоридаги иш юкламаси ҳафталик ҳажмини 0,8 коэффициентга кўпайтириш орқали, яъни:

20*0,8=16+20=36*4,3(ҳафта)=154,8*43 (ҳафта)=1548 соат.

Умумий ўрта таълим муассасаси педагог ходимининг йиллик иш юкламаси (бир ставка ҳисобида) бир ҳафтада 36 соат, бир ойда 154,8 соат, бир йилда 1548 соат миқдорида қуйидаги қисмлардан иборат ҳолда амалга оширилади:

ўқув-тарбия жараёни;
ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараён.

Ўқув-тарбия жараёни учун ажратиладиган соатлар миқдори қуйидагича аниқланади:

1-4-синфлар учун белгиланган бир ставка миқдоридаги иш юкламаси ҳафталик ҳажмини бир йил мобайнида дарс машғулотлари олиб бориладиган ҳафталар сонига кўпайтириш орқали, яъни 18*34=612 cоат;
5-11-синфлар учун белгиланган бир ставка миқдоридаги иш юкламаси ҳафталик ҳажмини бир йил мобайнида дарс машғулотлари олиб бориладиган ҳафталар сонига кўпайтириш орқали, яъни 20*34=680 соат.

Ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараён учун ажратиладиган соатлар миқдори қуйидагича аниқланади:

1-4-синфлар учун белгиланган бир ставка миқдоридаги иш юкламаси йиллик ҳажмидан ўқув-тарбия жараёни учун ажратиладиган соатларни айириш орқали, яъни 1548-612=936 cоат;
5-11-синфлар учун белгиланган бир ставка миқдоридаги иш юкламаси йиллик ҳажмидан ўқув-тарбия жараёни учун ажратиладиган соатларни айириш орқали, яъни 1548-680=868 соат.

Иш режа икки қисмдан иборат тадбирлар мажмуасидан иборат тарзда шакллантирилади:

ўқув-тарбия жараёнига оид;
ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараёнга оид.

Ўқув-тарбия жараёнига оид йиллик иш режа умумий ўрта таълим муассасаси раҳбарияти томонидан тасдиқланган дарс жадвалига кўра педагог ходимларга тарификация бўйича ажратилган дарс соатлари асосида шакллантирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид