Ўзбекистон | 21:19 / 09.09.2024
14428
5 дақиқада ўқилади

Enter Engineering ходимлари апрелдан буён маошсиз ишлаётганини айтмоқда

Kun.uz'га мурожаат қилган Enter Engineering компаниясининг офис ходимлари баҳор ойларидан бери маош олишмаётганини билдирди. Улар Бойсундаги конда юз берган авария оқибатини юмшатиш ишлари ойликларнинг яна кечикишига сабаб бўлишидан хавотирда. Меҳнат кодексига кўра, ходимларга камида ҳар ярим ойда бир марта иш ҳақи тўланиши керак.

Фото: Enter Engineering

Kun.uz'га Enter Engineering компаниясининг бошқарув офисида ишлайдиган ходимлар уларга бир неча ойдан бери маош тўланмаётганидан шикоят қилиб мурожаат йўллади.

“Сентябрда бизга (офис ишчиларига) ойлик иш ҳақи тўлашмаётганига 6 ой бўлди. Ҳеч кимнинг булар билан иши йўқ, ҳеч кимнинг буларга тиши ўтмайди. Илтимос, шу масала бўйича суриштирув олиб боринг, зора ҳолат яхши томонга ўзгарса”, – дейилади мурожаатда.

Таъкидланишича, Бойсундаги конда рўй берган авария оқибатини юмшатиш ҳаракатлари сабаб ойликлар яна кечиктирилиши мумкин.

1 сентябр куни техноген офат рўй бериб, атмосферага водород сулфид гази тарқаган Мустақилликнинг 25 йиллиги кони лойиҳасида Eriell ва Enter Engineering компаниялари пудратчи сифатида қатнашмоқда. Конни ўзлаштириш бўйича бош пудратчи – Eriell. Газни қайта ишлаш заводи, инфратузилма объектлари, газни йиғиш, тайёрлаш ва етказиб бериш тизимини лойиҳалаштириш, ускуналарни етказиб бериш ва қуриш ишлари эса “тайёр ҳолда топшириш” шарти билан Enter Engineering компаниясига юклатилган.

Мурожаатда Enter Engineering'нинг офис ходимлари апрел ойидан бери ойликсиз ишлаётгани, нима сабабдан ойлик берилмаётгани ҳақидаги саволларга раҳбарлар жавоб бермаётгани, “шунчаки пул йўқ” дейиш билан кифояланаётгани, бир қатор ходимлар ишдан бўшаётгани айтилган. Ишдан бўшаётган ходимларнинг айримлари бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳам ёзган.

7-8 сентябр кунлари Enter Engineering ходимларига кечиккан маошларнинг бир қисми тарқатилган. / Фото: Ижтимоий тармоқлар /

Аввалроқ, Daryo.uz Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибидаги 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишида ишлаётган Enter Engineering ишчилари Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллигини пулсиз кутиб олгани ҳақида ёзганди. Ходимлар 2024 йилнинг май ойи учун “аванс” берилганини, ўшандан бери маошсиз ишлаб келишаётганини айтишган.

Кейинроқ, ишчиларнинг нашрга билдиришича, 7-8 сентябр кунлари фабрикани қураётган компания – Enter Engineering ишчиларига маош тарқатган: май ойининг 30 фоиз қолдиғи ва июн ойи маошининг 70 фоизи берилган.

Мурожаатчиларнинг билдиришича, маошлар дастлаб 7 сентябр куни Олмалиқ 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишида ишлаётган ишчиларга, кейин Самарқанд ва Қоракўлдаги ишчиларга тарқатилган. Лекин компаниянинг бошқарув офиси ва вилоятларидаги офислари ишчиларига маош ҳамон берилмаган.

Дастлабки мақоладан кейин Daryo.uz сўровига жавоб бераркан, Enter Engineering матбуот хизмати маошлар секин-аста берилаётганини билдириб, бу мавзуни ҳозирча олиб чиқмаслик ҳақида маслаҳат берган.

Компания ходимларнинг маошларини бир неча ойлаб кечиктириши янги масала эмас. Апрел ойида ижтимоий тармоқларда ОКМК мисни бойитиш фабрикаси қурилишида иш ҳақи тўланмаётгани сабабли ходимлар жамоавий норозилик блидиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Enter Engineering ишчилари Gazeta.uz'га 2024 йилнинг январ, феврал ва а ойлари учун уларга маош берилмаётганини маълум қилганди. Нашрга кўплаб ишчилар кўчада тўпланиб, иш ҳақи кечикаётганидан норози эканини билдирган видео келиб тушган.

Бундан ташқари, Enter Engineering'га аффилланган Eriell компаниясида ҳам ходимларнинг иш ҳақлари борасида муаммолар бор. Kun.uz'га мурожаат қилган Eriell ходимларига 3 ойлик маошлари тўланмаган. Компания ходими ойликлар бир неча ой кечиктирилгач, июнда ишдан бўшаганини айтади.

“Июнда ишдан бўшадим, яқинда май ойининг маошини тўлашди. Ҳозир ишлаётганлар 3 ойлик маошларини олмаган”, – дейди у.

Меҳнат кодексига биноан, ходимларга иш ҳақини тўлаш муддати ярим ойда бир мартадан кам бўлмаслиги керак.

Маълумот учун, Enter Engineering компанияси 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, муқаддам “Газпромбанк” назоратида бўлган; нефт ва газ, саноат ва фуқаролик объектларини лойиҳалаш, етказиб бериш, қуриш ва ишга тушириш бўйича хизматлар кўрсатади. Eriell эса нефт ва газ қазиб олувчи компаниялар учун эксплуатация ва қидирув (разведка) қудуқларини бурғилаш хизматларини кўрсатади.

Хорижда рўйхатдан ўтган ҳар иккала компаниянинг бенефициари ўзбекистонлик тадбиркор Бахтиёр Фозилов экани айтилади. Унинг бизнес фаолияти, шунингдек, Enera компаниялар гуруҳи назоратидаги активлар, шунингдек, мамлакатдаги энг йирик газ омборини кенгайтириш лойиҳасини ҳам ўз ичига олади.

Мавзуга оид