Ўзбекистон | 13:57 / 12.05.2021
23658
2 дақиқада ўқилади

Жиззах шаҳри ҳокими биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи мансабдор 2000 доллар пора билан қўлга тушди

Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Жиззах шаҳар молия бўлими бошлиғи, шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Ойбек Нурматов қўлга олинди. У шаҳардаги ижтимой соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш бўйича ўтказиладиган тендер савдоларини олиб бериш эвазига тадбиркордан 2000 доллар талаб қилган.

Жиззах шаҳри ҳокимининг молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи мансабдор тендерни олиб бериш учун тадбиркордан 2000 АҚШ доллари олаётган пайти қўлга олинган.

Жиззах шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг аниқлик киритишича, пора билан ушланган мансабдор шахс ижтимоий тармоқларда айтилганидек шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари эмас, кадрлар етишмовчилиги сабабли Жиззах шаҳар молия бошқармаси бошлиғи Ойбек Нурматов вақтинча шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида тайинланган.

Маълум қилинишича, Ойбек Нурматов жорий йилнинг 6 май куни соат 20:00ларда Жиззах шаҳри Жиззахлик маҳалласида 2000 АҚШ долларини ўзи бошқарувидаги Gentra юкхонасига ташлаб қўйган ҳолда олган вақтда тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Тадбиркорга олиб берилиши ваъда қилинган тендер Жиззах шаҳридаги ижтимоий соҳа объектларида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича ўтказилиши режалаштирилганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилояти ҳоким ўринбосари Акром Раҳмонқуловнинг қариндошлари бир неча юз миллиардлик давлат буюртмаларини қўлга киритгани жамоатчиликка маълум бўлганди.

Кейинчалик, президент Жиззахда қурилиш соҳасидаги можаролар ортидан Жиззах вилояти ҳоким ўринбосари Акром Раҳмонқуловни сиёсатга хиёнатда айблаган ва кейинроқ у ишдан олинганди. Шундан сўнг, Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосарига нисбатан жиноят иши ҳам қўзғатилганди.

Мавзуга оид