Жаҳон | 12:14 / 30.07.2018
5317
1 дақиқада ўқилади

Японияда Паркинсон касаллигини илдиз ҳужайралар ёрдамида даволаш бўйича тажрибалар ўтказилади

Фото: Fotolia

Япониянинг Киото университети олимлари 1 августдан жаҳонда илк бор Паркинсон касаллигини даволаш учун сунъий илдиз ҳужайраларидан асаб ҳужайраларини яратиш ва одамларга кўчириб ўтказиш бўйича клиник тажрибаларни ўтказишни бошлашади. Бу ҳақда Киодо агентлиги хабар бермоқда.

Дастлаб профессор Дзюн Такахаси раҳбарлиги остида олимлар инсон плюрипотент илдиз ҳужайраларидан асаб ҳужайраларини яратишади. Сўнгра ҳужайралар Паркинсон хасталигига дучор бўлган бемор миясига кўчириб ўтказилади.

2012 йилда Киото университети олимлари сунъий асаб ҳужайраларини Паркинсон касаллигига дучор бўлган маймун миясига кўчириб ўтказишганди. Ярим йилдан сўнг унинг миясини текширган олимлар маймуннинг ҳаракатланиш қобилияти 10 фоизга яхшиланганини қайд этишди. 

Шу пайтга қадар давоси топилмаган Паркинсон хасталигида асаб ҳужайралари миқдорининг камайиб кетиши оқибатида беморда ҳаракатланиш қобилияти йўқолади.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид