Ўзбекистон | 19:43 / 07.10.2025
11161
2 дақиқада ўқилади

“Бизни Худо асради” — Зойир Мирзаев боғчалардаги заҳарланиш ҳақида

“Агар 5-6 миллиардлик дори-дармонлар вақтида бормаганда, билмайман нима бўларди”, деди Тошкент вилояти боғчаларидаги оммавий заҳарланиш ҳақида гапирган вилоят ҳокими. У аутсорсинг тизими қонун олдида жавоб бериши, қамоққа олинганлар сони 11 кишига етгани, шунингдек, Санэпидқўмитанинг вилоятдаги масъуллари ишдан олиниши кераклигини айтди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг 6 октябр кунги сессиясида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев боғчаларда кузатилган оммавий заҳарланиш ҳақида гапирди. Бу ҳақда Daryo хабар берди.

“24 сентябр куни Пискент, Бўка, Оққўрғон ҳамда Қуйи Чирчиқ туманларида 1922 нафар бола овқатдан заҳарланиши ҳолати қайд этилди.

Бизларни ўшанда Худо асради. Агар вақтида дори-дармонлар... 5-6 миллиардлик дори-дармонлар бормаганда, билмайман нима бўларди”, – деди Мирзаев.

“Аутсорсинг тизими қонун олдида жавоб беради. Қамоққа олинганлар 11 киши бўлди”, дея қўшимча қилди вилоят раҳбари.

Зойир Мирзаевнинг фикрича, рўй берган ҳолат учун Санэпидқўмитанинг вилоятдаги ва туманлардаги бошлиқларини ишдан олиш керак.

“Ҳаммасини лавозимдан озод қилиш керак. Вилоят [бошқармаси]дан бошлаб ҳаммасини”, – деди у.

Санэпидқўм раиси ўринбосари Нурмат Отабековга кўра, заҳарланиш гумони билан 1922 нафар боғча тарбияланувчиси текширувдан ўтказилган ва улардан 963 нафарига ўткир гастроэнтерит ташхиси қўйилган. 30 сентябр ҳолатига, болаларнинг деярли барчаси соғайиб уйига қайтгани, фақат уч нафари даволаш жараёнида аниқланган олдиндан мавжуд касалликлар сабабли тиббий кузатув остида қолгани маълум қилинган.

Ҳолат юзасидан тузилган махсус ишчи гуруҳ ҳалига қадар дастлабки ахборот бергани йўқ. 27 сентябр куни жиноят иши доирасида таъминотчи корхоналарнинг 7 нафар мансабдори қамоққа олингани хабар қилинганди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид