Ўзбекистон | 22:01 / 26.07.2022
31358
2 дақиқада ўқилади

Комил Алламжонов Президент администрацияси раҳбарига ўринбосар бўлди

Комил Алламжонов энди Сардор Умрзоқовга ўринбосарлик қилади.

Фото: Комил Алламжонов / Telegram

Комил Исмоилович Алламжонов Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг бу борада тегишли фармони имзоланди.

Манбаларга кўра, ўринбосарлик лавозими янги ташкил этилди ҳамда Алламжонов энди жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсатига масъул бўлади. Ўз навбатида, Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари — президент матбуот котиби лавозими ҳам сақлаб қолинади.

Бунгача администрация раҳбарининг уч нафар ўринбосари бор эди - биринчи ўринбосар Азиз Мағрупов, ўринбосар Алишербек Пайғамов ҳамда президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Маълумот учун, Комил Алламжонов 2017 йил декабрида Ўзбекистон президенти матбуот хизмати раҳбари бўлган, 2018 йил ноябрида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига раҳбар бўлган. 2019 йил февралидан бу ташкилот Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сифатида қайта ташкил этилган.

У 2020 йил январ ойидан буён Масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди васийлик кенгаши раиси лавозимида ишлаб келаётганди.

  • Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июл ойи бошида Зайнилобиддин Низомиддинов Президент администрацияси раҳбарлигидан кетди - у бу лавозимда администрация ташкил этилган 2018 йил августидан буён ишлаётганди. Кейинроқ унинг ўрнига сўнгги уч йилда инвестиция ва ташқи савдо вазири бўлган Сардор Умрзоқов тайинланди.

Мавзуга оид