Жаҳон | 15:13 / 02.02.2026
5697
8 дақиқада ўқилади

Эрон-Хитой ҳарбий машғулотлари режаси, Покистонда ўлдирилган юзлаб жангарилар ва Туркиядаги мудҳиш автоҳалокатлар – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Эрон атрофидаги вазият

Эрон олий раҳнамоси Али Хоминаий АҚШ томонидан зарба берилиши минтақавий уруш келтириб чиқаришидан огоҳлантирди.

«Бу сафар, агар АҚШ урушни бошлаб берса, у бутун минтақага ёйилади», - деди Хоминаий якшанба куни Теҳронда бўлиб ўтган йиғилишда.

Хоминаий Вашингтоннинг Форс кўрфазига авиаташувчилар ва ҳарбий кемалар юборганини «янгилик эмас» деди. Унинг айтишича, АҚШ расмийлари илгари ҳам бир неча бор шунга ўхшаш таҳдидлар қилган, кўпинча «барча вариантлар стол устида», жумладан ҳарбий куч ишлатиш имконияти борлигини таъкидлаб келган.

«Энди бу одам ҳам доимий равишда ‘биз ҳарбий кемаларни олиб келдикʼ ва шунга ўхшаш гапларни айтяпти», - деди Хоминаий Доналд Трампни назарда тутиб. «Эрон халқи бундай гаплардан қўрқмаслиги керак. Эрон халқи бу таҳдидларга таъсирланмайди».

АҚШнинг Эронга зарба бериш эҳтимоли ҳақидаги хавотирлар кучайиб бораётганига қарамай, кескинлик пасаяётганидан дарак берувчи белгилар ҳам пайдо бўлди.

Шанба куни Эроннинг юқори мартабали расмийси музокаралар учун «тузилмавий асос» шаклланаётганини билдирди. Трамп ҳам журналистларга Эрон билан «жиддий музокаралар олиб борилаётганини» айтган.

Бундан ташқари, маҳаллий ОАВлар Эрон февраль ойининг ўрталарида Ҳинд океани шимолий қисмида Хитой ва Россия билан қўшма денгиз ҳарбий машғулотлари ўтказишини билдирди.

«Денгиз хавфсизлик камари» деб номланган қўшма машғулотларда Эроннинг мунтазам ҳарбий-денгиз флоти ҳамда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси, шунингдек Хитой ва Россия ҳарбий-денгиз кучлари қатнашади.

Исроил яна Ғазога зарба берди

Ғазода давом этаётган сулҳга қарамай Исроил шанба куни секторга шиддатли ҳаво зарбаларини берди. Уйлар, чодирлар ва полиция бўлимига қилинган ҳужумлар оқибатида 32 киши ҳалок бўлди.

Исроил ҳарбий самолётлари Ғазо шаҳрининг ғарбида жойлашган Шайх Радван полиция бўлимини бомбардимон қилди. Бу ҳужумда беш нафар ходимни ҳам ўз ичига олган ҳолда 13 киши ҳалок бўлган. Бошқа ҳаво зарбалари Ғазо шаҳридаги камида икки уйга ва Хон Юнусдаги чодирга берилган.

«‘Сулҳ’ дейишади. Ўша болалар нима қилди? Биз нима қилдик?» — дейди уч ёшли жиянининг жасадини кўтариб олган Самер ал-Атбаш.

Исроил ҳарбийларининг айтишича, бу зарбалар аввалги куни сулҳ бузилганига жавобан берилган. Унга кўра, Рафаҳда туннел ичидан чиқиб келган саккиз нафар қуролли шахс аниқланган.

IDF’га кўра, Ҳамас ва унинг иттифоқчиларига алоқадор қўмондонлар, қурол-яроғ омборлари ҳамда ишлаб чиқариш объектлари нишонга олинган.

Ғазонинг қарийб ярмида назоратни сақлаб турган Ҳамас эса Исроил сулҳни бузганини айтди. Бироқ шанбадаги ҳужумларда ўз аъзолари ёки объектлари зарба олган ёки олмаганини маълум қилмади.

10 октябрдан буён Исроил Ғазода сулҳни бир неча маротаба бузиб, 500 га яқин фаластинликларни ўлдирди.

Reutersʼнинг хабар беришича, Ҳамас сулҳнинг иккинчи босқичи доирасида АҚШ қўллаб-қувватлайдиган янги Фаластин маъмуриятига ўзининг 10 минг нафар полиция ходимини қўшишни талаб қилмоқда. Бу талаб Исроил томонидан қаршиликка учраши эҳтимоли бор.

Покистон 145 нафар жангари йўқ қилинганини билдирди

Балужистон бўйлаб давом этган 40 соатлик жангларда Покистон хавфсизлик кучлари 145 нафар жангари йўқ қилинганини маълум қилди. Покистон ички ишлар вазирининг ўринбосари Талал Чаудрининг айтишича, шанба куни оддий фуқаролар кийимида бўлган ҳужумчилар шифохоналар, мактаблар, банклар ва бозорларга кириб, ўқ отишни бошлаган.

«Ҳар бир ҳолатда ҳужумчилар фуқаролар сифатида кириб, дўконларда ишлаётган оддий одамларни аёвсиз нишонга олди», — деди у. Сепаратистик «Балужистон Озодлик Армияси» ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Балужистон бош вазирининг айтишича, жангарилар ҳужумлари оқибатида 17 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ва 31 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. Шунингдек, гуруҳ Покистон хавфсизлик кучларининг 84 нафар аъзосини ўлдирганини ва 18 нафарини асирга олганини даъво қилди.

Бунга жавобан армия, полиция ва терроризмга қарши бўлинмалар кенг кўламли қарши операцияларни бошлаган. Покистон армияси шанба куни 92 нафар, жума куни эса 41 нафар жангари ўлдирилганини маълум қилди.

Покистон жануби-ғарбидаги Эрон ва Афғонистон билан чегарадош ушбу вилоятда исёнчилар хавфсизлик кучлари, тинч аҳоли ва инфратузилмага ҳужумларни кучайтирган.

Давлатнинг энг катта ва энг камбағал вилояти бўлган Балужистонда сепаратистлар кўпроқ автономия ва табиий бойликлардан катта улуш талаб қилмоқда.

Покистон армияси ҳужумлар «Ҳиндистон қўллаб-қувватлаган жангарилар» томонидан амалга оширилганини айтди. Ҳиндистон эса бу баёнотни рад этди.

Россия дрони 12 кишини ўлдирди

Украина расмийларининг маълум қилишича, 1 февраль куни Днепропетровск вилоятидаги кончиларнинг автобусига Россия дрони зарба берган. Ҳужум оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлиб, етти киши жароҳатланган.

Ҳужум, Володимир Зеленский келаси ҳафтада уч томонлама музокараларнинг иккинчи босқичи бўлишини эълон қилганидан бир неча соат ўтиб содир бўлди.

Қайд этилишича, ҳалок бўлган ва жароҳатланганларнинг барчаси сменадан қайтаётган ходимлар бўлган.

Ҳужум Тернивка шаҳрида содир бўлган, эълон қилинган видеоларда ойналари чилпарчин бўлган, куйиб кетган автобус акс этган.

Бундан ташқари, расмийлар якшанба куни Запорижжя шаҳрида туғуруқхона ва турар жой биносига берилган зарбалар оқибатида камида тўққиз киши жароҳатланганини билдирди.

Зеленскийнинг айтишича, Путин 1 февралгача Украина энергетика инфратузилмасига ҳужум қилмасликка рози бўлган бўлса-да, мамлакатдаги логистика объектларини нишонга олишни давом эттирмоқда.

Туркияда автобус ҳалокати

Якшанба куни Туркиянинг жанубидаги Анталия вилоятида шаҳарлараро автобус йўлдан чиқиб кетиб, тўққиз киши ҳалок бўлди, яна ўнлаб одамлар жароҳат олди. Тасвирларда автобус автомагистралга чиқиш яқинида қияликда ёнбошлаб ётгани акс этган.

«Биз Испартадан Анталияга кетаётган эдик. Йўлда туман бор эди, ҳайдовчи эса жуда тез ҳаракатланаётган эди», - деди ҳалокатдан омон қолган йўловчи Аҳмет Кодаз.

Шундан сўнг, автобус бурилишга келганда бурила олмаган. «Аввалига ён томонга оғиб, сирғалди, кейин тўсиққа тиқилиб қолди. Шундан сўнг йўловчилар билан бирга қияликдан пастга ағдарилиб кетдик», дейди у.

Анталия вилояти ҳокими ҳалок бўлганлар сонини тасдиқлади ва автобусда 34 нафар йўловчи бўлганини билдирди. Расмийларнинг айтишича, жароҳат олганларнинг етти нафари оғир аҳволда, ҳалок бўлганлар орасида ҳайдовчи ҳам бор.

Euronewsʼнинг ёзишича, худди шу куни Бурдур вилоятида содир бўлган бошқа бир йўл-транспорт ҳодисасида етти киши ҳалок бўлган.

Ички ишлар вазири Али Ерликая Туркияда 2024 йилда ЙТҲлар оқибатида 6,3 мингдан кўпроқ одам вафот этганини эслатди ва йўл ҳаракати қоидаларини қатъийлаштиришга чақирди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид