Жаҳон | 22:56 / 25.12.2025
13560
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Путинга ўлим тилаётганига ишора қилди ва Россияни «худосизлик»да айблади

Володимир Зеленский украиналикларга Рождество мурожаатида Владимир Путинга ўлим тилаётганига ишора қилди ва Россия армиясини Рождествода Украина ҳудудларига берилган зарбалар туфайли «худосизлик»да айблади. Бу сўзлар Кремлнинг ғазабини қўзғатди.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Украина президенти Володимир Зеленский украиналиклар Рождествода Россия президенти Владимир Путиннинг ўлимини истаётганига ишора қилди, шунингдек, Россия қўшинларини «худосизлик»да айблади.

У 25 декабрга ўтар кечаси Рождество байрамига бағишланган мурожаатида Путиннинг исмини тилга олмасдан шундай деди: «Бугун ҳаммамизнинг орзумиз битта. Биз ҳамма учун ягона тилакни билдирамиз: «Майли у ўлсин», дейди ҳар ким ўзича. Аммо Худога илтижо қилганимизда, албатта, кўпроқ сўраймиз. Украина учун тинчлик сўраймиз».

«Рождество арафасида россияликлар аслида ким эканини яна бир бор кўрсатди. Ёппасига ўққа тутиш, юзлаб «шоҳидлар», баллистика, «ханжарлар» - ҳаммаси бор эди. Худосизлар шундай зарба беради. Насронийлик ва инсонийликка мутлақо алоқаси бўлмаганлар шундай қилади», деб қўшимча қилди Зеленский.

Зеленский Путиннинг исмини тилга олмаган бўлса-да, унинг сўзлари Кремлда ғазабга сабаб бўлди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу сўзларни «маданиятсизлик ва ғазаб оқибати» деб ҳисоблади, Зеленскийни эса «адекват бўлмаган одамга ўхшайди» деб атади. «У сиёсий-дипломатик воситалар билан тартибга солиш бўйича адекват қарорлар қабул қилишга қодирми, деган саволни бермоқчиман», деди Песков.

Володимир Зеленский ва Владимир Путин ўртасидаги муносабатлар тарихини «эҳтиёткор мулоқотдан очиқ ҳарбий ва сиёсий қарама-қаршиликка ўтиш, кескин душманлик» деб қисқача таърифлаш мумкин.

2019-2020 йилларда улар орасидаги муносабатни мулоқотга уриниш сифатида баҳолаш мумкин. Зеленский Донбассдаги урушни тугатиш ваъдаси билан ҳокимиятга келди. Нормандия формати (Украина, Россия, Германия, Франция) доирасида музокаралар бўлиб ўтди. Асирлар алмашинуви бўлиб ўтди, шахсий алоқалар бўлди. Зеленский очиқчасига Путин билан бевосита гаплашишга тайёрлигини айтди. Бироқ, асосий масалалар (чегаралар, ҳудудларни назорат қилиш) бўйича муросага келинмади.

2021 йилда муносабатлар ёмонлашди. Россия Украина чегаралари яқинида қўшин тўплай бошлади. Зеленский НАТО ва Европа Иттифоқига йўналишни кучайтирди, Кремл буни таҳдид деб баҳолади. Юзма-юз учрашувлар бўлмади, риторика қатъийлашди.

2022 йилдан ҳозирги кунгача очиқчасига душманлик даври. Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг, Зеленский Путинни ҳарбий жиноятчи деб атади. Украина Россиянинг амалдаги президенти сифатида Путин билан музокаралардан расман бош тортди. Путин, ўз навбатида, Украина ҳокимиятининг ҳозирги кўринишдаги қонунийлигини тан олмайди ва Зеленскийни «ташқи бошқарув» таъсирида эканини таъкидлаб келади.

Зеленский ва Путин ўртасида шахсий симпатия ёки ишонч йўқ. Зеленский оммавий чиқишларида Путинни уруш учун шахсан жавобгар сифатида тилга олади. Путин Зеленскийнинг исмини деярли тилга олмайди, «Киев режими» каби ибораларни маъқул кўради.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид