Жаҳон | 09:53 / 21.03.2018
12058
2 дақиқада ўқилади

Исроил махфий маълумотни ошкор этди - Суриядаги ядро реактори бомбардимон қилинган

Фото: Gidfblog.com

Исроил 2007 йилда унинг авиацияси Суриядаги ядро реакторини бомбардимон қилгани ҳақидаги маълумотни ошкор этди. Қайд этилишича, реактор қурилишнинг охирги босқичларида бўлган, деб хабар бермоқда РИА «Новости» армия баёнотига асосан.

«Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари 5дан 6 сентябрга ўтар тунда Суриянинг Дайр-аз-Зор вилоятида, Дамашқдан 280 миля шимоли-шарқдаги ядро объектини йўқ қилди. У қурилишнинг сўнгги босқичида бўлган. Тўртта F-16 самолёти нафақат Исроилга, балки бутун минтақага хавф солиши мумкин бўлган атом таҳдидини йўққа чиқарди», - дейилади хабарда.

Улар видеоёзувни ҳам эълон қилишган, унда объект – тўртбурчак шаклдаги бинога зарба бериш палласи акс этган. Шунингдек, одам яшамайдиган жойда қурилган иншоот ҳаводан берилган зарба туфайли вайронага айланганидан дарак берувчи фотосуратлар ҳам тақдим этилди. Бошқа бир суратларда – амалиётда иштирок этган учувчилар, ҳамда уларнинг жанговар машиналари - F-15 ва F-16 қирувчилари тасвирланган.

«Ҳарбий разведка ядро объектини тиклаб бўлмайди, деган қарорга келди. Исроил Мудофаа армияси сурияликлар томонидан рўй бериши мумкин бўлган эҳтимолий жавоб ҳаракатларига тайёргарлик кўргани туфайли, амалиёт ҳақидаги маълумот ҳозирча ошкор этилмаслиги лозим, деган фикрга келинган», - дея маълум қилишди ҳарбийлар.

Исроил армиясидан қўшимча қилишларича, «ядро объектлари ИШИД қўлига тушиб қолганида, қандай зарар етказилиши мумкин бўлганини фақат тахмин қилиш мумкин».

Мавзуга оид