Ўзбекистон | 10:59 / 20.06.2020
10670
4 дақиқада ўқилади

Электр қурилмаларни эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари тасдиқланади

Вазирлар Маҳкамасининг “Электр қурилмаларни эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қоидаларга кўра, электр қурилмаларни эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнат муҳофазаси тўғрисида” ва “Электр энергетикаси тўғрисида” қонунларига мувофиқ электр энергетикаси соҳаси корхоналарида ишлаб турган электр қурилмаларни эксплуатация қилаётган, уларда қурилиш-монтаж, таъмирлаш ва созлаш ишларини амалга ошираётган ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек уларга ишлаб чиқаришдаги хавфли омиллар таъсирининг олдини олишга қаратилган.

Қоидаларнинг талаблари идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъий назар, электр энергетикаси соҳасидаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналари (электр станциялар) ҳамда электр энергиясининг узатилишини ва тақсимланишини амалга оширувчи корхоналари, шунингдек ушбу корхоналарга тааллуқли ишларни бажарувчи илмий-тадқиқот, лойиҳа, қурилиш-монтаж, таъмирлаш ва созлаш ташкилотлари учун мажбурийдир.

Қоидаларга мувофиқ фойдаланиладиган ҳимоя воситалари давлат стандартлари, шунингдек Электр қурилмаларида фойдаланиладиган ҳимоя воситаларини қўллаш ва синаш қоидаларига мувофиқ бўлиши шарт.

Ишларни бажаришда қўлланиладиган механизмлар ва юк кўтариш машиналари, компрессор қурилмалари ва ҳаво йиғгичлар, асбоблар ва мосламалар синалган бўлиши шарт ва меҳнат хавфсизлиги стандартлари талабларига, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан саноат хавфсизлиги соҳасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Асбоб ва мосламалар билан ишлаганда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек ишлаб чиқарган завод йўриқномаларига мувофиқ эксплуатация қилиниши шарт.

Ишлаб турган электр қурилмаларда қурилиш ва монтаж ишлари бажарилаётганда қурилиш меъёрлари ва қоидалари (ҚМҚ) талабларига риоя қилиниши шарт.

Ишчи ва хизматчилар учун меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномаларида мазкур Қоидалар талаблари инобатга олиниши шарт.

Ҳар бир ходим, агар у қоидалар бузилишини бартараф этиш чораларини кўра олмаса, зудлик билан юқори турган раҳбариятга барча аниқланган бузилишлар, шунингдек электр қурилмаларидаги инсон ҳаёти учун хавф туғдирувчи носозликлар, иш олиб бориш жараёнида ишлатиладиган машиналар, механизмлар, асбоблар, мосламалар ва ҳимоя воситаларидаги бузилишлар ҳақида хабар бериши шарт.

Қоидалар талабларига зид бўлган фармойиш ва топшириқларни бажариш ман қилинади.

Ишлаётган ходимларни ўқитиш ва билимларини текшириш тартиби Электр энергетикаси объектларида ходимлар билан ишларни ташкил қилиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилиши шарт.

Зарарли ва хавфли меҳнат шароитларида ишлайдиган ишчилар ва муҳандис-техник ходимлар (МТХ) Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ тиббий кўрикдан ўтишлари шарт.

Электр қурилмаларга хизмат кўрсатаётган ишчи ва хизматчилар, ўзларининг эгаллаб турган лавозими ёки касби доирасида Қоидаларни билишлари ва Қоидаларга мувофиқ электр хавфсизлиги бўйича гуруҳга эга бўлишлари шарт.

Қоидалар бўйича билимлари текширувдан ўтган ходимга белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади ва ходим гувоҳномани иш пайтида ўзи билан олиб юриши шарт.

Хавфсизлик бўйича қўшимча талаблар қўйиладиган ишларни (махсус ишларни) бажариш ҳуқуқига эга бўлган ходимлар гувоҳномасида билимлар синовидан ўтганлиги ҳақида белгиланган намунадаги ёзув бўлиши шарт.

Бундай ишларга қуйидагилар киради:

юқорида бажариладиган ишлар;

ток ўтказувчи қисмларда, кучланиш остида бажариладиган ишлар: изоляторларни тозалаш, ювиш ва алмаштириш, симларни таъмирлаш, изоляторларни ва бириктирувчи қисқичларни ўлчов штангаси билан назорат қилиш, тросларни мойлаш;

босим остида ишлайдиган идишларга хизмат кўрсатиш;

ускуналарни юқори кучланиш остида синаш (мегаомметр билан ишлашдан ташқари).

Махсус ишлар рўйхати корхона раҳбарияти кўрсатмасига биноан, маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда, тўлдирилиши мумкин.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатига мувофиқ ушбу рўйхатдаги ишларга жалб қилиниши тақиқланади.

Қоидаларнинг талабларини бузган ходимлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ жавобгар ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид