Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АЭС майдончаси учун хавфсизлик талаблари лойиҳаси ишлаб чиқилди
Атом электр станцияси (АЭС) қурилиши режалаштирилаётган майдончани танлаш, баҳолаш ва якуний тасдиқлаш босқичларида хавфсизликни таъминлаш бўйича янги талаблар лойиҳаси тайёрланди. Ҳужжатда табиий ва техноген хавфлар, сейсмик хатарлар, портлаш-ёнғин манбалари, радиация таъсирини баҳолаш ҳамда атроф-муҳит мониторингига доир мезонлар белгилаб берилган.
“Атом электр станцияси майдончаси. Хавфсизлик талаблари” лойиҳасига кўра, АЭС майдончаси танланаётганда ҳудуднинг табиий-географик, ижтимоий-демографик ва муҳандислик-геологик шароитлари комплекс ўрганилиши шарт. Шунингдек, атмосфера ҳавоси, ер усти ва ер ости сувлари, тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси бўйича мониторингни ташкил этиш, АЭС фаолиятининг аҳоли ва атроф-муҳитга эҳтимолий таъсирини баҳолаш ҳамда ҳисобга олиш тартиби белгиланмоқда.
Лойиҳада АЭС хавфсизлигини таъминлаш учун табиий ва техноген келиб чиқишга эга ташқи таъсирлар параметрларини ҳисобга олган ҳолда техник ва ташкилий чоралар асослаб берилиши лозимлиги қайд этилган. АЭС жойлаштириш ҳудуди ва майдонча чегаралари муҳандислик-геологик, гидрологик, сейсмологик ҳамда радиациявий-гигиеник тадқиқотлар натижалари асосида белгиланиши назарда тутилмоқда.
Лойиҳага кўра, АЭС қуйидаги ҳолатларда жойлаштирилишига йўл қўйилмайди:
- бевосита фаол ёриқлар устидаги майдончаларда;
- МСК-64 шкаласи бўйича максимал ҳисобланган зилзила жадаллиги 8 баллдан юқори ҳудудларда;
- сулфатли ва тузли карст тарқалган ҳудудларда;
- табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига кўра АЭС қуриш тақиқланган ҳудудларда.
Шунингдек, ерости сувлари сатҳи юқори бўлган жойларда АЭС қуриш мақсадга мувофиқ эмаслиги таъкидланган. Агар майдончада аниқланган камчиликларни лойиҳавий ёки маъмурий чоралар билан бартараф этиб бўлмаса, у номақбул деб топилиши лозим.
Ҳужжатда тектоник фаоллик, ёриқлар ва эҳтимолий зилзила ўчоқлари зоналари, тупроқ тебраниш хусусиятлари, суюқланиш эҳтимоли каби кўрсаткичлар чуқур таҳлил қилиниши шартлиги келтирилган. Шу билан бирга, экстремал ёғинлар, қор эриши, тошқинлар, кўчкилар, бўронли оқимлар ва сейшалар таъсири ҳисобга олиниб, майдончани сув босишнинг эҳтимолий максимал баландлиги ва давомийлиги аниқланиши белгиланган.
Лойиҳага мувофиқ, майдонча ва унинг атрофида йилига 10⁻⁶ ва ундан ортиқ эҳтимолликда юзага келиши мумкин бўлган техноген хавф манбалари алоҳида ўрганилади. Жумладан, портлаш хавфи бўлиши мумкин бўлган объектлар, портловчи моддалар омборлари, юқори босимли қурилмалар, нефт-газ қувурлари, кимё корхоналари, транспорт йўналишлари ҳамда ҳаво йўллари бўйича хавфсизлик таҳлиллари талаб этилади.
АЭСнинг қуриш, эксплуатация ва эксплуатациядан чиқариш босқичларида атроф-муҳит мониторинги дастури ишлаб чиқилиши, натижалар бутун ҳаётий давр давомида ҳужжатлаштирилиши кўзда тутилган. Радиоактив моддаларнинг миграцияси ва тўпланиши, атмосфера ва сув объектларига таъсир, аҳолининг озиқ-овқат истеъмоли, шамол гули ва метеошароитлар каби омиллар инобатга олиниши шарт.
Шунингдек, аҳолини ҳимоя қилиш чораларини режалаштириш зонаси чегараси АЭСдан 25 кмдан ортиқ бўлмаслиги, бу зонада ўртача аҳоли зичлиги 100 киши/км²дан ошмаслиги ҳамда эвакуация имкониятини таъминлайдиган транспорт коммуникациялари назарда тутилиши белгиланган.
Лойиҳа талабларига риоя этилиши устидан назорат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан амалга оширилиши кўрсатилган.
Мавзуга оид
14:59 / 10.02.2026
АҚШ Арманистонга Россияга энергетик қарамликдан қутулиш учун 9 млрд доллар ажратади
09:05 / 01.02.2026
Қамоқдаги каттаконлар, антикоррупция вертикали ва туғилишнинг пасайиши — ҳафта дайжести
21:02 / 27.01.2026
Ўзбекистонда АЭС қурилиши старти 2026 йил охирига қолдирилади
14:49 / 27.01.2026