Жамият | 19:56 / 15.10.2024
7139
2 дақиқада ўқилади

Қадимий олтин тангаларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди

Тошкент шаҳрида яшовчи шахс 100 дона «Николай» тангаларини 67 минг долларга сотишга уринган, унинг харидори бу маданий бойликларни хорижга олиб чиқиб пуллашни режалаштирган.

Фото: ДХХ

Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона идораларини жалб қилган ҳолда Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, Олмазор туманида истиқомат қилувчи, 1966 йилда туғилган А.Х. 100 дона олтин тангани Андижон шаҳрида яшовчи, 1963 йилда туғилган Э.С.га 67 минг долларга сотган вақтида, уларнинг иккиси ҳам ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, фуқаро А.Х.га тегишли автомашинадан қўшимча 37 дона олтин тангалар ҳам тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Экспертиза хулосасига кўра, соф оғирлиги жами 776 грамм бўлган 5 ва 10 рубл кўринишидаги олтин тангалар нумизматик ашёлар сифатида маданий бойликлар сирасига киради ҳамда бадиий, тарихий аҳамиятга эга ҳисобланади.

Асллик даражаси 900 ва 916 бўлган мазкур қадимий тангалар 1897-1911 йиллар оралиғида босиб чиқарилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 950 млн сўмни ташкил этади.

Аниқланишича, фуқаро Э.С. халқ тилида «Николай» тангалари деб айтиладиган ушбу тарихий, моддий қимматликларни Қирғизистоннинг Ўш вилоятига олиб бориб, сотишни режалаштирган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 177-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид