Ўзбекистон | 12:39 / 27.08.2019
8725
4 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида мева-сабзавотчилик кластери ташкил этилади

Фото: Uz24

Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида мева-сабзавотчилик кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида “Agriculture Support Eksport” масъулияти чекланган жамияти томонидан мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишга ихтисослаштирилган намунавий мева-сабзавотчилик кластерини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин. Бунда:

“Agriculture Support Eksport” МЧЖга ажратилган 1,4 минг гектар суғориладиган ер майдонидан самарали ва унумли фойдаланиш, ушбу майдонларга мос экспортбоп экинларни жойлаштириш, ғўза майдонларини босқичма-босқич қисқартириш ҳисобига 2021 йилга қадар уларнинг ўрнига тўлиғича сабзавот экинларини жойлаштириш ва интенсив боғларни яратиш;

мева-сабзавотчилик соҳасида кластер тизимини жорий қилиш, мева-сабзавот етиштиришда илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш мақсадида хорижий мутахассисларни жалб қилиш;

республиканинг тупроқ ва иқлим шароитини ҳамда жаҳон бозори коньюктурасини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларининг селекцияси ва уруғчилигини йўлга қўйиш ва ривожлантириш;

мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш жараёнини тўлиқ қамраб олувчи тизимни яратиш орқали маҳсулот сифати жаҳон стандартларига мос экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш;

мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга ихтисослаштирилган ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш мақсадида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириб бориш;

мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва чуқур қайта ишлашда маҳаллий ва жаҳон илм-фани ва амалиётининг энг яхши ютуқларидан самарали фойдаланган ҳолда ресурс тежайдиган технология ва усуллардан фойдаланиш ҳамда фитосанитария қоидаларига риоя қилиш тавсия этилади.

“Agriculture Support Export” МЧЖ томонидан 2019-2021 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг прогноз параметрлари маъқулланади.

Белгиланишича, мева-сабзавотчилик кластери томонидан инвестиция мажбуриятлари бажарилмаганда, ажратилган ер участкаларидан оқилона фойдаланилмаганда ёхуд тупроқ унумдорлигининг пасайишига, кимёвий ва радиоактив ифлосланишига, атроф муҳитнинг бузилишига, республика ҳудудида карантин объектларининг пайдо бўлишига ва тарқалишига олиб келувчи усуллардан фойдаланилганда ер участкасининг ижара шартномаси қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бекор қилинади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:

“Agriculture Support Export” МЧЖга ажратилган ер майдонларидан самарали ва унумли фойдаланишини, ушбу майдонларга маҳсулот сифати жаҳон стандартларига мос экспортбоп мева-сабзавот экинларини жойлаштирилиши ва экилишини назорат қилиб боради.

Шунингдек, “Agriculture Support Export” МЧЖга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига киритилган мева ва сабзавот экинларининг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш, уруғликларни тайёрлаш ва фойдаланиш учун тупроқ унумдорлиги юқори ва сув таъминоти яхши бўлган 100 гектар экин майдони ажратилишини таъминлайди.

“Agriculture Support Eksport” МЧЖ Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қабул қилиш, тозалаш, саралаш, қуритиш ҳамда қайта ишлаш қувватларини 2021 йилга қадар тўлиқ ишга туширилишини таъминлайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид