Жаҳон | 16:59 / 22.10.2025
12117
7 дақиқада ўқилади

Путиндан Трампгача. Давлат раҳбари бўлиш қанчалик даромадли иш?

АҚШ президенти Доналд Трамп йилига 400 минг доллар маош олади. Бу Apple компанияси бош директори Тим Кукнинг маошидан 186 баробарга кам. Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ойлиги ва пенсиясини қўшгандаги даромади 411 минг 800 лира. Энг кўп маош оладиган давлат раҳбарлари рейтингида биринчи ўринни Сингапур бош вазири Лоуренс Вонг эгаллайди. Унинг йиллик даромади 1,69 млн доллар. 

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Президентлар нимадан тирикчилик қилади, деб ўйлайдиганлар орамизда топилса керак. Улар ҳам эл қатори маош олади. Давлат раҳбарларининг даромади қонун ёки махсус қарорлар билан белгиланади ва мамлакатга қараб фарқланади. Маошдан ташқари, президентлар кўпинча давлат томонидан молиялаштириладиган имтиёзларга ҳам эга бўлади. Хусусан, яшаш жойи, транспорт, хавфсизлик ва тиббий хизматлардан ҳам текин фойдаланишади. Kun.uz очиқ манбалар асосида бир қатор мамлакат раҳбарларининг даромади ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтади.  

Трамп қанча маош олади?

АҚШ президенти Доналд Трамп йилига 400 минг доллар ишлаб топади, бу амалдаги президентлар учун одатий кўрсаткич. Умумий маошга 50 минг долларлик «харажат нафақаси», 100 минг долларлик саёҳат ва 19 минг долларлик дам олиш харажатлари кирмайди. Президентларнинг маоши АҚШ тарихида бор-йўғи беш марта оширилган. Энг сўнггиси Билл Клинтон даврида содир бўлган ва Жорж Буш давридан амалиётга татбиқ қилинган. Ўша вақтдан бери Америка президентлари стандарт – йиллик 400 минг доллардан маош олишади ва уларнинг ойликлари инфляцияга индексация қилинмайди. Таққослаш учун, Apple компанияси бош директори Тим Кукнинг 2024 йилдаги маоши Трампникидан 186 баробарга кўпроқ – 74,6 млн доллар. 

Канада бош вазири Марк Карнининг йиллик даромади қарийб 289 минг долларни ташкил этади. Бу сумма парламент аъзоси мақомидаги асосий маош (144,3 минг доллар) ва Бош вазир учун қўшимча тўловни (144,3 минг доллар) ўз ичига олади. Карни учун «24 Sussex» ва «Harrington Lake» каби резиденциялар ажратилган, унинг сафар ва хавфсизлик харажатлари Канада бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.

Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг йиллик маоши 228 минг доллар бўлса, Австралия Бош вазири Энтони Албаниз Америка президентидан ҳам кўпроқ даромад олади – йилига 412 минг доллар.

Шунингдек, Бразилия етракчиси Лула да Силва 73 минг доллар, Аргентина президенти Хавер Милей эса 33 минг доллар атрофида йиллик даромадга эга бўлади.

Путиннинг расмий даромади қанча?

Германия канцлери Фридрих Мерцнинг даромади 348 минг еврони ташкил этади. Бу мамлакатдаги ўртача маошдан 6,7 баробарга кўп. Таққослаш учун, Франция президенти Эммануэл Макроннинг йиллик даромади ҳам Мерцникидан сезиларли даражада кам – 193 минг евро. Испания Бош вазири Педро Санчез умумий ҳисобда 104 минг евро, Италия бош вазирлари эса йилига 100 минг еврога яқин маош олишади. Аммо умумий даромад бундан анча кўп бўлиши мумкин. Масалан, амалдаги Италия Бош вазири Жоржа Мелони солиқ декларациясида 2024 йилдаги умумий даромади 459 минг еврони ташкил этганини қайд этган. Бунда унинг депутатлар палатаси аъзоси сифатидаги ойлиги, шунингдек, турли қўшимча тўловлар, компенсациялар ва бошқа манбалардан тушган даромадлари ҳисобга олинган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ойлиги ва пенсиясини қўшгандаги даромади 411 800 лира бўлиши кўзда тутилган. Бу тахминан 9800 доллар атрофида бўлади ва йилига 117 минг долларга етади. Бунга қўшимча тарзда, президент учун давлат сарфларига 2,9 миллион лира бюджет ажратилиши белгиланган. Эрдўған расман Истанбулдаги Долмабахче саройи ва Анқарадаги ҳашаматли қасрдан фойдаланади, шунингдек темирйўл, ҳаво ва автомобил хавфсизлигига доир имтиёзларга эга.

Россия президенти Владимир Путиннинг расмий маоши бўйича аниқ маълумотлар йўқ. Forbes’нинг ёзишича, Путин йилига 113 минг доллар маош олади. 2024 йилда Марказий сайлов комиссиясига тақдим этган декларациясига кўра, Россия етакчиси олти йил давомида, хусусан, 2017–2022 йилларда 67,6 миллион рубл ишлаб топганини қайд этган. Ушбу миқдорга иш ҳақи, пенсиялар, шунингдек, банк депозитлари, қимматли қоғозлар ва мулкни сотишдан тушган даромадлар киради.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг йиллик маоши 180 минг манатга ёки 105 минг долларга тенг. Украина президенти Владимир Зеленскийнинг расмий ойлик маоши эса атиги 666 долларни ташкил этади. Чунки расмий Киев Россия билан уруш фонида молиявий қийинчиликлар гирдобида қолган.

Марказий Осиё президентлари

Марказий Осиё мамлакатлари президентларининг қанча ойлик олиши ҳақида расмий ва аниқ маълумотларни топиш мушкул, аммо тахминий кўрсаткичлар мавжуд.

Масалан, «Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида давлат раҳбарига ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши белгиланган. Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг 22 та разряди бор. Ҳар бир разряднинг оклад иш ҳақи турлича бўлади. Бунда энг юқори миқдор айни пайтда 4 млн 571 минг сўм. Ушбу суммага асосий самарадорлик кўрсаткичлари учун ойлик устамалар, мартаба даражалари учун тўловлар ҳамда мукофот ва бонуслар қўшилади. 

24.kg нашрининг ёзишича, Қирғизистон президенти Садир Жапаровда йиллик маоши 31,5 минг доллар, Тожикистон президенти Имомали Раҳмонники 50 минг доллар атрофида бўлиши мумкин. Қозоқ нашрларига кўра, мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг йиллик даромади 10,4 миллион тенгега тенг. Бу доллар эквивалентида 19,4 минг бўлади.

Туркманистон президентининг расмий даромадлари бўйича очиқ манбалардан ҳеч қандай маълумот топишнинг имкони йўқ.

Энг кўп маош оладиган давлат раҳбарлари рейтингида биринчи ўринда Сингапур бош вазири Лоуренс Вонг қайд этилган. Унинг йиллик даромади 1,69 миллион доллар. Хитой раиси Си Жинпингнинг йиллик даромади 22 минг доллар, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модида бу кўрсаткич 24 минг долларни ташкил этади.

Достон Аҳроров тайёрлади

Мавзуга оид