Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Келажак шакли: Хитойда 2026 йилда битадиган 12 йирик лойиҳа
Дунёдаги меъморчиликка бағишланган етакчи онлайн-журнал — Dezeen журналистлари Хитойда шу йил якунланиши кутилaётган энг кутилган 12 та меъморий лойиҳа рўйхатини эълон қилди. Эътибор беришга арзийдиган объектлар орасида — Шэнчжэндаги икки йирик Хитой компаниясининг штаб-квартиралари, собиқ фарфор заводи ўрнидаги меҳмонхоналар, шунингдек музей ҳам бор.
Фото: Zaha Hadid Architects
OPPO компанияси штаб-квартираси — Хитойнинг етакчи смартфон ишлаб чиқарувчиларидан бири — ўзаро боғланган тўртта минорадан ташкил топади, уларнинг энг баланди 200 метрга етади. Британиянинг Zaha Hadid Architects бюроси лойиҳаси минораларни пастга томон тораядиган, силлиқ ва шиша шакллари орқали бирлаштиради — бу иншоотга динамика ва енгиллик туйғусини беради. Ички қисмида катта атриумлар жойлашади, уларни ёруғликка тўлган очиқ режали офислар ўраб туради. Меъморлар бу орқали компаниянинг “боғлиқлик (connectivity) ғоясига содиқлиги”ни таъкидлашни мақсад қилган.
Пекиндаги MAD Architects студияси бу йил Чжэцзян провинциясидаги Анцзи шаҳрида Маданият ва санъат марказини якунлайди — у санъат ва маданий тадбирлар учун мўлжалланган олтита майдондан иборат мажмуа. Комплекснинг образини осма томлар шакллантиради — улар сочилиб ётган бамбук баргларини эслатади. Меъморларнинг айтишича, биноларнинг силлиқ контурлари атрофдаги чай плантацияларининг релъефи билан уйғунлашади.

Шанхай Гранд опера театри — Норвегиянинг Snøhetta бюроси томонидан лойиҳаланган йирик маданий объект — халқаро танловда ғолиб бўлганидан тўққиз йил ўтиб, омма учун эшикларини очади. Бинонинг асосий хусусияти — ергача тушиб келадиган винтсимон том бўлиб, у таъсирчан спирал зинапояга айланади. Муаллифлар ғоясига кўра, шакл очилаётган елпиғични эслатади. Том қопламаси қирғоқбўйи майдони билан туташади ва ҳам жамоат макони, ҳам катта тадбирлар учун саҳна вазифасини ўташи мумкин.

Хитойнинг Neri&Hu студияси Цзиндэчжэндаги собиқ фарфор заводи ҳудудида иккита янги меҳмонхонани лойиҳалади. Ҳар иккиси ҳам саккиз қаватли бинодир ва кўтарилган майдон (платформа) устида жойлашади. Черепицали том эски завод силуетига ишора қилади, комплекс безагида эса қизил бетон, қизил керамика ва қизил ғишт қўлланади.

Кўп функцияли Xinhu Hangzhou Prism мажмуаси иккита қия фасад ва чиқиб турган кубсимон балконлардан ҳосил бўлган асимметрик шакли билан ажралиб туради. Нидерландиянинг OMA бюроси режасига кўра, бино “осмонга интилган чўққи”ни эслатиши керак. Концепция қадимий хитой мақолига илҳомланган: “Юқорида — осмон, пастда — Сучжоу ва Ханчжоу”. Фасадлар асосида оммага очиқ “боғ-атриум”га олиб кирадиган катта жой кўзда тутилган.

Weilong New Residence турар жой мажмуаси қишлоқ жамоатларини кўчириш учун мўлжалланган бўлиб, аҳоли турмуш сифатини оширишни мақсад қилади. Ханчжоудаги Line+ студияси лойиҳаси “мустаҳкамланган қишлоқ” концепциясидан илҳомланган — бу Жанубий Хитойга хос, бир неча авлоднинг жамоавий яшаш тизимидир. Комплексда уй-жойдан ташқари таълим, маданий ва тижорат функциялари ҳам назарда тутилган.
Швейцариянинг Herzog & de Meuron бюроси лойиҳалаган чўзиқ музей мажмуаси Хитойнинг Буюк канали бўйлаб жойлашади. Бу канал дунёдаги энг узун ва энг қадимий сунъий сув йўли бўлиб, Пекиндан Ханчжоугача 1600 километрдан ортиқ масофага чўзилган. Меъморлар биноларнинг узун шаклини “канал тарихини сўзлаб берувчи, Хитой мўйқаламининг нозик чизиғи”га қиёслайди, тўлқинсимон шиша фасад эса сув юзасини эслатади. Кўргазма майдонларининг умумий ҳажми икки сатҳда жойлашган 50 000 квадрат метрни ташкил этади. Кўтарилган галереялар остида жамоат ҳудудлари ва тадбир майдончалари бўлади.
Немис-хитой қўшма студияси Büro Ziyu Zhuang (BUZZ) Хубэй провинциясидаги Ziyouji бутик-мажмуаси учун ҳайкалсимон бинолар гуруҳини лойиҳалади. Таркибига санъат музейи, медитация учун минора, арт-устахона ва санъат китоб дўкони киради — натижада очиқ жамоат меъморчилик ҳудуди шаклланади. Лойиҳа монументалликни табиий ландшафт билан уйғунлаштириб, бир қатор таъсирчан меъморий доминантлар яратади.
Шэнчжэнда China Merchants Bank учун 388 метрлик осмонўпар бино қурилиши тугалланади — лойиҳа Британиянинг Foster + Partners студиясига тегишли. Фасад турли бурчакларда ўрнатилган учбурчак шиша панеллардан ташкил топиб, аркасмон структуралар ҳосил қилади ва Шэнчжэн кўрфазига манзарани кучайтиради. Меъморлар анъанавий хитойча қоғоз қатлаш санъатидан илҳомланган.
Luzhou маркази бир нечта силлиқ контурли ҳажмлардан ташкил топиб, уларни яшил том бирлаштиради. Ички қисмида кўргазма заллари, ресторанлар, савдо ва кўнгилочар ҳудудлар жойлашади. Лойиҳа Link-Arc студиясига тегишли — у Dezeen Awards China’да “Йил меъмори” номинацияси ғолиби. Концепция сув мавзусига, тўлқинлар тебранишидан илҳомланган бўлиб, сув бўйида жойлашувни акс эттиради. Мажмуа Уҳаннинг янги маданий доминантига айланиши кўзда тутилган, режалаштирилган объектлар орасида — Со Фудзимото лойиҳалаган театр ва Snøhetta лойиҳалаган кутубхона ҳам бор.
Янцзи дарёси бўйидаги кўп функцияли комплекс Aedas халқаро студияси томонидан Jing бренди учун лойиҳаланган. Иккита минора — 180 метрлик офис ва 100 метрлик меҳмонхона — “дарёдаги елканлар” сифатида тасаввур қилинган ва умумий пойдевор қисми билан бирлаштирилган. Участканинг бурчагидаги бренд шоуруми пиёла шаклида ишланган бўлиб, ҳам кўргазма, ҳам жамоат макони вазифасини бажаради.
Маҳаллий Muda Architects студияси Чэндудаги Tianfu халқаро автодромида Lynk&Co автомобил бренди учун кўп сатҳли шоурумни тақдим этади. Деконструктивистик меъморчилик бренднинг спорт моделлари дизайнига ишора қилади: фасадлар динамик эгилмаларга эга кумушранг алюминий панеллар билан қопланади. Меъморлар лойиҳани “келажак кемаси — трасса, шаҳар, анъана ва инновациялар энергиясини боғловчи” деб тавсифлайди.
Мавзуга оид
07:35
Рейтинг: Хитой сўнгги 20 йилда энг кўп қаерга сармоя киритди?
18:28 / 01.04.2026
Хитой асосчиси Мао ҳақидаги муҳим маълумотлар акс этган ҳужжатлар АҚШ ҳудудида қолади
17:49 / 01.04.2026
Хитой ва Покистон Яқин Шарқдаги урушни тугатиш режасини таклиф қилди
20:32 / 31.03.2026