Жаҳон | 10:17 / 30.03.2022
23054
3 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантларнинг чиқиб кетиши кузатилмоқда, мамлакат иқтисодиёти 2 миллионгача иш ўрнини йўқотиши мумкин

Россиядаги турли диаспоралар, жумладан, ўзбек диаспораси вакиллари февраль ойи охирида, санкциялар жорий этилганидан сўнг меҳнат муҳожирларининг ўз ватанларига чиқиб кетиши бошлангани ҳақида маълумот берди. Стратегик тадқиқотлар маркази эса 2022 йил охирига бориб Россия иқтисодиётидаги иш ўринлари сони 2 миллионга қисқариши мумкинлигини прогноз қилди.

Фото: Евгений Разумный / Ведомости

«Пул жўнатиш воситалари анча камайди. Агар илгари улар Western Union тизими ва Сбербанк, ВТБ каби банклардан фойдаланган бўлса, энди Mastercard ва Visa орқали пул ўтказмаларини амалга ошириш мумкин эмас», — деди Москвадаги ўзбек диаспораси вакили, ҳуқуқшунос Баҳром Исмоилов «Ведомости» нашрига. 

Қолаверса, қурилиш материаллари нархи ошиши сабабли қурилиш лойиҳалари ва таъмирлашга буюртмалар сони камайиб бормоқда, аксарият мигрантлар эса айнан шу соҳада иш билан таъминланган эди.

Иқтисодиёт ва бизнеснинг кўплаб тармоқлари маълум даражада хорижий ишчи кучига таянади: қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги, умумий овқатланиш, чакана савдо, етказиб бериш хизматлари, яъни мамлакат ялпи ички маҳсулотининг тахминан 8-10 фоизи, деди «Рокет ворк» бош директори Анастасия Ускова. 

Унинг сўзларига кўра, ишчи кучининг чиқиб кетиши меҳнат унумдорлиги пасайишига, ривожланиш секинлашишига ва фойда йўқолиб кетишига олиб келиши мумкин. У пандемия бошида муҳожирлар оқими секинлашганини эслатди. Шу билан бирга, бўш ўринларни бир зумда россияликлар билан алмаштириш мумкин эмас, дейди Ускова.

«Коммерсантъ»нинг ёзишича, Стратегик тадқиқотлар маркази 2022 йил охиригача Россия иқтисодиётидаги иш ўринлари сони 2 миллионга қисқариши мумкинлигини тахмин қилмоқда, бунинг натижасида мамлакатдаги ишсизлик даражаси ҳозирги 4,4 фоиздан 7,1-7,8 фоизгача ошади.

Узоқ муддатда, таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Россиядаги меҳнат бозори таркибий ўзгаришларга дуч келиши мумкин - автомобилсозлик, металлургия ва қурилишда иш ўринлари сонининг қисқариши билан енгил саноат ва IT-технологиялар соҳасида ходимларга бўлган эҳтиёж ортади. 

«Россия меҳнат бозорининг таркибий ўзгариши рўй берса ҳам, бу хорижий ишчи кучи позициясига таъсир қилиши даргумон. Рублнинг пасайишини ҳисобга олсак ҳам, Россияда меҳнат мигрантининг ўртача маоши ҳозир ўз мамлакатидагидан баландроқ бўлиши мумкин, аммо мигрантлар ўз даромадларини уйга юборишида ҳали муаммоларга дуч келмаган. Хорижий ишчиларнинг чиқиб кетиши на Меҳнат вазирлиги, на Қурилиш вазирлиги томонидан ҳозирча қайд этилмади (меҳнат мигрантлари сони бўйича қурилиш сектори ва савдо етакчилик қилмоқда)», дейилади хабарда. 

Бундан олдин Россия МДҲда пенсиялар бўйича постсовет битимидан чиқишни режалаштираётгани хабар берилганди.

Мавзуга оид