Жамият | 17:55 / 13.01.2020
75152
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда 15 суткага қамалганлар қанақа шароитда сақланади? «Панельний» ҳибсхонасидан видео

Халқ орасида кўпроқ «Панельний» номи билан танилган Тошкентдаги махсус қабулхонага пресс-тур ташкил этилди. Унда ОАВ ходимлари Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига қарашли қабулхонадаги шарт-шароитлар билан таништирилди.

1971 йил барпо қилинган махсус қабулхона 2 марта қайта таъмирланган ва 2019 йилда тўлиқ қайтадан қуриб, фойдаланишга топширилган. Қабулхона маъмурий биноси 2 қаватдан иборат. Суд қарори билан 3 суткадан 15 суткага қамалиши белгиланган ҳуқуқбузарлар 3 қаватли бинода сақланади. Мазкур бино 150 ўринга мўлжалланган. Бугунги кунда турли ҳуқуқбузарликни содир этган 80 нафарга яқин шахс сақланмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, ҳуқуқбузарлар кийим-кечакларини ювишлари учун машина мавжуд. Улар умумий ошхонада 3 маҳал овқатланишлари мумкин. Бироқ ҳожатхоналар қайси меъёрга асосланиб, маҳбуслар дам оладиган, ухлайдиган хона ичкарисига жойлаштирилгани кишида савол уйғотади.

Қабулхона бошлиғи майор Алишер Ҳошимов сўзларига кўра, бу ерда сақланувчилар жиноятчилар эмас, балки ҳуқуқбузарлардир. Шунга мувофиқ, улар маълум бир ҳуқуқларга эга.

Унинг сўзларига кўра, жами сақланаётганлардан 5-6 нафари такрор ҳуқуқбузарлик содир этиб келганлардир. Ҳуқуқбузарлар кун тартибига қатъий риоя қилишади. Шу билан бирга, истаганларга кутубхона китоблари ҳам тақдим этилади.

Бундан ташқари, суд томонидан жарима тўлаш белгиланган бўлса, шартнома қилинган ташкилотларга ишга юборилади. Бу, кўп ҳолларда, туман ободонлаштириш бўлимлари бўлади.

Ҳуқуқбузарлардан бири журналистлар билан суҳбатлашишга рози бўлди. Ўзини Иброҳим Ғофуров деб таништирган фуқаро, алимент квитанцияларини судга тақдим эта олмагани учун 15 суткага қамалганини билдирар экан, махсус қабулхонадаги шароитлар ҳақида ҳам гапирди.

«Мен 2014 йилдан Россияда ишладим. Яқинда қайтиб келгандим. 2 фарзандим бор. Хотинимга 2017 йилгача пул жўнатиб турганман. Суд шуларни ҳам инобатга олмади. Янги йилгача бирга ҳам эдик. Яшайман деётганди. Қўлига 1 млн пул ҳам берувдим. Аммо судья қўнғироқ қилганида пул олмаганини айтди. «Маршрутка» ҳайдаётгандим, ишдан олиб кетишди. Мен охиригача бораман, бу ердан чиққач, адвокат оламан», – дейди у.

Мавзуга оид