Спорт | 10:23 / 09.09.2025
17280
13 дақиқада ўқилади

Италия ва Исроил ўйинида 9 гол, Косовода сенсация. Кун ўйинлари

ЖЧ-2026 саралаши доирасида Европада душанба куни ўтказилган ўйинлар ва гуруҳлардаги вазият.

Фото: Getty Images

I гуруҳи

Ўзига ўхшамаётган Италия

Исроил – Италия 4:5
Голлар:
Локателли (16, автогол), Д. Перец (52, 89), Бастони (87 автогол) – Кин (40, 54), Политано (59), Распадори (81), Тонали (90+1)
Исроил: Д. Перец, Нахмиас, Лемкин (Шломо, 9, Тургеман, 88), Ревиво, Даса (Мизрахи, 66), Д. Перец, Э. Перец, Глух, Соломон, Халаили (Барибо, 66), Битон (Йехезкел, 66)
Италия: Доннарумма, Бастони, Манчини, Димарко (Камбиясо, 79), Ди Лоренцо, Локателли, Тонали, Барелла (Фраттези, 68), Политано (Орсолини, 68), Ретеги (Малдини, 88), Кин (Распадори, 79)

Куннинг марказий баҳси мухлисларнинг ҳафсаласини пир қилмади – Венгриянинг Дебрецен шаҳридаги ўйинда Исроил ва Италия ҳақиқий триллер намойиш этиб беришди. Женнаро Гаттузо бошқарувидаги Италия терма жамоаси «Скуадра адзурра»нинг қандайдир беўхшов версияси бўлиб кўринмоқда. У худди бош мураббийи каби бироз телбавор ўйнамоқда. Бу жамоада дарвозабон жуда қўпол хатога йўл қўйиши, ҳимоячилар икки бор ўз дарвозасини ишғол этиши ҳамда италянларга хос бўлмаган тарзда сўнгги дақиқаларда икки тўп фарқи билан устунликни бой бериши мумкин. Аммо жўшқин ўйини билан мухлисларни бефарқ қолдирмайди.

Исроил ўйин стартида дарвозани ишғол этди. Бурчак зарбаси ижро этилганида Доннарумма тўпга чиқишда хато қилди – тўпни муштлари билан уриб юришга уриниб, амалда тўпни ўз дарвозасига киритиб юборди. Аммо ҳакам баҳсли қарори билан голни бекор қилди, у мезбонлар ҳужумчиси Жанлуиджига қўполлик ишлатган деб топди.

Лекин кўп ўтмай исроилликлар барибир ҳисобни очишди, 16-дақиқада жамоа сардори Даса қанотдан жарима майдонига узатма берди, тўпни эса Локателли ўз жамоаси дарвозасига киритиб юборди. Италянлар шундан кейингина уйғонишди. Локателли ўз айбини ювиши мумкин эди, аммо унинг зарбаси тўсинга борди. Бўлим охирида эса олдинги чизиқдаги Ретеги – Кин тандеми иш берди. Шу ёзда Саудия Арабистонига йўл олган легионер ассистентлик қилди, Мойзе эса жарима майдони ташқарисидан қайтариб бўлмас зарба йўллади.

Иккинчи бўлимда эса яна исроилликлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Соломон Политано ва Локателлидан осонлик билан қочиб кетди ва Дор Перецни голли узатма билан таъминлади. Шу билан бирга, «Скуадра адзурра» кейинги ҳужумдаёқ жавоб қайтарди. Яна Ретеги Кинга ассистентлик қилди. Ўйин охирларига бориб асли Аргентинада туғилган ва маҳаллийлаштирилган Ретеги ассистлар бўйича ҳет-трикка эришди. Аутдан тўп ўйинга киритилгач, ушбу форвард тўп учун курашда рақиб ҳимоячисидан устун келди ва Политанони қулай вазиятга чиқариб юборди.

81-дақиқада Гаттузо шогирдлари олтига қарши тўрт кўринишидаги қарши ҳужумда тўртинчи голни уришди, Фраттези Распадорига нозик узатма берди, ҳужумчи тўпга бир тегинишда дарвозани ишғол этди.

Кейин эса Италия ҳимоячилари ҳунар кўрсатишди ва исроилликлар уч дақиқада икки гол уришди. Бастони Локателлидан қолишишни истамасдан чап қанотдан узатилган кроссдан кейин автогол муаллифига айланди. Кейин эса Исроил айёрлик билан ижро этган жарима зарбаси Перецнинг дубли билан якунланди. Гаттузонинг ҳимоячилари Барибога узатилган узун пасни олдиндан кўра олишмади, у эса марказда ўзини таклиф этган Дорни тўп билан таъминлади. Бу вазиятда уни Тонали қўриқлай олмади. Лекин айнан Сандро қўшимча дақиқаларда антиқаҳрамондан қаҳрамонга айланиб, ғалаба голига муаллифлик қилди  4:5. Италия иккинчи ўрин учун курашда ғолиб чиқди ва ўз тарихида илк бор қаторасига икки ўйинда бештадан гол урди.

 

9 сентябр. Норвегия — Молдова.
11 октябр. Норвегия — Исроил, Эстония — Италия.
14 октябр. Эстония — Молдова, Италия — Исроил.

L гуруҳи

Қаришни истамаётган Модрич

Хорватия – Черногория
Голлар:
Якич, 35 (1:0). Крамарич, 51 (2:0). Куч, 86 автогол (3:0). Перишич, 90+2 (4:0)
Хорватия: Ливакович, Чалета-Цар, Шутало, Станишич, Якич, Модрич (Моро, 82), Сучич (Майер, 70), Крамарич (Батурина, 70), Перишич, Пашалич (Фрук, 61), Иванович (Будимир, 61)
Черногория: Петкович, Савич, Шипчич, Вуячич (Рубежич, 7), Брнович (Куч, 74), Булатович, Цамай (Вукчевич, 60), Роганович, Йоветич (Лончар, 60), Вукотич (Бакич, 46), Крстович
Огоҳлантиришлар: Чалета-Цар, 25 – Булатович, 34. Савич, 43
Четлатиш: Булатович, 42 (иккинчи сариқ)

Болқон дербисида меҳмон бўлган черногорияликларнинг муаммолари геометрик прогрессия тарзида ўсиб борди. 7-дақиқадаёқ Вуячич жароҳат олиб майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Бўлим ўрталаридан ўтганда Якич Модричнинг узатмасидан кейин узоқ масофадан йўллаган зарбаси билан ҳисобни очди, черногорияликлар мудофааси эса пароканда бўлиб кетди. Шунчаликки, ҳатто тажрибали Савич дарвозабонга пас беришга уриниб, ўз дарвозасини ишғол этиб қўйишига бир бахя бўлди, тўп устунга борди. Бу вақтда эса Хорватия босимни кучайтиришда давом этди ва бунда 40 ёшли Модрич муҳим рол ўйнади. Златко Далич сентябрдаги биринчи ўйинда сардорга дам берган ва кучга тўла ҳолда майдонга тушган футболчига ёш футболчилар ета олмай қолишди. Бўлим охирида айнан Лука жарима майдонига ёриб кирганида Булатович унга қўполлик ишлатди ва иккинчи сариқ карточкани олиб, майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Бир киши кўп бўлиб қолган «шашкачилар» иккинчи бўлимда ҳисобни йирик кўринишга келтиришди. Чехларга қараганда битта кам ўйин ўтказганига қарамай, Хорватия тўрт ўйиннинг барчасида ғалаба қозониб (тўплар нисбати 17-1), биринчи ўринга кўтарилиб олди.

Гибралтар – Фарер ороллари
Гол:
Агнарссон, 68 (0:1)
Гибралтар: Бэнда, Макклафферти, Лопеш, Валарино (Мауро, 83), олли, Ториля (Борг, 75), Ричардс, Позо (Л. Скэнлон, 83), Де Барр, Дел Рио (Ал-Ҳамиди, 70), Д. Скэнлон (Жессоп, 83)
Фарер ороллари: Ламхауге, Ватнхамар, А. Эдмундссон, Чуквуди, Тури (Андреасен, 73), Хендрикссон Олсен, Агнарссон, Беняминсен (Даниэлсен, 59), Бярталид (Серенсен, 59), Фредериксберг (Олсен, 86), Клеттскар (Й. Эдмундссон, 59)
Огоҳлантиришлар: Ториля, 18. Позо, 61. Ричардс, 77 – Ламхауге, 90

Аутсайдерлар дуэтида биринчи бўлимда ҳисоб очилмади. Фарер ороллари жамоаси устунлик қилди, аммо Гибралтар анча вақтгача бардош бериб турди. Иккинчи бўлимда жамоалар очиқ футбол намойиш этишга ўтишди, мезбонлар ҳам қизиқарли ҳужумлар уюштиришди, аммо 68-дақиқада барибир гол ўтказиб юборишди. Агнарссон қайтган тўпни дарвозага киритиб юборди. Бу эпизод офсайд ҳолати бор-йўқлигига текширилди, якунда ҳакамлар гибралтарликларни ранжитадиган қарор чиқарди.

Бу гол ўйинда ягоналигини сақлаб қолди. Фарер ороллари кутилмаганда гуруҳ жадвалида учинчи ўринга чиқиб олди – Гибралтарга қарши икки ўйинда ҳам ғалаба қозонган оролликларда олти очко бор.

9 октябр. Чехия — Хорватия, Фарер ороллари — Черногория.
12 октябр. Фарер ороллари — Чехия, Хорватия — Гибралтар.

C гуруҳи

Қўшҳокимлик

Греция – Дания 0:3
Голлар:
Дамсгор, 32 (0:1). А. Кристенсен, 62 (0:2). Ҳойлунд, 81 (0:3)
Греция: Тзолакис, Кулиеракис, Мавропанос, Цимикас, Ваяннидис, Курбелис (Сиопис, 64), Зафейрис (Иоаннидис, 75), Константелиас (Масурас, 46), Тзолис (Пелкас, 83), Карецас (Бакасетас, 46), Павлидис
Дания: Шмейҳел, Андерсен, А. Кристенсен, Меле (Гренбек, 90), Р. Кристенсен, Юлманн, Фроҳолдт (Брун Ларсен, 82), Ҳейберг, Дамсгор (О`Райли, 83), Сков Олсен (Доргу, 63), Биерет (Ҳойлунд, 63)
Огоҳлантиришлар: Кулиеракис, 45 – Меле, 68

Греклар Данияга қарши ўйинни анча тетик бошлади, аммо уларнинг ҳаракатлари ҳақиқий голли вазият яратишга эмас, агрессив ўйнашга қаратилганди. Меҳмонлар эса кутишди ва мезбонлар чарчаганида ташаббусни қўлга олишди ва ўйиннинг ярим соати ортда қолганида ҳисобни очишди. Ўтган турда шотландлар мудофаасига чора топа олмаган Дания ҳужумчилари Грециядаги ўйинда бутунлай бошқача ҳаракат қилишди. Дамсгор рақиб жарима майдонида Курбелисга босим уюштириб, тўпни олиб қўйди ва қайтариб бўлмас зарба йўллади.

Иккинчи бўлимда греклар янада бўшашди ва икки гол ўтказиб юборди.«Барселона» ҳимоячиси Андреас Кристенсен майдон марказидан рейд бошлаб, тўп билан 30 метрдан ошиқ масофани босиб ўтди ва жарима майдони марказида ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан, аниқ зарба берди. Захирадан тушган Ҳойлунд эса ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Учинчи гол урилган ҳужумни тўхтатишга уринган дарвозабон Цолакис жарима майдонини ташлаб чиқди, Доргу эса уни алдаб ўтиб бўш дарвоза сари зарба йўллади. Аммо тўп бўш дарвозага кирмади ва устундан қайтди. Шу ёзда «Манчестер Юнайтед»дан кетган ҳужумчи эса барибир тўпни дарвозага киритди.

Беларус – Шотландия 0:2
Голлар:
Адамс, 43 (0:1). Волков, 65 - автогол (0:2)
Беларус: Лапоухов, Забелин, Пархоменко, Волков (Демченко, 71), Печенин (Малкевич, 72), Карпович (Пигас, 46), Калинин, Эбонг, Мякиш (Громико, 65), Малашевич (Мелниченко, 46), Барковский
Шотландия: Ганн, Суттар, Маккенна, Робертсон, Жонстон (Ҳики, 74), Гилмор (Маклин, 83), Фергюсон, Макгинн, Мактоминай (Миллер, 90), Адамс (Дайкс, 83), Доук (Кристи, 74)
Огоҳлантиришлар: Калинин, 51. Мелниченко, 90 – Доук, 51

Шотландия ҳам сафар ўйинида осон ғалабага эришди. Стартдаги йирик мағлубиятдан (Грецияга 1:5) кейин таркибда тотал қайта қуришни амалга оширган беларуслар фақат биринчи бўлим охирларига қадар дарвозаси дахлсизлигини сақлаб туролди. 42-дақиқада эса меҳмонлар классик британча ҳужум уюштиришди, Мактоминай тўпни олис устун олдида очилган Адамсга ташлаб берди ва у йиқила туриб тўпни дарвозага киритиб юборди. Иккинчи бўлимда эса Волков Гилморнинг Мактоминай йўналишидаги пасини тўхтатишга уриниб, ўз дарвозасини ишғол этиб қўйганида ўйин тақдири амалда ҳал бўлди. Тўплар нисбати бўйича Данияга етиб олиш учун шотландларга яна битта гол етмай қолди. Адамс бунга яқин эди, аммо у дарвозабонни алдаб ўтиб зарба берганида ҳимоячи дарвоза чизиғи устида тўпни тўхтатиб қолди.

9 октябр. Беларус — Дания, Шотландия — Греция.
12 октябр. Шотландия — Беларус, Дания — Греция.

В гуруҳи

Швейцарча барқарорлик

Швейцария – Словения 3:0
Голлар:
Элведи, 18 (1:0). Эмболо, 33 (2:0). Ндой, 38 (3:0)
Швейцария: Кобел, Элведи, Аканжи, Родригес, Видмер (Шмидт, 62), Ридер (Манзамби, 62), Жака, Фройлер, Варгас (Эбишер, 62), Ндой (Зом, 90), Эмболо (Закария, 78)
Словения: Облак, Бийол, Дркушич, Янжа, Карничник (Брекало, 86), Элшник (Светлин, 61), Гнезда Черин, Ловрич (Петрович, 21), Стоянович (Штурм, 61), Шешко, Випотник (Сешлар, 86)
Огоҳлантиришлар: Карничник, 66. Петрович, 70

Бу квартетда фақат Швейцария барқарорлик намойиш этмоқда. Мурат Яқин жамоаси Косово ортидан нисбатан мустаҳкамроқ саналган Словения мудофаасини ҳам бузиб ташлади ва ўйин тақдирини биринчи бўлимдаёқ ҳал қилди. Аввалига Швейцария бурчак зарбаларидан икки гол урди. Элведи ва Эмболо иккинчи қаватдан зарба бериб, дарвозани ишғол этишди. Танаффус арафасида эса мезбонлар позицион ҳужум уюштириб, ўнг қанотдан рақиб ҳимоясини ёриб ўтишди, Ндой Фройлернинг узатмасига барчадан олдин етиб бориб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

Косово – Швеция 2:0
Голлар:
Режбечай, 26 (1:0). Мурики, 42 (2:0)
Косово: Мурич, Алити, Деллова, Галлапени, Красничи, Режбечай (Эмерлаҳу, 85), Авдуллаҳу, Муслия (Хўжа, 90+2), Войвода, Ррахмани (Яшари, 59), Мурики (Асллани, 59)
Швеция: Улсен, Ҳин, Гудмундссон, Экдал (Крафт, 66), Салетрос, Айяри, Ларссон (Сема, 46), Свенссон (Нанаси, 46), Бернҳардссон (Нюгрен, 62), Эланга (Исак, 72), Йокереш
Огоҳлантиришлар: Алити, 81. Мурич, 81. Эмерлаҳу, 86. Яшари, 90 – Бернҳардссон, 47. Исак, 81. Крафт, 83
Четлатиш: Эмерлаҳу, 90 (иккинчи сариқ).

Косоволиклар ўз майдонидаги ўйиннинг биринчи бўлимида шведларни ажаблантира олишди. Меҳмонлар босим уюштиришди, мезбонлар эса уларни қарши ҳужумларда жазолашди. Йокереш ўта қулай имкониятни йўққа чиқарганидан кейин уюштирилган ҳужумда Режбечай иккинчи уринишда Улсенни доғда қолдирди. Танаффус арафасида эса косоварлар «иккига бир» кўринишидаги қарши ҳужумда ҳисобни 2:0 кўринишига келтиришди. Бу ҳужумда тажрибали Мурики ўзини кўрсатди. Ҳужумчи охиригача курашиб тўпни жамоада сақлаб қолди ва ўзи ҳужумни якунлаб, жарима майдони ташқарисидан кучли зарба йўллади.

Иккинчи бўлимда Косово ҳисобни сақлаш учун ўйнади. Эмерлаҳу ўйин охирида майдондан четлатилгани ҳам ўйинга таъсир кўрсатмади. Шведларни эса захирадан туширилган Исак ҳам қутқара олмади.

10 октябр. Косово — Словения, Швеция — Швейцария.
13 октябр. Словения — Швейцария, Швеция — Косово.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид